Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:57

Жосусликда айбланган маҳбуснинг яқинлари Имомали Раҳмондан мадад кутмоқда


Буюк Британия фойдасига жосусликда айбланиб, Ўзбекистонда қамалган Тожикистон фуқароси Саидқул Ашуровнинг яқинлари Тожикистон президентига очиқ хат ёзди.


Буюк Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, Ўзбекистон маҳкамаси ҳукмига биноан 12 йилга қамалган тожикистонлик Саидқул Ашуровнинг яқинлари унинг озод этилишига таъсир этишни сўраб, Oxus Gold ширкат масъуллари ва Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасига ўнлаб марта мурожат қилган.

Бироқ англияликлар қуруқ ваъдадан нари ўтмаганини айтаётган Ашуровлар оиласи Тожикистон ҳукуматига мурожат қилишга қарор қилди.

19 август куни Имомали Раҳмон ва Тожикистон халқ вакиллари номига ёзилган хат муаллифларидан бири Барно Ашурова укаси Саидқулнинг саломатлиги ўта ташвишланарли эканини гапирди.

- Укам Саидқул анча йилдирки гепатит билан оғрийди. Ўзи аслида бундай касалга чалинган кишиларни қамоқда тутиб турилиши нотўғри, ахир. Бугун биз кўпроқ укамни йўқотиб қўйишдан қўрқамиз. Президентимиз ҳурматли Имомали Раҳмон ва депутатлар сизлардан илтимос қиламиз, шу буюк Рамазон ойида укамнинг озод этилишига ёки ҳеч бўлмаганда бу томондаги қамоқхоналарга кўчирилишига ёрдамларингизни аямангиз,- дейди Барно Ашурова.

Маҳбуснинг яқинларидан яна бири Муродой Ашурова бир неча кун аввал қамоқхонада укаси Саидқул билан учрашганини ва у ниҳоятда озиб кетганини гапирди.

Муродой Ўзбекистон маҳкамасининг Саидқулга чиқарган ҳукми билан рози бўла олмаслигини, зеро у адолатсиз ҳукм эканини айтди.

- Укамнинг хаёлида бунақа жосуслик ёки бошқа ёмон фикрлар ҳеч қачон бўлмаган. У жуда меҳнаткаш, раҳимдил ва виждонли инсон. Мен ҳукм билан рози эмасман, - дейди Муродой Ашурова.

Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланган 46 ёшли Тожикистон фуқароси Саидқул Ашуров шу йил 5 март куни Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Ашуровнинг жияни Ҳамид Рустамовнинг гапига қараганда, ўшандан бир кун аввал Oxus Gold ширкати директори барча ходимлари Ўзбекистон ҳудудини тарк этганлари ҳақида баёнот берган.

- Саидқул Ашуров Ўзбекистон ҳукуматининг Oxus Gold ширкати билан мавжуд муаммоларини ҳал қилиш учун муҳим ричаг ўрнида ушлаб турилибди. Лекин ҳар ҳолда биз Тожикистон ҳукуматидан Саидқулнинг озод этилишига ёрдам беришига қаттиқ ишонамиз,- дейди у.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати билан Британиянинг Oxus Gold ширкати ўртасидаги можаро ҳалигача давом этмоқда.

Аснода Oxus Gold ширкати масъуллари ҳам Саидқул Ашуров сохта айбловлар билан қамалганини айтмоқда.

Ўзбек расмийлари эса Саидқул Ашуровдан бир дона флешдиск ва ноутбук мусодара қилганини ва флешдискда ҳақиқатдан унинг жосуслик қилганлигини тасдиқловчи маълумотлар топилганини иддао қилади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва Oxus Gold ширкат маслаҳатчиси Суҳроб Исмоилов эса флешдискдаги маълумотлар давлат сири саналмаслигини, зеро бу маълумотлар қачонлардир ўз аҳамиятини йўқотганини таъкидлайди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшуносга кўра, бугунги кунда бундай маълумотларни истаганча интернетдан топиш мумкин.

Бир гуруҳ таҳлилчилар Саидқул Ашуров Тошкент ва Душанбе ўртасидаги “жосус-жосус ўйини” қурбони бўлганини урғуламоқдалар.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Давлат Назриевнинг Озодликка маълум қилишича, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида маҳбусларни алмашиш бўйича келишув имзоланган.

Лекин тожик мулозимига кўра, Ўзбекистон билан тожикистонлик маҳбусларни бу томонга кўчириш ёки аксинча у томонга топшириш жараёни ҳали бирор марта қайдга олинмаган.
XS
SM
MD
LG