Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:44

Умида Аҳмедова "ўта хавфли жиноятчи"га чиқарилди


"Санъаткорнинг асарини ҳақорат ва туҳмат деб айтиш бу абсурд бир ҳолатдир"¸ дейишмоқда Умида Аҳмедова ҳимоясига чиққан унинг ҳамкасблари.
"Санъаткорнинг асарини ҳақорат ва туҳмат деб айтиш бу абсурд бир ҳолатдир"¸ дейишмоқда Умида Аҳмедова ҳимоясига чиққан унинг ҳамкасблари.

Суратлари ва ҳужжатли филми орқали "ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганлик"да айбланган ўзбекистонлик фотограф ва видеотасвирчи Умида Аҳмедова Тошкентдаги уйида ўтирган бўлса-да¸ пойтахт мелисаси унга қидирув эълон қилди.

Ўзбекистонлик таниқли фототасвирчи ва кинооператор Умида Аҳмедова ўзбек халқига нисбатан туҳмат ва ҳақоратда айблангани ҳақида айтган эдик.

Бундай айбловга ¸ Аҳмедованинг мамлакат чекка қишлоқларида яшовчи оддий ўзбеклар турмуши акс этган сурат ва фильмлари асос қилиб олинмоқда.

Умида Аҳмедованинг жиноий ишга асос бўлаëтган китоби муқоваси.
Тергов маълумотига кўра¸ Умида Аҳмедова суратга олган тасвирлардан жамланган “Аëл ва эркак - тонгдан шомгача” фотоалбоми¸ “Эркак ва аëл: урф-одатлар” ва “Бокиралик юки” ҳужжатли фильмлари Ўзбекистон Ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон воқелигига туҳмат дея топилган.

Тошкент шаҳар прокуратураси бу юзадан жиноий иши очиб¸ Умида Аҳмедовани тергов қила бошлаган.

12 декабр куни жиноий ишнинг Тошкент шаҳар Миробод тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан кўриб чиқила бошлангани баробарида Умида Аҳмедованинг хавфли жиноятчи сифатида қидирувга берилгани маълум бўлди.

Ўзбек халқига туҳмат ва ҳақоратда айбланаëтган кинооператор Умида Аҳмедова ўзининг хавфли жиноятчи сифатида қидирувга берилганини 30 декабр куни билди.

- Қидирувга бериб юборибди. Ҳайрон қолдим нимага мен қидирувда бўламан деб¸ дейди Умида Аҳмедова.

Миробод туман ИИБнинг ўта оғир жиноятчиларни қидириб¸ қўлга олиш билан шуғулланадиган зобити Абдунор Ўтамишов кинотасвирчи Умида Аҳмедовани қидиришга жалб қилинган.

- Қидирувга бериб юборган. Қидирув бўлимидан одам келиб¸ мен йўғимда 30 декабрда келсин¸ деб повесткани ташлаб кетган¸ дейди Умида Аҳмедова.

30 декабр куни янги йил арафасида ҳамма байрам тараддудида бўлган бир пайтда¸ Умида Аҳмедова адвокат ҳамроҳлигида Фитрат кўчасида жойлашган мелисахона йўлагида сарғайиб ўтирди.

Умида Аҳмедова: Адвокат билан бирга бордик. Шу. Терговчи билан ҳали қайта учрашмадик. Агар мен икки-уч марта повестка олиб туриб бормаган бўлганимда¸ мен агар билганимда сразу чопиб борган бўлармидим. Мен энди айбдор эканман¸ деб юраверганманда.

Озодлик: Швейцария элчихонаси сиз билан боғландими¸ ҳол-аҳвол сўрадими?

Умида Аҳмедова: Швейцария элчихонасида мен билан бирга ишлаган одамлар йўқда. Янги келган элчининг бунақа нарсалардан хабари ҳам йўқ. У пайтдагилар ҳозир бошқа мамлакатларга кетган. Кристина Марти деган аëл бўлган.

Озодлик: Элеонора Файзуллаевачи?

- У шаҳарда ҳам бўлмаса керак¸ дейди Умида Аҳмедова.

Эслатиб ўтамиз¸ 13 декабр куни Умида Аҳмедовага нисбатан Ўзбекистон жазо қонунининг 139 ва 140- моддаларига биноан жиноят иши қўзғатилган эди.

Терговчи Нодир Аҳмаджоновнинг Озодликка айтишича¸ Умида Аҳмедова суратга олган тасвирлардан жамланган “Аëл ва эркак - тонгдан шомгача” фотоалбоми¸ “Эркак ва аëл: урф-одатлар” ва “Бокиралик юки” ҳужжатли фильмлари Ўзбекистон Ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон воқелигига туҳмат дея топилган.

