Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:12

ЭОАВМУ ўзбек VJ лари оғзига тушов солмоқчи


Куну-тун ҳавога узатиладиган баъзи ФМ радиоларида Ўзбекистон расмий ахборот воситалари ёритмаган халқаро воқеалар, жумладан, Араб дунёларидаги халқ исёнлари кенг ёритилаётгани айтилмоқда.
Куну-тун ҳавога узатиладиган баъзи ФМ радиоларида Ўзбекистон расмий ахборот воситалари ёритмаган халқаро воқеалар, жумладан, Араб дунёларидаги халқ исёнлари кенг ёритилаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистондаги Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси ўз аъзолари бўлган нодавлат ахборот воситаларига хориж элчихоналари тадбирларида иштирок этишдан аввал уюшмани огоҳлантиришни тавсия қилди. Мустақил журналистлар буни ФМ радиолари бераётган халқаро хабарларни бўғиш истаги билан изоҳламоқда.


Бирор хорижий давлат элчихонаси тадбирларида иштирок этиш олдидан Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмасини (ЭОАВМУ) огоҳлантириш тўғрисидаги тавсия 4 март куни уюшма раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг радио ва телевидение бўйича куратори иштирокида ўтган йиғилишда берилгани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик мустақил журналистларга кўра, бундай кўрсатма берилганига бир неча йил бўлиб қолган ва бу нафақат ЭОАВМУ аъзолари, балки республикадаги расмий оммавий ахборот воситалари ходмилари учун аллақачон қоидага айланиб бўлган.

Фақатгина ҳозир араб ўлкаларида бўлаётган воқеалар боис ҳушёрликни ошириш лозимлигини намойиш қилиш истагида ЭОАВМУ раҳбарияти бу тавсияни яна бир карра уюшмага аъзо ахборот воситаларига эслатиб қўйгани айтилмоқда.

Ўзбекистондаги Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси расмий сайтида берилган маълумотларга кўра, ҳозир уюшмага республика бўйлаб жами 27 та телеканал ва 12 та ФМ радиоси аъзодир.

Уюшмага аъзо телеканаллар узатадиган ахборот дастурлари мазмуни Ўзбекистон расмий ахборот воситаларида бериладиган хабарлардан деярли фарқ қилмайди.

Аммо, нодавлат ФМ радиолари хабарлар блоки, айниқса, халқаро хабарлар турли хорижий оммавий ахборот воситаларидан таржима шаклида эфирга берилиши тез-тез учраб турадиган ҳолдир.

Шу сабабдан ЭОАВМУ раҳбарияти тавсияси кўпроқ радиоканаллар таҳририятларига қаратилганини айтмоқда кузатувчилар.

ЭОАВМУга аъзо радиоканаллардан бирининг Озодлик билан шахси сир қолиши шарти билан гаплашган муҳаррири "замон нозиклашиб, дунё сиёсати кескинлашиб бораётган бир кезда сиёсат масаласини “мутахассилар” ҳал қилиб бергани маъқул" деган фикрларни айтди.

Унинг айтишича, бундан мутахассислар ЭОАВМУда бор ва шу боис ҳам унинг бундай тавсияга эътирози йўқ.

- Элчихона тадбирларига боришга ҳаққинглар йўқ, деган нарса йўқ. Ҳозир Ўзбекистоннинг ўзининг миллий манфаатлари бор. Замон ўзгараяпти. ЭОАВМУда ҳақиқий мутахассислар ишлайди. Бизда хабар тайёрлайдиган мухбирлар етишмайди. Шунинг учун улар билан ҳамкорлик қилиш бизларнинг ўзимизга қулай,- дейди Тошкентдаги нодавлат ФМ радиоканалларидан бирининг муҳаррири Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошимиз асл мутахассилар, деганда кимларни назарда тутганини аниқлаштирмади. Аммо унинг сўзлари мазмунидан, бу мутахасисслар Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсати йўналишидан келиб чиқиб, мамлакат аҳолисига узатиладиган халқаро янгиликларни қай қолипда тайёрлашни биладиган журналистлар ҳақида гап бормоқда, деган хулосага келдик.

