Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:55

Саҳродаги хазина - Нукус музейининг ноëб коллекцияси қайга кетди?


11 март куни Ню Йоркнинг машҳур Greenwich Villageда “Тақиқланган санъат саҳроси” деб номланган ҳужжатли филм тақдимоти бўлди. Америкалик киночилар суратга олган бу филмда Ню Йоркдан минглаб чақирим олисда¸ Қизилқум чўлларида жойлашган Нукусдаги Игор Савицкий коллекциясининг ҳузун тақдири ҳикоя қилинади.


И. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ҳозирга қадар халқаро майдондаги санъат мухлислари кўзидан панада қолаëтган рус авангардининг ноëб намуналари сақланади.

1942 йилда Ўзбекистонга кўчиб келган Суриков номли рассомлик академияси талабаси Игор Савицкий томонидан 1966 йилда асос солинган Қорақалпоғистон давлат санъат музейи унинг ташаббуси билан Сталин даврида маданий чиқитга чиқарилган оқимга хос суратларни Москва ва Ленинград каби санъат марказларидан олис Нукусда тўплай бошлайди.

Қорахон.
Бу коллекциядан А. Исупов, Л. Крамаренко, Н. Ульянов, Р. Фальк, М. Волошин ва Марказий Осиë рассомчилик мактаби бошида турган Р. Мазель, қолаверса Ўзбекистондаги А. Волков, М. Курзин, Н. Қорахон, У. Тансиқбоев ва В. Уфимцев каби рассомларнинг ижод намуналари ўрин олган.

1991 йили Ўзбекистон мустақилликка эришгач¸ Нукус музейига тасодифан ташриф буюрган Ғарб санъатшунослари¸ бу коллекцияни “саҳрода топилган Али бобо ғори”деб атадилар. Айни пайтда¸ рус авангардининг йўқотилган даврини қайта тиклашга хизмат қилувчи бу коллекция тақдири Ғарб мутахассисларини ташвишга солмай қўймади.

11 март куни Нукус музейида сақланаëтган рус авангард рангтасвири намуналарининг бугунги ҳолига бағишланган “Тақиқланган санъат саҳроси” деб номланган ҳужжатли филм инжа дидли мутахассислар ва Ғарб санъатсеварлари ҳукмига ҳавола этилар экан¸ Озодлик Савицкий коллекциясининг АҚШдаги билағонларидан бири¸ Лос-Анжелесдаги Жанубий Калифорния университети қошидаги Замонавий рус маданияти институти директори John E. Bowlt ни ушбу коллекция қиммати хусусида суҳбатга таклиф қилди.

Усто Мўмин
Бундан етти йилча аввал айнан Савицкий коллекциясини томоша қилиш учун Лос-Анжелесдан Нукусга махсус сафар қилган жаноб Bowlt суҳбат муқаддимасида Қорақалпоғистон давлат музейининг эски биносида кўргани бу коллекциядан олган таассуротларини эслайди.

- Савицкий тўплаган рус авангард рангтасвири жамламаси ниҳоятда йирик ва кенг кўламли ва бошқа музейлардагига ўхшамаган эди. Албатта¸ уларнинг баъзилари эски музей деворларига осиғлиқ эди¸ аммо коллекциянинг аксар намуналари омборхоналарда сақланаëтган эди. Бу ноëб суратлар вентиляция ва бундай асарлар учун зарур шароит бўлмаган бир ҳолда¸ шишага солинмасдан¸ ромсиз бир қоғоз парчасидек сақланаëтган эди. Буни кўриш менга анча оғир ботди. Аммо қувонтирган жиҳат¸ 20-асрнинг 20-30 йилларидаги рус авангардизми намуналарининг бечораҳол шароитда бўлса-да¸ шикастсиз бир тарзда тўлиқ сақлангани эди.

Озодлик: Рус авангардизмининг йирик мутахассиси сифатида¸ Савицкий коллекциясининг бадиий қимматини қандай баҳолайсиз?