Умида Аҳмедовага келган дастлабки чақирув қоғозида унинг гувоҳ сифатида сўроққа таклиф қилингани айтилган.
- Туҳмат билан ҳақорат бўйича шаҳар прокуратураси берган. Экспертиза у ëзган китобни ўрганиб чиққан ва хулосалар берган. Бу китоб “туҳмат ва ҳақорат”ни билдиради¸ деган маънода беришганда. Даъвогар Ўзбекистон Ахборот ва коммуникация агентлиги. Улар шаҳар прокуратурасига “Мана бу китобларни бизлар ўрганиб чиқдик. Ичида нето гаплар бор. Нето маънони билдиради” деб хат билан чиққан. Шаҳар прокуратураси ишни қўзғатган¸ дейди Нодир Аҳмаджонов.

Демак¸ Умида Аҳмедовага қарши жиноят иши Ўзбекистон Ахборот ва коммуникация агентлигининг хулосасига асосланган. Умида Аҳмедова ҳали хулосани кўрмаганлигини¸ фақат имзо қўйганлардан бирининг исмини билишини айтади.

- Қўлимда ҳали ҳеч нарса йўқ. Биз “Бокиралик юки” масаласида жанжал бўлганда "Ўзбеккино"дан сўраб кўрган эдик. Менимча¸ бу ерда кинони экспертиза қилиб берган одам киномунаққид Ҳамидулла Акбаров. Эшитишимизча¸ шу одам қилган¸ дейди Умида Аҳмедова.

Ўзбекистонлик таниқли киномунаққид¸ доктор Ҳамидулла Акбаровга қўнғироқ қилдик.

Ҳамидулла Акбаров: Бу ерда "Ўзбеккино"нинг ўзининг низомлари бор. Ўшанга қараб кўрилган.

Озодлик: Энди бу кино юзасидан жиноят иши қўзғатилибди ва Умида Аҳмедова туҳмат ҳамда ҳақоратда айбланаяпти. Бирор-бир санъат асарини ëки фотоаппарат туширган тасвирни ҳақорат дейиш¸ ҳозирги замонда мумкин бўлмаса керак.

Ҳамидулла Акбаров: Йўқ¸ унақа гаплар эмас у. Билмадим сизнинг касбингиз қанақа. Менимча¸ сиз ўқимагансиз. Мен университтда дарс бераман. Шахсан мендан фикр сўрайдиган бўлса¸ мен айтаманки¸ мен буни ўзбек аëлига ва ўзбек қизларига туҳматнинг ўзгинаси деб биламан. Суд-пудларини мен сиздан биринчи марта эшитаяпман. Ким судга берганини билмайман. Кечирасизу¸ ўзбекнинг қизлигини сақлаб юриши юк бўлармиш. Қанақа ахмоқ гап бу? Мен ўша қилган одамларнинг юзига айтардим лекин. Ўта кетган туҳмат ва ўзбекни камситиш. Ўзбеклар ибоси¸ бокиралиги билан фахрланади. Менинг фикрим шундай.

Озодлик: Сиз ўша кинони кўрдингиз-а?

- Ҳа¸ кўрдим. Анча бўлди унга¸ дейди Ҳамидулла Акбаров.

Шундай қилиб¸ Ҳамидулла Акбаров Умида Аҳмедова суратга олган "Бокиралик юки" фильмини ўзбек воқелигага туҳмат¸ дея атади.

Умида Аҳмедова ҳимоясига қалққан қирғизистонлик киномунаққид Мирсужўан Намазалиев тошкентлик мунаққид фикрига қўшилмайди.

- Кинооператор Умида Аҳмедова жамиятдаги бор муаммони ҳужжатли кино воситасида кўрсатди. Ҳеч ким бу муаммонинг йўқлигини айта олмайди. Санъаткорнинг вазифаси ҳам шу¸ воқеликка жамоат назарини қаратиш. Шу ўринда мен Ҳамидулла Акбаров фикрларига қўшилмайман. Санъаткорнинг асарини ҳақорат ва туҳмат деб айтиш бу абсурд бир ҳолат¸ дейди қирғизистонлик киномунаққид.

Айни пайтда дунëдаги 400 дан ортиқ ëзувчи¸ журналист¸ киноактëр ва рассомлар Умида Аҳмедова ҳимоясига ëзилган мактубни имзолашди.

Рус ëзувчиси Андрей Битов¸ қозоқ рассоми Элбўсин Мелдибеков¸ америкалик санъатшунос Ҳен-Гил Хан имзолари билан ëнма ëн Ўзбекистонда яшаëтган санъаткорлар дизайнер Лола Сайфий¸ кино актëри Сайдулла Молдахонов¸ рассом Темур Аҳмедовлар ҳам бор.

Қандай қилиб фотоаппарат объективига тушган тасвирни туҳмат деб аташ мумкин¸ буни ҳеч тушуна олмайман¸ дейди тошкентлик рассом Темур Аҳмедов.

- Шунақа қатағон даврлар келибди¸ шекилли. Наҳотки эл юзига ойна тутган одамни жиноятчи десак? Бу ҳеч бир чорчўпга сиғмайди. Мен Умидани яхши биламан ва у суратга олган тасвирлар санъат асарларидир. Санъатсиз ҳаëт эса ваҳшийликдир¸ дейди Темур Аҳмедов.
XS
SM
MD
LG