Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:34

ЕИ ўз "майнавозчилигини тан олмоқчи"


Европа иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан илиқлашув сиëсати муаллифларидан бири иттифоқнинг Марказий Осиë бўйича махсус вакили Пъер Морел бўлади.
Европа иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан илиқлашув сиëсати муаллифларидан бири иттифоқнинг Марказий Осиë бўйича махсус вакили Пъер Морел бўлади.

Халқаро Амнистия ташкилоти Европа иттифоқини Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкцияларни буткул бекор қилиб, Ўзбекистонда адолат учун курашаётганларининг ҳафсаласини пир қилмасликка чақирди.

Келаси ҳафта бошида Европа иттифоқига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган қурол-яроғ эмбаргосини бекор қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Ана шу воқеа олдидан Халқаро Амнистия ташкилоти Европа иттифоқига йўллаган мактубида Андижон воқеалари сабабли киритилган санкциялар ўз мақсадларига эришмаганини қайд этди.

Халқаро Амнистия ташкилоти Европа иттифоқини санкцияларни бекор қилиш оқибатлари борасида огоҳлантирар экан, бу санкцияларнинг авваламбор нима учун жорий этилганини унутмаслик лозимлигини таъкидлади.

“Андижонда юзлаб одамларнинг ўлдирилгани унутмаслиги керак”¸ дейилади ташкилотнинг Европа иттифоқига йўллаган мактубида.

2005 йилда Европа иттифоқи мазкур воқеалар бўйича халқаро ва мустақил тергов ўтказилишини талаб қилиб Андижон воқеаларига масъул ўзбек расмийларига виза тақиқи ва қурол-яроғ эмбаргосини жорий этган эди. Виза тақиқи ўтган йили бекор қилинди. Энди эса санкциялардан буткул воз кечиш Европа иттифоқини ўта ноқулай аҳволга қўяди, дейди Халқаро Амнистия ташкилоти вакиласи Мейси Вейшердинг.

– Европа иттифоқи Андижондаги қотилликлар юзасидан тергов ўтказилмасдан қурол-яроғ эмбаргосини бекор қилса, у ҳолда иттифоқ ўзи қўйган талаблар майнавозчилик эканини тан олган бўлади. Боз устига¸ бу ҳолда Ўзбекистонга босим ўтказишнинг ягона воситаси йўқ бўлади. Европа иттифоқининг Ташқи ишлар вазирлари ўзларининг миллий манфаатларини четга суриб, бу қарорнинг оқибатлари ҳақида ўйлаб кўришлари керак, деди Вейшердинг.

Европа иттифоқи Андижон воқеалари юзасидан тергов ўтказиш масаласини четга суриб қўйган бўлса ҳам, санкцияларни бекор қилиш учун Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашни шарт қилиб қўйган эди. Халқаро Амнистия ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати бир неча сиёсий маҳбусларни озод қилиб аммо кетидан бошқаларни қамаб бу шартга ҳам совуққонлик билан қараганини билдирди.

– Бизнинг фикримизча, Ўзбекистон ҳукумати қўйилган бу шартларни бажармаган. Тўғри, Ўзбекистонда айрим инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари озод қилинди. Аммо айни пайтда бошқалари узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилди. Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан қийноқлар ва ноинсоний муносабат давом этмоқда. Халқаро қизил хоч ташкилоти ҳамон қамоқхоналарга кириш имкониятига эга эмас¸ дейди Мейси Вейшердинг.

Европа иттифоқи расмийларининг айтишича, санкциялар борасида Ўзбекистон ҳукуматига ён босиш Андижон воқеалари ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқотни бошлаш имконини берган. Халқаро Амнистия ташкилоти эса бу мулоқотларнинг етарлича танқидий руҳда бўлмаганини таъкидламоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкциялар тақдирини Ўзбекистондаги вазият эмас, балки Европа иттифоқига аъзо айрим давлатларнинг миллий манфаатлари ҳал қилди. Ўзбекистонга ён босиб келган Германия Ўзбекистондаги ҳарбий базасини сақлаб қолди. НАТО эса ўзининг геосиёсий ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари манфаатидан келиб чиқиб Ўзбекистон билан ҳарбий алоқаларни тиклади.

Санкциялар бекор қилиниб, Ўзбекистонга босим ўтказишнинг сўнгги воситаси йўқ бўлганидан сўнг, Халқаро Амнистия ташкилоти бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан хавотир янада кучайиши мумкинлигини айтмоқда.

Айни пайтда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари “рамзий” санкциялар амал қилган вақтда ҳам инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланганини қайд этмаган эди.
XS
SM
MD
LG