Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:56

Ислом Каримов яна диктатор президентлар рўйхатига тушди


CBSNews кейинги ҳафталар ичида Каримовни "диктатор" деб атаган биринчи нашр эмас.
CBSNews кейинги ҳафталар ичида Каримовни "диктатор" деб атаган биринчи нашр эмас.

CBSNews теле-радио корпорацияси президент Каримовни “Дунёнинг яшовчан диктаторлари” сафига киритди.


Дунёдаги нуфузли оммавий ахборот воситаларидан бири бўлган CBSNews корпорациясиси Шимолий Африка ва Яқин шарқ давлатларида бўлган ғалаёнлар ортидан дунёда узоқ йиллар давомида ҳокимиятда қолаётган диктаторлар рўйхатини тузди.

CBSNews корпорациясининг бу рўйхати акс этган интернетдаги махсус саҳифасида президент Ислом Каримовнинг 2007 йилда қайта сайланиши Ўзбекистон конституциясига зид бўлгани эътироф этилган.

Шунингдек, президент Каримов бошқаруви даврида инсон ҳуқуқларининг топталиши, айниқса, ҳуқуқ-тартибот ва адлия тизимидаги қонунбузарликлар қайд этилган халқаро ташкилотлар хулосалари келтирилган.

Маҳкамаларда ҳуқуқ фаоллари, журналистлар ва мусулмонларнинг ҳукумат томонидан юритилаётган “террорга қарши кураш” кампанияси ниқоби остида таъқиб этилгани айтилган.

Бу борада БМТнинг Қийноқлар бўйича маърузачиси Ўзбекистонда қийноқларнинг системали қўлланишига оид берган хулоса ҳам эсга олинган.

Ўзбекистонни 20 йилдан буён бошқараётган президент Каримов етакчилигидаги режимнинг истиқболи ҳақида гап очар экан, CBSNews, шу кунларда Каримов ҳукумати амалдорлари ва унинг икки қизи — Гулнора Каримова ва Лола Каримова-Тиллаева олиб бораётган кампанияни тилга олган.

Гулнора Каримованинг ўз нуфузини ошириш мақсадида мамлакат ичкариси ва ташқарисида олиб бораётган матбуот кампанияси, Лола Каримова-Тиллаеванинг эса отасини диктатор, деб атагани учун француз журналистини судга бергани ҳам CBSNews корпорацияси эътиборидан четда қолмаган.

CBSNews шунингдек, президент Каримов радикал исломни баҳона қилиб, сиёсий репрессия юритаётганини айтар экан, аслида бу давлатга қўшни бўлган Афғонистондан бундай хавф борлигини ҳам эътироф этган.

Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар тақдиридан хавотир боис, шунингдек, энергетик манфаатлар билан Европа давлатларининг инсон ҳуқуқларини поймол этаётганидан қатъий назар Каримов режими билан мулоқот қилаётганини келтирган CBSNews, ташқаридан берилган бу имконият ҳамда президент Каримов ўзи учун ичкарида яратиб олган мутлоқ ҳукмронлик муҳити унинг ҳокимиятдаги умрини узайтириши эҳтимоли катта эканини хулоса қилган.

Эслатиш мумкин, яқинда АҚШда чиқадиган Newsweek журнали дунёнинг энг мустабид ҳукмдорлари ўнлигини эълон қилган ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов тўққизинчи ўринга қўйилган рейтингга кириш сўзида бу мустабидлар “ўз халқини ўққа тутишдан тап тормайди” дейилган эди.

Ислом Каримовнинг энг мудҳиш жиноятлари орасида эса 2005 йил 13 май куни Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилгани эсланган эди.
XS
SM
MD
LG