Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:47

"Акромийлар" яна диққат марказида


Ўзини Соҳибжон Файзиев деб таништирган шахснинг Facebook тармоғидаги саҳифаси.
Ўзини Соҳибжон Файзиев деб таништирган шахснинг Facebook тармоғидаги саҳифаси.

Андижон воқеаларидан олти йил ўтиб Интернетда 2005 йил 13 май воқеалари ҳақида фильмдан парчалар яна пайдо бўлди. Ўзини "оддий ўзбекистонлик" дея таништирган Интернет фойдаланувчиси ижтимоий тармоқларда Андижон қирғини тўғрисида "ўзининг ҳақиқатини" айтишга уринмоқда.


Соҳибжон Файзиев исмли Youtube тармоғи фойдаланувчиси 22 июлга қадар 13 та видеолавҳа жойлаштирди. Бу видеолавҳаларнинг барчаси Андижон қирғинига оид Ўзбекистон телеканалларида намойиш этилган фильмдан олинган парчалардир.

Хусусан “болалар ҳеч қачон ёлғон гапирмайди” дея номланган видеолавҳада Зиёда Мўминова исмли ўспирин қиз Андижон воқеаларини эсга олади:

- “Биродарларимизга ёрдам бергани келдик”, деди. Биродарлар вахший одамлар эди, оддий одамлар эмас эди. Баъзилари қуролланган. Одамларни ўлдираётган эди, атрофдаги қочган-қочганни ўлдириб юришди. Ўртада тўплаб олиб, мажбуран ушлаб ўтиришди. Мелиса ходимларини кўзимизнинг олдида дахшатли равишда ўлдиришди ҳам. Уриб, ҳолдан чиққанларни ҳам қийнаб кўзимизни олдида ўлдиришди, дейди Youtubeда эълон қилинган видеолавҳа қаҳрамони Зиёда Мўминова.

Зиёда каби яна бир қанча андижонликлар фикрлари акс этган видеопарчалар бошқа Интернет порталларига ҳам жойлаштирилган. Улардан бирида Қобилжон Самадов “Акромий” оқимининг аъзоси дея кўрсатилган.

- “Халқ кетиб қолмаслиги учун, ўша ерда кўпроқ муддат ушлаб туриш учун пул бериб бўлса ҳам ушлаб турамиз. Шунга пул керак”, деганидан кейин, Муҳаммадали исмли шахс “пулни героин, наркотик олиб келиб сотсак, яхши фойда қиламиз, бир куннинг ичида героиндан яхши фойда қиламиз. Шуни сотиб, одамларга тарқатиб, қимирлатмасдан ўша ерда ушлаб тура оламиз, нима қилиб бўлса ҳам”, деди,- дея гапиради Қобилжон Самадов.

Андижонлик қочқин, айни пайтда Германияда истиқомат қилаётган Омонулло Мақсудов Озодлик билан суҳбатда Қобилжон Самадовни танишини маълум қилди.

- У айтган гаплар ҳақиқатга яқин эмас. У ўзи ишбилармон бола бўлган. Ўз ишининг устаси бўлган. Наркотик ҳақидаги гаплари умуман тўғри эмас, гаплари ҳам чалкашиб кетган. Бу видеолар янги эмас. Ўша Андижон воқеаларидан сўнг ишланган материалллардан қисқача келтирилган. Энди бу видеолар бугунга келиб пайдо бўлаётганлиги ҳаммани қизиқтираяпти, дейди Омонулло Мақсудов.

Андижонлик қочқин бу видеолавҳанинг пайдо бўлишини Ўзбекистон Халқ ҳаракати тузилгани, унинг таркибига Андижон-Адолат тикланиш ташкилотининг кирганлиги билан боғлади. Омонулло Мақсудов Ўзбекистон Халқ ҳаракати кейинги пайтларда ўзи тайёрлаган видеоларни Интернет воситасида фаол эълон қилаётгани ҳам кинидир ташвишлантираётган кўринади, дея қўшимча қилди.

Озодлик 21 июл куни Youtube тармоғида Анидижон воқеалари ҳақидаги видеолавҳаларни жойлаштирган, ўзини Соҳибжон Файзиев деб таништирган Интернет фойдаланувчиси билан боғланишга уринди. Соҳибжон телефон орқали мулоқотдан бош тортиб, Озодлик саволларига Facebook тармоғи воситасида жавоб берди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у ўзини оддий ўзбекистонлик компьютер программисти ҳамдир, ёши 30-35 лар атрофида. Ижтимоий тармоқларда июлнинг бошидан буён пайдо бўлган.

(У саволларимизга ёзма тарзда юборган жавоблар таҳрирсиз келтирилади.)

"Mayli bir pas kutib turing fikrimni bilib olasiz. men programma yozishga odatlanganman. o'z fikrinmi kompyuterda tez yozolmayman
O'zimni teran fikrlovchi inson deb hisoblayman, shuning uchun faqat faktlarni solishtirib keyin hulosa chiqaraman.
Birinchi fakt bu Andijon voqealari ishtirokchilarining dinga mukkasida ketgani: fanatiklar boshqacha aytganda. Ikkinchidan ular qo'lida qurol bo'lgan, lavhalarni yaxshilab qarasangiz snayperlar joylashgan joylar, aylanasiga himoya chizig'i: bularni faqat jangovar tayyorgarlik ko'gan inson biladi holos.

Uchinchisi ular begunoh bo'lgan insonlar umriga zomin bo'lgan. Bu haqda joylashtirgan lavhalarda ko'rishingiz mumkin.
Hamma faktlarni jamlab kelgan hulosam: Andijon voqealarini uyushtirganlar har hil diniy oqimlarga mukkasidan ketgan, jangovar tayyorgarlikni o'tgan va begunoh odamlar umriga zomin bo'lgan terrorchilar", дея ўз фикрини ёзиб жўнатди Соҳибжон Файзиев.

Айтиш жоиз, Ўзбекистон Халқ ҳаракати тузилганидан сўнг бу ҳаракат аъзоларига нисбатан Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматига бўйсуниши айтиладиган Интернет сайтларда мақолалар пайдо бўлаётир. Уларнинг аксариятида андижонлик қочқинлар шахсиятларини ҳақорат қилувчи гаплар тарқатилмоқда.
XS
SM
MD
LG