Тошкентдаги мустақил журналист Алексаей Волосевич Озодлик билан суҳбатда бу фикрни тасдиқлар экан, ҳозирга келиб ЭОАВМУ берган тавсия ортидаги сабабга мисол сифатида бир ҳолатни эслади.

- Икки ҳафталар муқаддам бир неча ФМ радиоканлаларини махсус эшитиб кўрдим. Қайси бири эканини аниқ эслолмайман, лекин битта радиода кундуз кунги ахборот дастурида Мисрдаги воқеалар кенг кўламда, эркин ёритилаётганига гувоҳ бўлдим. У вақтда расмий матбуот Мисрдаги воқеаларни ёритмаётган эди,- дейди журналист.

Журналистга кўра, Ўзбекистондаги хорижий элчихоналар ва дипломатик ваколатхоналар эса ҳозир араб давлатларида ва бундан аввалроқ қатор собиқ иттифоқ республикаларидаги каби турли инқилоблар, исёнлар кайфиятини урчитувчилар, деб қаралади.

- Шунинг учун маҳаллий журналистларнинг бундай ташкилотлар билан алоқаларини ҳар қандай йўллар билан бўлса-да, чеклашга уринадилар. Ҳаттоки, шундай тадбирларни тез-тез ўтказиб турадиган АҚШ элчихонаси биноси ёнида ўзбек милиционерлари келган журналистларнинг рўйхатини тузиб ўтиради, дейди Алексей Волосевич.

Аслида ўзбек журналистларининг фаолиятини тўлиқ ўз назоратига олган расмий идоралар учун элчихоналарда бўладиган матбуот анжуманларидан бирор хавф бор, деб ўйламайман, деган журналист ўз ҳамкасбларининг элчихоналарга қатновини чеклаш ортидаги қўрқувни қисқагина қилиб бундай изоҳлади:

- Бу ерда асл моҳият шундаки, элчихонадаги бу тадбирлар ҳукумат назоратидан ташқарида ва шунинг ўзиёқ ҳукуматни қўрқувга солмоқда, дейди Алексей Волосевич.

Шу ўринда эслатиш жоиз, ҳозирда Ўзбекистон расмий ахборот воситаларида ва ЭОАВМУга аъзо бўлган нодавлат электрон ахборот воситаларида ишлаётган журналистларнинг хориж элчихоналарида журналистларга мўлжалланган махсус дастурларида иштирок этиш имконлари чекланган.

Алексей Волосевич, жумладан, Франция элчихонасининг ўзбекистонлик журналистларни Франция ташқи сиёсати билан таништиришга қаратилган дастури доирасида бу давлатга сафар қилган “Uzbekistan Today” газетаси мухбирининг тақдири нима билан якунланганини эслайди.

- Димитрий Поваровни Францияга сафари учун ишдан бўшатишгани ёдимда бор. Бундан ташқари, бир неча ўзбек журналистлари ҳам шундай сабаб ортидан ишдан бўшатилган эди. Улардан бири Собиржон Ёқубов бўлган,- дейди Волосевич.

Яна бири эса Собиржон Ёқубов билан бирга сафар қилган ва ўша вақтда “Халқ сўзи” газетасида ишлаган журналист Бегқул Эгамқулов бўлган эди.

Бу икки журналистнинг ишдан ҳайдалиш сабабларидан яхши хабардор бўлган тошкентлик бошқа бир журналистнинг Озодликка айтишича, бу воқеа маҳаллий журналистларга ўша вақтдаёқ яхшигина дарс бўлган ва шундан кейин икки ҳафталик сафарни деб ишидан айрилиш истиқболига рози бўлган талабгорлар деярли учрамайдиган бўлиб қолган.

- Бундай дастурларда ҳозир махсус текширувдан ўтган ва кўпроқ расмий ахборот воситаларида ишлаётган журналистларгина иштирок этяпти, менимча. Бошқача айтганда, маҳаллий журналистлар ҳозир тўлиқ назорат остида. Энди маҳаллий ФМ радиоларида куни билан истаган нарсасини гапириб ўтирадиган VJ ларнинг ҳам оғзи ва оёқларига тушов солиш ҳақида гап бораяпти-да!- дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашишига рози бўлган тошкентлик журналист.
XS
SM
MD
LG