Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:56

Воҳид Гунеш: Ўзбекистонда жиддий зулм бор!


Туркиялик тадбиркор Воҳид Гунеш.
Туркиялик тадбиркор Воҳид Гунеш.

Ўзбекистонда 8 йил бизнес юритган ва сўнггида 9 ой ҳибсда сақланган "Туркуаз" ширкати раҳбари ўз кечмишларидан дунёни огоҳ этишга бел боғлади.

9 ярим ойлик ҳибсдан сўнг "Туркуаз" раҳбари юртига қайтди

46 ёшли тадбиркор, ўз вақтида Ўзбекистонда "Гунеш Текстил" ширкатини очиб, 7 йил ичида даромадини 60 миллион долларлик бизнесга айлантирган Воҳид Гунеш бугун дунё жамоатчилигини бу давлатдаги ҳақсизлик ва зулмдан огоҳ этишга бел боғлаганини айтмоқда.

Воҳид Гунеш етакчилик қилган ва кейинчалик Ўзбекистонда "Туркуаз" номли йирик хорижий савдо тармоғига айланган ширкат иқтисодий ва сиёсий жиноятлар, жумладан солиқдан бўйин товлаш ва божхонага оид қонунчиликни бузганликда айбланиб, 2011 йилда ёпилган эди.

Ширкат раҳбарияти 40 га яқин қонунбузарлик билан боғлиқ айблов қўйилган ва Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси томонидан тафтиш қилинганда 5 млрд. сўмлик моли мусодара қилингани расман маълум қилинган эди.

Чорсу савдо марказидаги "маски-шоу"

Илк тафтиш Божхона ва Солиқ қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги махсус отряди билан бирга 2 март куни "Туркуаз" ширкатининг Тошкент шаҳри марказидаги "Чорсу савдо маркази" — собиқ ГУМдаги биносида ўтказилган эди.

Ўша куни кутилмаганда савдо мажмуасига бостириб кирган қора ниқобдаги махсус гуруҳ ҳибсга олган ўнлаб одам ичида Воҳид Гунеш ҳам бор эди.

2 март куни ўз ходимлари билан бирга Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Юнусобод тумани ҳибсхонасига олиб кетилган Гунеш 2012 йилнинг январига қадар у ерда сақлангани ва 27 январ куни Туркияга депортация қилинганини айтмоқда.

9 ярим ойлик ҳибс

Гунешга кўра, 9 ярим ойлик ҳибсда унга, у билан бирга ҳибсга олинган 40 ёшли укаси Фикрет Гунеш ҳамда яна 3 нафар туркиялик ишчига нисбатан оғир қийноқлар қўлланган.

"Калтаклаш - бу қийноқларнинг энг жўни эди", дея бугун матбуотга сўзламоқда Воҳид Гунеш.

- Ўтган йилнинг 2 мартида бизни ҳибсга олишди ва 2012 йилнинг 27 январида озод бўлиб, депорт этилдик. Туркияга келдик.

Озодлик: Ҳибсдан қандай озод бўлдингиз?

- Қандай қутулдим... Биласиз энди Ўзбекистонни. МХХнинг Юнусободдаги ҳибсхонасида 5 киши сақландик. Охири биздан 700 минг доллар пора талаб қилишди. "Акс ҳолда укангни, оилангни яна бир карра кўра олмайсан", деб таҳдид қилишди. Кейин Туркиядаги акам буларга 700 минг доллар порани келтирди. Ишимизни судга оширишди. Суддан кейин депортация қилиниб, Туркияга келдик. Шу шаклда жонимизни қутқардик.

Озодлик: Сизга ва ширкатингизга айблов эълон қилинган вақтда Ўзбекистондаги бизнесингиз миқдори қанчага етган эди?

- Биласиз, Тошкентда ГУМда катта савдо марказимиз бор эди. Уни бутун мол-мулки билан мусодара қилдилар. Максим Горкий метро бекати ёнида яна битта кийим-кечак ва озиқ-овқат сотадиган дўконимиз бор эди. Самарқанд шаҳрида эски ЦУМ дейишарди, шу бинода ҳам кийим-кечак сотадиган дўконимиз бор эди, уни ҳам мусодара қилишди. Олмалиқ шаҳрида эса савдо маркази бўладиган бир дўконда иш бошлаётган эдик, уни ҳам олишди. Бундан ташқари, яна бир неча дўкон ва сармоя киритган бизнесимиз бор эди. Буларнинг ҳаммаси тортиб олинди ва биз қўлимизда паспортимиз билан қуп-қуруқ қайтиб чиқдик Ўзбекистондан.

