Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:43

Ўзбекистонда ажраш нархи "қимматлади"


1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда ажралиш пайти тўланадиган давлат божи 10 фоизга оширилди.


“Мустаҳкам оила йили”да ажралиш “қиммат” бўлади


Тошкентдаги Чилонзор туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи (ФҲДЁ) бўлими ходимасига кўра, жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб қонунда белгиланган давлат божи миқдори 10 фоизга қимматлади.

- Давлат божи энг кам иш ҳақининг 150 фоиз миқдорида белгиланган бўлиб, 94 минг 380 сўм бўлди. Бундан ташқари гувоҳномалар учун герб йиғими учун 12584 сўм тўланади. Лекин суд харажатлари бунга киритилмаган, деди ФҲДЁ ходимаси.

Айни пайтда Uzmetronom.com Интернет газетаси “Мустаҳкам оила йили”да ажралиш “харажатлари” 1 миллиону 260 минг сўм ёки тахминан 700 АҚШ доллари миқдорида бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Адлия ходимлари ажралиш нархининг бу қадар ошганини тасдиқламаётган бўлса, кузатувчилар Ўзбекистон шароитида ажралиш “харажатлари”нинг бу миқдорга чиқиши эҳтимолдан узоқ эмаслигини айтмоқда.

Тошкент маҳаллаларидан бирининг ўзини таништирмаган раисига кўра, аксар жуфтликлар иқтисодий сарф-харажатдан қочиб ҳам ажралиш фикридан қайтиши мумкин.

Суҳбатдош микрофонсиз суҳбатда ўз фаолиятида бу каби ҳолатларга дуч келганини яширмади.

“Агар ажрашиш ЗАГСда эмас, судда кўриладиган бўлса, ариза топширишнинг ўзи учун 30 минг сўмга яқин тўланади. Кейин суд билан боғлиқ барча харажатларни тўлаш лозим бўлади. Кўпчилик бу пулни тўлашдан қочиб, ажрашиш фикридан қайтган пайтлар кўп бўлади”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган тошкентлик маҳалла раиси.


“Яраштирув комиссияси” ажралишларни камайтирмоқда


Расмий статистикага кўра¸ Ўзбекистонда расмий никоҳдан ўтиш кўпаймоқда¸ ажралишлар эса камаймоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондаги ФҲДЁ органлари 113 минг 600 жуфтликни никоҳдан ўтказган бўлса¸ йил давомида 9 минг оила ажрашган ва бу рақам 2010 йилнинг шу даврига нисбатан анча кам.

Расмийларга кўра¸ маҳалла қўмиталари таркибида ташкил қилинган “Яраштирув комиссиялари" саъй-ҳаракати боис ажралишлар сони камайган.

Тошкент шаҳридаги Гурунч ариқ маҳалласи раиси Мирвоҳид акага кўра, маҳаллада кейинги саккиз йил давомида фақат битта ажралиш ҳолати қайд қилинган.

- Мана ҳозир 8 йилдан бери ишлаëтган бўлсам, менинг маҳалламда ажрим бўлмаган. Битта бўлди, у ҳам бахтсиз воқеа туфайли. Эри наркоман бўлиб қолиб ажрашишга тўғри келиб қолди. У ҳам 2006 йилда бўлган. Бу давргача ҳали¸ Худога шукур¸ бизларда ажрим бўлмаган. Бизларда яраштириш комиссияси қаттиқ ишлайди. Мана уч йил ичида битта ариза тушди. Бизлар оиласини ўрганиб чиқиб, оилавий шароитининг ҳаммасини тушуниб, битта қайнона сабабчи бўлаëтганини нима қилиб туриб ўртага олиб суҳбатлашиб, яраштириб юбордик ëшларни, дейди Мирвоҳид ака.

Тошкентдаги Чилонзор туман ФҲДЁ бўлими ходимасига кўра, ажралиш масалаларида адлия органларидан кўра, маҳаллаларнинг роли катта бўлаяпти.

- Маҳалла "Яраштирув комиссияси"нинг актини оламиз қўшимча ҳужжат сифатида. Бу оиланинг фарзанди бор-йўқлигини ëки мол-мулк даъвоси йўқлигини билмаймиз. Улар оғзаки йўқ¸ деб айтгани билан фарзанди бўлган ҳолатлар ҳам учраб туради. Шунақада қайтарамиз бизлар. Маҳалла яхшироқ билади буларнинг оилавий шароитини. Шунга қўшимча сифатида сўраймиз актни. Бу ерга келгунча ярашиб кетадиган ҳолатлар учун ҳам маҳалла олдин кўриб чиқсин, ажралишларнинг олдини олиш мақсадида олдин маҳаллага жўнатамиз. Яъни ажралиш учун биринчи маҳаллага мурожаат қилишади. Маҳалла как жамоатчилик асосида кўриб чиқади. Ҳозир кўп нарсани маҳалланинг ваколатига юклашаяптику. Ажралишларни ҳам уларга озгина қўшиб беришган. "Яраштирув комиссиялари" тузилган уларда, дейди ФДҲЁ ходимаси.


Ўзбек оилаларидаги ажралишлар сабаблари


Тошкентдаги Бешкапа маҳалласи фаоли Мансуржон акага кўра, ўзбек оилаларидаги ажралишларга аксар ҳолатларда ижтимоий муаммолар сабаб бўлади.

- Масалан¸ қайсидир биттасида 5-6 йил яшайди, лекин бола бўлмади яъни фарзандсизлик, қайсидир биттасида қайнонаси билан чиқишмади, қайсидир биттасида қайнотаси билан чиқишмади. Ўзаро муносабатлар келишмовчилиги каби сабаблар. Бунга нафақат Бешкапа балки барча маҳаллалардаги ажралишларнинг сабаблари сифатида қараш мумкин, деди Бешкапа маҳалласи фаоли Мансуржон ака.

Юнусободдаги ФҲДЁ бўлими ходимасига кўра, кейинги пайтларда хорижга ишлашга кетиб, қайтиб келмаётган меҳнат муҳожирларининг оилаларида ҳам ажралиш ҳолатлари кўпаймоқда.

- Россияга кетиб қайтиб келмаётган оилалар бор. Шу оилаларда эри кетиб қайтиб келмаган бўлса, хотини ажралиш учун судга ариза топшираяпти. Кейинги пайтда бу ҳолатлар ҳам пайдо бўлди, деди ФҲДЁ ходимаси.

Ўзбекистон “Оила” кодексининг “Никоҳнинг тугатилиши” бўлимида қайд қилинишича, агар “содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъий назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра¸ улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади”.

Озодлик суҳбатлашган ФҲДЁ бўлимлари ходимлари қамоқдаги эри билан ажрашаётган аёллар ҳам анчагина эканлигини қайд қилишди.

“Ажралиш осон эмас¸ қийин”


Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларига кўра, ажралмоқчи бўлган оила дастлаб ўзи яшаётган маҳалла қўмиталарига ариза топширади.

Маҳалла қўмиталаридан олинган маълумотга кўра, ариза топширилгач эр-хотинга уч ойлик муддат берилади.

Бу муддат мобайнида “Яраштирув комиссиялари” ариза топширган оила билан махсус шуғулланади.

Агар улар эр-хотинни яраштира олмаса, ариза ФДҲЁ бўлимларига ёки судга оширилади.
XS
SM
MD
LG