Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Zeromax кредиторлари истиқболсиз курашни давом эттирмоқчи


Швейцарияда касодга учраган Zeromax GmbH ширкати қарз бўлган юздан ошиқ хориж компанияси вакиллари учрашди.

23 август кунги кредиторларнинг илк йиғини Zeromax расман рўйхатга олинган¸ айни пайтда расман банкрот деб топилган Цуг кантони полицияси биносида ëпиқ эшиклар ортида ўтказилди.

2010 йилнинг 28 октябр куни Цуг минтақа суди¸ ундан аввал эса Тошкент шаҳар хўжалик суди Ўзбекистон иқтисодига энг катта сармоя ëтқизган Zeromax ширкатини банкрот деб эътироф этган эди.

Шундан бери умумий қарзи 4 миллиард Швейцария франкидан иборат бўлган 100 дан ошиқ ширкат банкротга бўлгунига қадар Европада газ¸ нефт¸ пахта¸ ипак¸ рангли металлар каби энг бозорбоп маҳсулотлар билан савдо қилиб келган Zeromaxдан ўз қарзини ундиришга уринмоқда.

Аммо бу қарзларни Zeromax йўқотилгач кимдан¸ қайси йўл билан ундириш масаласига ҳозирча ҳеч ким жавоб топа олмаëтир.

Германиянинг Ganter Interior ширкати Zeromax кредиторларидан бири – бу ширкат Форумлар саройининг ички безаклари учун сарфлаган меҳнат ва материаллари учун пулини ололмай овора. Айни шу ширкат ўтган ҳафтага қадар Швейцария - Ўзбекистон ширкати 62 миллион еврога яқин қарз бўлган 23 немис компанияси сўзчиси ўлароқ фаолият юрғизаëтган эди.

"Аммо Zeromaxдан пулларимизни ундириш имкони қарийб йўқлигини англаганинимиздан сўнг¸ биз қолган кредиторларни ўз муаммосини ўзи ечишга чақиришдан бошқа чора топа олмадик"¸ дейди Ganter Interior ширкати матбуот вакили Клаус Швайце Озодлик билан суҳбатда.

- Бу борада сўнгги вазият шуки¸ Zeromaxдан қарзини ундириш учун ҳар бир ширкат ўзи югуриб елиши лозим. Бунинг сабаби эса¸ бу қарзларни ундириш имкони эса 100 дан икки фоиз ҳам эмас¸ дейди ўтган ҳафтага қадар барча немис кредиторлари манфаатини ҳимоя қилиб келган Ganter Interior расмийси.

Европа ширкатларини кўп миллион долларлик шартномаларга Ўзбекистон ҳукуматининг норасмий кафолати асосида жалб қилган Zeromax бошқарувчиси Миродил Жалолов¸ немис компанияларини йирик қурилиш лойиҳалариda ишлатган. Бу ерда гап¸ асосан¸ Форумлар саройи ва “Бунëдкор” стадиони устида бормоқда. Аммо компания Тошкент қарори билан йўқ қилингач¸ Zeromax қарзини тўлашга ҳеч ким кафил эмас¸ дейди немис кредитори вакили.

- Биз бу қарзни ҳеч кимдан талаб қила олмаймиз. Умидимиз Ўзбекистон президентидан эди. Аммо мен яқинда Берлинда учрашган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири президентнинг Zeromax қарзини тўламаслигини очиқ баëн қилди. Шундай бўлса-да¸ 23 август куни Цугда учрашган кредиторлар уч гуруҳга бўлиниб курашни давом эттиришга қарор қилдилар. Немис ширкатлари манфаатини битта¸ постсовет ҳудудидаги кредиторлар манфаатини иккинчи ва Ўзбекистон ширкатлари қарзи учун курашни учинчи адвокат олиб боради. Аммо уларнинг учаласи ҳам ўз ишини мувофиқлаштириб¸ имкон қадар ягона стратегия тутишга ҳаракат қилади¸ дейди Ganter Interior немис ширкати матбуот вакили.

Немис кредиторлари сўзчиси¸ “президент бизнинг пулимизни қайтариб бермаслигини билдирди”¸ деган гапни бежиз айтмади – ҳам Ўзбекистон ичкариси¸ ҳам қолган дунëда Zeromaxнинг айнан президент Каримов оиласи¸ аниқроғи унинг катта қизи Гулнора Каримовга тегишли экани тахмин қилинади. Аммо ҳозирча бирор устаси фаранг адвокат ҳам бу даъвони исбот қилувчи далил-ҳужжат топа олган эмас.

Бундай вазиятда¸ Ўзбекистон ҳукумати расман Швейцария ширкати деб қараладиган бозори касод Zeromax қарзларини тўлашдан бундан сўнг ҳам бош тортишда давом этаверишини тахмин қилиш қийин эмас.

Айрим тахминларга кўра¸ бир томондан¸ Ўзбекистон иқтисодининг барча сердаромад соҳаларидан тушган миллиардларни расмий канал орқали Швейцария банкларига жойлаштирган¸ иккинчи томондан¸ дунë ширкатларини “президент қизига тегишли” деган норасмий кафолат билан юзлаб миллион долларлик шартномаларга тортиб¸ қарзга ишлатган Zeromax схемаси унинг асл эгалари учун лозим ишни бажариб бўлгач¸ қарз тўлаш муддати пишиб етган бир пайтда¸ асл хўжалар томонидан тугатилган.

Ялтироқ даъволар ва таги бўш кафолатларга ишонган нафақат Россия¸ Украина¸ балки Европа ширкатлари ҳам бундай қойилмақом схема қаршисида тешик тоғора билан қолди.
XS
SM
MD
LG