Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:36

"Буни ютуқ деб бўлмайди"


Ҳюман райтс уотчнинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов мамлакатда фаолият юритиш имконига эга эмас.
Ҳюман райтс уотчнинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов мамлакатда фаолият юритиш имконига эга эмас.

Ҳюман Райтс Уотч эълон қилган ҳисоботда, ўтган тўрт йил давомида Ўзбекистонда маҳбусларни қийноққа солиш ҳолатлари кўпайгани, адвокатлар мустақиллиги йўқ қилингани, Ғарб давлатлари эса мамлакатдаги абгор вазият кўз юмиб келаётгани қайд этилган. Ҳисоботга кўра, қийноқларнинг олдини олиш учун жорий қилинган Хабеас корпус тизими қоғоздагина қолиб келмоқда.


Ҳисобот муаллифи, Ҳюман райтс уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимида қораловчи томон ҳал этувчи куч бўлиб қолмоқда.

- Судларга фуқароларни том маънода ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилмади. Адвокатлар маҳбус сақланадиган милиция бўлимларига тўсиқсиз кириш имкониятига эга эмас. Шу маънода маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш ҳолатлари бартараф этилмаган, дейди Стив Свердлов.

Унинг айтишича, Европа делегациялари ҳар гал Ўзбекистонга сафар қилганларида мамлакатда Ҳабеас корпуснинг жорий этилганини олқишлайди, аммо реал муаммоларга кўз юмади.

- Вазият ёмонлашган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатларнинг оғзи ёпилган. Руҳиддин Комилов, Рустам Тўлаганов каби обрўли ва ҳақиқатни айтиб келган адвокатлар фаолияти тақиқланди, дейди Стив Свердлов.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ғарбнинг Ўзбекистондаги вазиятга кўз юмаётганига, хусусан, сўнги бир йил давомида НАТОнинг Афғонистондаги операцияларида Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган Шимолий таъминот тармоғи ролининг ошаётгани сабаб бўлганини айтиб келади.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланмаётганини тан олаётган бир пайтда, 2011 йил сентябр ойида АҚШ Конгресси миллий хавфсизлик манфаатларидан келиб чиқиб Ўзбекистонга қурол-яроқ сотиш тақиқини бекор қилди, дея давом этади Ҳюман Райтс Уотч вакили.

- Инсон ҳуқуқлари борасида позициянинг юмшагани, асосий эътиборнинг ҳарбий ҳамкорликка қаратилгани Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятни, ҳуқуқ ҳимоячилари ва маҳбусларни таҳдид остида қолдирди, дейди Свердлов.

Ўтган йил давомида камида беш нафар сиёсий маҳбуснинг озод этилганини олқишлаган ҲРУ вакили, айни пайтда бу ҳолатни ғалаба деб қабул қилмаслик лозим, дея давом этади.

- Журналист Жамшид Каримов шу қадар қўрқитилганки, озод қилинганидан кейин у жамоатчиликдан узилди.

Ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитов фаолиятини давом эттиришга қодир бўлмаган аҳволда, соғлиғини бутунлай йўқотиб бўлганидан кейин озод қилинганини ғалаба деб айтиб бўлмайди.

Санжар Умаров, Юсуф Жумалар озод қилиниши биланоқ мамлакатдан чиқариб юборилди. Айрим одамлар озод бўлаётганига қарамасдан бу ҳолатларни ютуқ деб айтишимиз қийин.

Менимча, халқаро жамоатчилик Ўзбекистонда сақланиб қолаётган абгор вазиятга шу қадар кўникиб қолганки, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилинадиган ҳар қандай кичик ишораларни қабул қилишга тайёр бўлиб қолишган, дейди Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботи муаллифи Стив Свердлов.
XS
SM
MD
LG