Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:53

Тоҳир Йўлдош ўлими юзасидан раддия келди


3 октябр куни Озодлик почтасига келиб тушган мактубга гўё Тоҳир Йўлдош тирик ва соппа-соғ эканини исботи сифатида юқоридаги фотосурат ҳам илова қилинган.
3 октябр куни Озодлик почтасига келиб тушган мактубга гўё Тоҳир Йўлдош тирик ва соппа-соғ эканини исботи сифатида юқоридаги фотосурат ҳам илова қилинган.

Жорий йилнинг 3 октябр куни Озодлик почтасига Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Тоҳир Йўлдош ўлдирилгани юзасидан тарқатилган хабарларни инкор этувчи электрон мактуб келиб тушди.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати расмий нотиғи Абдул Фаттоҳ Аҳмадий баёноти ўлароқ тақдим қилинган матнда ҳаракат раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабар рад қилинади.

Мазкур мактубга Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Тоҳир Йўлдошнинг ҳаракат Шўро мажлисидаги маърузаси сифатида тақдим қилинмиш аудиопарча ҳам илова қилинган.

- Кеча ҳали мусулмонлар тан олмаган нарсани радиоларга чиқиб, оғзини кўпиртириб эълон қилаяпти. Хурсанд бўлиб гапираяпти: “Мана, қутулдик ундан, фалон бўлдик” деб, дейилади Тоҳир Йўлдошга тегишли нутқ экани айтилаётган аудиопарчада.

Айни пайтда ҳаракат нотиғи Абдул Фаттоҳ Аҳмадий баёноти экани айтилаётган аудиобаёнотда Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани ҳақидаги маълумотлар инкор қилинади.

- Бир неча кун олдин Озодлик радиоси орқали ҳаракат Амири Муҳаммад Тоҳир “Форуқ” ҳақида "Тоҳир Йўлдош ўлдирилди", деган бемаъни хабар тарқатилди. Бу гап бизни ҳам, бу хабарни эшитган амиримизни ҳам ажаблантиргани йўқ. Чунки бу аввалгиси ҳам, охиргиси ҳам эмас.

Алҳамдулиллаҳ, амиримиз тирик ва соғ-саломатлар. У киши ҳар хил миш-мишларга жавоб бериб ўтиришни муносиб деб билмадилар. Аммо яқинда бундан ҳам жиддийроқ бир мавзуда мурожаат қилиб беришга ваъда бердилар, дейилади Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг нотиғи Абдул Фаттоҳ Аҳмадий номидан келган аудиобаёнотда.

Шунингдек, баёнотда ЎИҲнинг бугунги кунда икки фронт бўйлаб, яъни Покистонда ва Афғонистонда кураш олиб бораётгани, Афғонистон шимолидаги тўртта вилоятда ЎИҲнинг мужоҳидлари инқилоб қилганлари ҳам айтилади.

Эслатиб ўтамиз, 28 сентябр куни ўзини Тоҳир Йўлдошнинг собиқ тансоқчиларидан бири деб таништирган шахс Озодлик радиосига Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбарининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар етказганди.

- Мен авваллари Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг амири Муҳаммад Тоҳир Форуқнинг телохлари (тансоқчилари) дан бўлганман. Ҳозирги кунда бошқа хизматлар билан юрибмиз. Байтуллоҳ Масъуд минтақасида бўлган ракета ҳужумидан Байтуллоҳ Масъуднинг ўзи ҳалок бўлди-ку. Мана шу ҳужумдан кейинги ана шу минтақадаги биринчи ракета ҳужумида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг амири Муҳаммад Тоҳир Форуқ - Тоҳир Йўлдош номи билан машҳур¸ оғир ярадор бўлиб¸ кейин ҳалок бўлди. Оғир ярадор бўлган. Улар ўзларининг ичида ҳам ҳозир махфий қилишмоқда, деганди исми ошкор қилинишини истамаган шахс.

Тоҳир Йўлдош ракета ҳужумида ҳалок бўлганини айтган Озодлик суҳбатдоши ЎИҲга эндиликда Абдураҳмон исмли шахс раҳбарлик қилаётганини ҳам хабар қилганди.

2 октябр куни эса Покистон армияси матбуот котиби¸ генерал Атҳар Аббос Озодлик билан суҳбатда ўз идораси қўлида Тоҳир Йўлдошнинг ўлганини тасдиқловчи¸айни пайтда бу хабарни инкор қилувчи етарли далил йўқлигини билдирди.

- Биз ҳам Вазиристондан Тоҳир Йўлдошнинг ракета ҳужумлари натижасида бир ой аввал ўлдирилгани ҳақида маълумот олмоқдамиз. Аммо ҳозирча буни тасдиқловчи ишончли далиллар йўқ, деди Покистон армияси матбуот котиби Атҳар Аббос.

Ўша куннинг ўзида, яъни 2 октябр куни Озодлик билан суҳбатлашган Ройтерс ахборот агентлигининг Пешавордаги мухбири Роберт Бирсол ўз ҳамкасблари маҳаллий разведка бошқармасидаги манбадан Тоҳир Йўлдошнинг ўлганига доир ишончли маълумот олганини билдирди.

- Бизга буни мамлакат шимол-ғарбий разведка хизмати вакиллари норасмий тарзда тасдиқлашди. Манбалардан бири Пешоварда жойлашган. Улардан қўшимча ахборот олишнинг имкони бўлмади. Бу нозик масала ва улар бу ҳақда матбуотга гапиришни истамайди. Бизнинг ишонишимизча¸ Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани рост¸ деди Ройтерс ахборот агентлигининг Пешовардаги мухбири Роберт Бирсол Озодлик билан суҳбатда.

Жанубий Вазиристондаги пушту журналисти Сайлаб Меҳсуд ҳам маҳаллий разведка манбалари Тоҳир Йўлдошнинг 27 август куни мазкур минтақанинг Канигурум қишлоғига уюштирган ракета ҳужумларидан оғир жароҳат олгани ва кўп ўтмай ўлганини билдирганини айтган.

Маҳаллий журналистга кўра¸ Тоҳир Йўлдош билан бирга унинг қатор жангарилари¸ шунингдек, айрим толиб қўмондонлари ҳам ўлган.

- Разведка маълумотларида айтилишича¸ толибларнинг маҳаллий қўмондонларидан бўлган Нур Ислом¸ Абдуллоҳ ва яна бошқалар айни ҳужумдан жароҳат олган. Айтилишича¸ мазкур ҳужум оқибатида Тоҳир Йўлдош оғир яраланган ва қўли ҳамда оëғидан ажраган. Аммо толибоннинг Покистондаги етакчиси Қори Ҳусайн¸ бундай хабарларнинг асоссизлигини айтишдан қолмаяпти¸ деганди Сайлаб Меҳсуд.

3 октябр куни Ўзбекистон Исломий ҳаракати расмий нотиғи Абдул Фаттоҳ Аҳмадий номидан келган баёнотда эса ҳаракат лидери Тоҳир Йўлдошнинг тирик экани ва ҳатто мажлисларда нутқ ирод қилаётгани даъво қилинади. Аммо мазкур баёнот ва аудиоёзувларнинг нечоғли ҳақиқий эканини мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг имкони йўқ.
XS
SM
MD
LG