Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:01

Каримовни танқид қилган собиқ депутат ҳибсга олинди


Собиқ депутат Каримов буйруғига кўра ҳибсга олинган бўлиши мумкин.
Собиқ депутат Каримов буйруғига кўра ҳибсга олинган бўлиши мумкин.

Бундан 20 йил муқаддам Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида президент Каримовни кескин танқид қилган собиқ депутат Шуҳрат Нусратов ўтган ҳафтанинг охрида ҳибсга олинган.


Собиқ иттифоқ даврида Тошкент шаҳридаги Куйбишев тумани партия комитетининг биринчи котиби лавозимида ишлаган Шуҳрат Нусратовнинг қайси айбловлар билан қамоққа олингани ҳозирча маълум эмас.

Норасмий манбаларга кўра, Шуҳрат Нусратов сиёсатдан узоқлашганидан сўнг тадбиркорлик билан шуғулланган. Унинг ҳибсга олинишига бизнесидаги фаолияти ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Шуҳрат Нусратов Куйбишев туман партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган пайтда у билан бирга ишлаган ва уни яқиндан билган манбанинг Озодликка айтишича, собиқ депутатнинг қамоққа олинишига президент Каримовнинг унга нисбатан сақлаган кин-адовати ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.

- Хорижий радиоларда ва интернет сайтларида мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан бундан 20 йил аввал бўлиб ўтган воқеалар кенг ёритилди. Жумладан Шуҳрат Нусратовнинг 1991 йил Ўзбекистон Олий Кенгашининг 11-чақириқ навбатдан ташқари 7-сессиясида президент Каримовнинг диктатурасига қарши айтган гаплари ҳам берилди. Назаримда бу гаплар президентга етиб борган бўлса керак ва унинг эски адовати қўзғаб, бу ҳали ҳам тирик юрибдими, деб бу хабарни етказганларга столни муштлаб гапирган бўлса керак,- дейди исми сир сақланишини сўраган манба.

Суҳбатдошимизга кўра, ўша йилларда Шуҳрат Нусратов Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси Шукрулло Мирсаидов командасида бўлган.

Шуҳрат Нусратов 1991 йилда Ўзбекистон Олий Кенгашининг 7-сессиясида Миллий хавфсизлик хизматини шахсан президентга бўйсундириш ҳақидаги Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилиш тўғрисида” ги фармонига қарши гапирган эди:

- Биринчиси - Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 сентябр кунги “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилиш тўғрисида”ги фармони¸ хусусан бу хизматни Олий кенгашни четлаб ўтиб, шахсан президентга бўйсундириш ҳақидаги қисмини халққа қарши, демократияга қарши¸ конституцияга қарши¸ диктатурага элтувчи фармон сифатида бекор қилиш. Бу фармонннинг иккинчи моддасини ўқиб бераман: “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил этилсин ва унинг фаолияти президентга бўйсундирилсин”. Бунақа қоида дунëнинг бирор демократик давлатида йўқ¸ ҳатто дунëнинг бирор тоталитар ва бирор диктатор мамлакатида ҳам хавфсизлик хизмати расман, қоғозда битта одамга бўйсундирилган эмас!

Ўртоқлар, бу фармон билан мамлакатнинг разведка, контрразведка идоралари барча техник асослари ва барча эски ишлари билан бирга олий халқ вакиллик идораси назоратидан чиқарилиб, фақат бир одам қўлига топширилмоқда! Бу ақл бовар қилмас иш! Бунга йўл қўйиб бўлмайди, ўртоқлар! Бунга йўл қўйсак, бизни 37-йиллар тақдири кутмоқда, бунинг узоқ муддатли оқибатларини бугун ҳатто башорат қилиш ҳам мумкин эмас. Айниқса, президентимизнинг бошвоқсиз табиатини инобатга олсак, бунинг оқибатларини тасаввур қилиш ҳам қийин!”- деган эди Шуҳрат Нусратов.

Шуҳрат Нусратовни яқиндан билган Тошкентдаги бошқа бир манбанинг айтишича, айни пайтда унинг қўл телефони ва уй телефонлари ўчирилган. Унинг яқинлари билан алоқага киришиш имкони бўлмаяпти. Манбага кўра, Шуҳрат Нусратов Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган бўлиши мумкин.

Озодлик олган сўнгги маълумотга кўра, Шуҳрат Нусратов бундан 16 кун аввал ҳибсга олинган.

Шуҳрат Нусратов оиласига яқин бўлган манбанинг айтишича, у сўнгги йилларда Тошкентдаги пиво ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Сарбаст" (сўнгра "Сarlsberguzbekistan" компаниясига айлантирилган) компаниясининг муассисларидан бири бўлган.
XS
SM
MD
LG