Озодлик: Қанча зарар кўрдингиз?

- Тўғриси, мен бу ўринда конкрет сумма ҳақида эмас, балки бизга бир инсон, хорижлик бир тадбиркор ўлароқ қилинган ҳақсизлик ҳақида гапиришни истар эдим.

Озодлик: Аммо сиз жуда катта бизнесменсиз ва сиздан мусодара қилинган мулкнинг суммасини қарийб 60 миллион доллар, деб ёзишди. Шу тўғрими?

- Ҳа, шунақа дейиш мумкин. Лекин айтмоқчи бўлганим буни фақатгина "Туркуаз"га қарши қилинган бир ҳақсизлик, деб қабул қилиш керак эмас. Ўзбекистонда жуда жиддий зулм бор. 2 март куни бизни ва бизнес ҳамкорларимизнинг мол-мулкларини талон-тарож қилишди, ўзимизни калтаклашди ва ҳибсда ҳам қаттиқ қийноқларга солишди. Асосий масала мана шу зулмда, менимча,- дейди туркиялик ишбилармон Воҳид Гунеш.

МХХ ҳибсхонасидаги қийноқ

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани ҳибсхонасида 9 ярим ой сақланган Воҳид Гунеш ўзи ва шерикларига нисбатан оғир қийноқлар қўлланилганини иддао қилмоқда.

Озодлик: Гунешбей, сизга нисбатан ҳам қийноқ қўлланилдими, сизни ҳам калтаклашдими?

- Нафақат мени, балки мен билан ҳибсга олинган 4 кишини ҳам калтакладилар. Ҳам иш жойимизда, ҳам ҳибсхонада. Кошки фақат калтаклашса эди. Мен сизга айтишим мумкин, биз билан бирга ҳибс қилинган 23 ёшли Ҳайретдин Ўнер, деган қардошимиз бор. Ҳибсдан чиққанимизга 4 ой бўлган бўлса, ҳали ҳам даволанаяпти. Ҳанузгача ошқозон-ичаклари оғир хаста, шифохонада оғир аҳволда қолмоқда. Бундан ташқари, унинг руҳий ҳолати жуда абгор ҳолатга тушган. Хуллас, жуда бир оғир исканжада яшадик биз.

Озодлик: Гунешбей, "Туркуаз" ширкатига нисбатан конкрет қандай айбловлар қўйилди?

- Биз нафақат иқтисодий жиноятлар, балки сиёсий жиноятларда ҳам айбландик. Яъни, ўша босқин куни бу талончиликни телевидение ҳам суратга олган эди. Кўргандирсиз, унда савдо марказида намозхоналар борлиги, диний китоблар борлиги, Мустафо Камол Ота туркнинг сурати чиққани, Қуръони карим чиққани айтилди ва булар катта айбдек талқин қилинди. Гўёки, биз диний даъватлар билан шуғулланганмиз. Орадан 8 кун ўтиб эса, божхона хизмати бизнинг молларимизда камчилик топди ва жами 142 минг сўмлик жарима солди. Биз бу жаримани ўтайлик, дедик. Аммо, улар кўнмади ва бизни ҳибсда қолдиришди. Хуллас, ҳозир бизга қўйилган айбловларнинг ҳаммасини аниқ айтиб беролмайман. Аммо, буларнинг ҳаммаси асоссиз айбловлар эди.

Озодлик: У ҳолда ўзингизни бирор бир шаклда ҳимоя қилишга уриндингизми?

- Биз бутун мол-мулкимизни шундоққина бердик уларга. Кейин улар бизга гўёки яхшилик қилишди ва 700 минг доллар пулимизни пора ўлароқ олиб, бунга раҳмат дедириб, гўёки жонимизни қутқаришди, юртимизга қайтаришди. Ҳимоя қилиш имкони ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Хўп бизни қўя туринг, аслида мен сизга у ердаги ўта қўрқинчли бир вазиятни айтмоқчиман. У ерда биз зулм остида ўлган одамларни кўрдик. Қўллари, бошлари пачоқланган, танаси парчаланган одамларни кўрдик. У Юнусободдаги ҳибсхонада одамлар на адвокати, на оиласи билан кўриша олади. У ерда жиддий зулм бор, буни дунёга эшиттириш керак.

Озодлик: У ерда қийноқ кўп қўлланиладими?

- Жуда кўп, кўп. Фақат калтаклаш эмас. Жуда оғир қийноқ бор у ерда. Электр токи билан қийноққа солишади тутуқунларни. Турли қийноқлар борки, агар фақат уриш бўлса, рози бўлардингиз. Уриш унақа оғир қийноқ эмас аслида.