Falk
- Бу саволга бир гап билан жавоб бериш қийин. Бу коллекцияда номлари авангардизм билан боғланадиган Кандинский¸ Шагал ва Малевич каби йирик рассомлар суратлари йўқ. Савицкий жамламасида таниқли номлар йўлиги боис¸ баъзи санъатшунослар унга рус авангардизмининг иккинчи даражали намуналари деб қарашади. Бошқа томондан¸ менинг назаримда¸ бу коллекциянинг асосий қиммати халқаро авангарднинг СССР¸ хусусан унинг чекка ўлкаларида қандай ривож топганини кўрсатишидадир. Бу жамламадаги суратлар француз кубизми¸ рус суперматизми¸ италян футуризмининг дунë санъат марказларидан чеккада ижод қилган ëш рассомлар дунëсидаги ўзига хос талқинидир. Коллекциядаги суратларнинг иккинчи ўзига хос қиммати эса¸ уларнинг масалан¸ ўзбек рассомларининг Ғарб ëхуд рус санъат оқимларига маҳаллий шарқона мотивларни уйғунлаштира олганини кўрсатишидадир. Шарқона кубизмнинг асл намуналарини кўришдан¸ шахсан мен¸ жуда гўзал таассурот олдим.

Озодлик: Навбатдаги савол¸ энди Савицкий коллекциясининг моддий қимматига оид. Нукус давлат музейида сақланаëтган бу суратлар қимматини¸ рус авангард рангтасвири намуналарининг Ғарбда бозори чаққон бўлиб турган ҳозирги пайтда қанчага баҳолаган бўлардингиз?

- Афсуски¸ мен бу саволга аниқ жавоб бера олмайман. Мен санъатшуносман ва суратларнинг бозордаги қиммати билан кўп ҳам қизиқмайман¸ билмайман ҳам. Аммо Нукусдаги Савицкий коллекциясида асарлари бор Волков суратларининг бундан бир неча йил аввал 700 минг долларга сотилганидан хабарим бор. Шундан келиб чиқиб¸ саҳрода сақланаëтган бу коллекциянинг моддий қиммати катталиги ва пулга чақилса¸ бир олам пул бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Дунëда бу суратларни олишга ишқибозлар жуда кўп ва улар йиллардан бери Нукусга қатнаб¸ уларни сотиб олишга уринишмоқда. Ҳозирча музей директори Бобоназарова хоним саъй-ҳаракати билан бу коллекциядан бирор сурат сотувга қўйилмади. Аммо катта пул бор жойда босим ҳам катта бўлади ва Савицкий жамламасининг яна қанча вақт бус-бутун қолиши савол остидадир.

Озодлик: Кейинги хабарларга қараганда¸ ўтган йил охирида Нукус музейига 48 соат ичида эвакуация қилиниш ҳақида буйруқ берилган ва бир неча соатнинг ичидаëқ Савицкий коллекциясидаги 2000 дан ошиқ сурат шоша-пиша юк машиналарига юкланиб¸ номаълум жойга олиб кетилган. Ҳозирда суратларнинг қаерда эканини¸ “Тақиқланган санъат саҳроси” деб номланган ҳужжатли филмда айтишича¸ ҳатто музей директори Бобоназарова ҳам билмайди. Бундан эса¸ Ўзбекистондаги иқтисоднинг аксар соҳаларини ўз шахсий мулкига айлантирган айрим шахслар бу ноëб санъат жамламасини ҳам ўзиники қилиб олмадимикин¸ деган хавотирлар туғилмоқда. Рус ва Туркистон авангардининг бу намуналари Ўзбекистондаги қудратли шахслар қўлига тушиб¸ ëпиқ ким ошди савдоларида сотиб юборилиши олдини олиш учун нималар қилиниши лозим?

- Хабарингиз бор¸ ҳукумат бу коллекцияни бир неча йилдан бери ўзига хос қамалда сақламоқда¸ уни ҳеч ким¸ айниқса Ғарб санъатшуносларига кўрсатишга изн бермаëтир¸ суратларни хорижда кўрсатилишига ҳам йўл ëпиқ. Сиз айтган эҳтимол¸ музейдагиларни ҳам¸ биз каби Савицкий коллекцияси мухлисларини ҳам чўчитиб турибди.

Бу коллекцияни Гулнора Каримова кабиларнинг шахсий мулки сифатида мусодара қилинишдан асраш учун¸ уни халқаро майдонда намойиш қилиш¸ суратлар каталогини ишлаб чиқиш ва унинг тақдирига оммавий ахборот воситалари эътиборини муттасил тарзда жалб қилиб туриш лозим. Шу ишлар қилинса¸ халқаро санъат жамоаси бу суратлардан хабар топади ва уларни енг учида сотиб юбориш ҳам анча қийинлашади. Ўзбекистон ҳукуматининг бу ишларни йўлга қўймаëтгани ва хориждагиларга ҳам йўл бермаëтгани¸ Савицкий коллекцияси тақдирининг сиз тилга олган таҳдид остида қолганини англатиши мумкин¸ афсусларким.
XS
SM
MD
LG