Озодлик: Ҳозир Ўзбекистон ҳибсхонасида сизнинг юртдошлардан яна кимлардир борми?

- Аниқ неча киши эканини билмайман. Лекин, тахминан, 15 киши борлигидан хабарим бор. Улар ҳануз ҳибсда.





60 миллион долларлик ҳақни ундириш нияти

Қийноқлар остида кечган сўнгги 9 ярим ой ва бунга қадар кечган 7 йиллик бизнес фаолиятидан сўнг Ўзбекистондан қуп-қуруқ чиқариб юборилган турк тадбиркори ўзининг улкан ҳақсизликка учраганини иддао қилиб, маҳкамага мурожаат қилди.

У 60 миллион долларлик ҳаққини ундириш ва унга нисбатан қилинган қийноқларга масъул шахсларнинг жавобгарликка тортилишига эришиш ниятида эканини айтмоқда.

Аммо, айни пайтда Воҳид Гунеш Ўзбекистондаги бизнес фаолиятига доир тафсилотлар ва унга қўйилган айбловлар бобида очиқ сўзлашдан тийилиб турибди.

У ҳуқуқ-тартибот идоралари ва куч ишлатар тузилмалар томонидан жиноятда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан қўлланиладиган куч ва қийноқларга кўпроқ эътибор қаратишни мақсад қилганини айтмоқда.

- Сизга шундай айтай мақсадимни: сукут сақлаш билан ҳеч ерга ета олмаймиз. Бундай ҳақсизлик ва зулмни кўрган инсон ўлароқ биз сукут сақламаслигимиз керак. Биз ўзимизга ва бошқа инсонларга бўлган зулм ҳақида гапиришимиз керакки, бу улкан зулмни дунё эшитсин, билсин! Мол-мулкимга келадиган бўлсак, мен Туркияда маҳкамага мурожаат қилдим. Иш бошланди ва ўз ҳаққимни ундириш учун охирига қадар ҳаракат қилиш ниятидаман. Ишончим комилки, бу ҳақсизлик ва зулм жавобсиз қолмаслиги керак! - дейди туркиялик 46 ёшли тадбиркор, Ўзбекистонда мулки тўла мусодара қилинган "Туркуаз" ширкатининг эгаси Воҳид Гунеш.

"Туркуаз" ширкати Ўзбекистонга илк бор 2004 йилда "Гунеш Текстил" номи остида сармоя киритган эди.

Воҳид Гунеш ёлғиз эмас


Тошкент шаҳри, кейинчалик эса Тошкент вилояти ва Самарқанд вилоятларида катта савдо марказлари очилди ва бу марказларда ишлаётган ходимлар сони 2011 йилга келиб 1 ярим минг кишидан ошган эди.

Асосан, кийим-кечак, рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган улкан савдо тизими бўлган Воҳид Гунеш бизнеси 7 йил ичида 60 миллион долларлик бизнесга айланган ҳамда Ўзбекистондаги йирик хорижий савдо тармоғига айланган эди.

2011 йилнинг 2 мартида бу тармоқ орасида энг йириги бўлган Тошкент шаҳридаги "Туркуаз" савдо мажмуига қилинган қора ниқоблилар рейди турк матбуотида ҳам кенг ёритилган ва хусусан, "Haber" агентлиги қора ниқоблилар сони 500 дан ортиқ экани ҳақида ёзган эди.

Ўзбекистон томони бу бизнес ортида талай қонунбузарликлар, хусусан, солиқдан бўйин товлаш, божхона тартибини бузиш ҳамда таъқиқланган диний-сиёсий даъват билан шуғулланганлик каби қонунбузарликлар аниқланганини иддао қилган.

Воҳид Гунеш эса бу айбловларнинг ҳаммасини асоссиз, деб айтмоқда.

Айни пайтда ўта коррупцион давлат экани халқаро миқёсда бир неча йиллардан буён таъкидланиб келаётган Ўзбекистонда хорижлик сармоядорлар маҳаллий амалдорлар билан ноқонуний муносабатларга киришиш зарурати остида қолиши ҳам эътироф этиб келинади.

Турк матбуотида берилган сўнгги хабарларга кўра, шу тариқа бор будидан айрилиб, бунинг устига хаста бир ҳолда Туркияга қайтарилган тадбиркор, ўз ҳаққи учун кураш бошлаганини айтган Воҳид Гунешни Ўзбекистонда ҳақсизликка учраган бошқа йирик турк тадбиркорлари ҳам қувватлаш ниятини билдирган.
XS
SM
MD
LG