Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:49

Яхши ҳаëт орзуси ортидан


Швециядаги сиëсий тадбирларда қатнашишга рўйхуш бермса-да¸ бу мамлакатга сиëсий баҳона билан келаëтган ўзбекистонликлар сони ортиб бормоқда.
Швециядаги сиëсий тадбирларда қатнашишга рўйхуш бермса-да¸ бу мамлакатга сиëсий баҳона билан келаëтган ўзбекистонликлар сони ортиб бормоқда.

“Ўзбекистон фуқароларини сиёсий қочқин сифатида ноқонуний йўллар билан Швецияга жўнатаётган гуруҳ фош этилди”. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб, Россия ва халқаро ахборот агентликлари хабар берди.

Ўзбекистон фуқароларини ноқонуний йўллар билан Швецияга юборган жиноий гуруҳга оид хабарлар кетма-кет Россия ва Ғарб ахборот агентликларида пайдо бўлди.

Бу хабарларга кўра, Ўзбекистоннинг 39, баъзи манбаларга кўра эса 27 ёшли фуқароси ўз ҳамюртларидан 4500 АҚШ доллари олиб, уларнинг сиёсий қочқин сифатида Швециядаги қочқинлар лагерига етиб олишини таъминлаган.

Бунинг учун эса¸ қочқинликка талабгорлар аввал Қозоғистонга олиб ўтилган ва ердаги Литва элчихонасидан Шенген келишувига қўшилган давлатлар визаси олиниб, Тошкентдан Вильнюсга учириб юборилган. Вильнюсда эса уларни ўзбекларнинг яна бир гуруҳи қарши олган ва Швециянинг қочқинлар лагеригача элтиб қўйган.

“Регнум” агентлигининг хабар қилишича, бу ҳақда хабар берган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораси расмийси шундай ноқонуний йўллар билан Швецияга етиб борган ўзбекистонликларнинг Ўзбекистонни ёмонлаш, Тошкент ҳукумати шаънига бўҳтон ёғдириш эвазига қочқинлик мақомини олишини таъкидлаган.

Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилиб, бу борада қўшимча маълумот ололмаганимиз боис, дастлаб, Литванинг Қозоғистондаги элчихонасига боғландик. Элчихона ходими гапнинг аввалидаёқ Ўзбекистон фуқаролари Литванинг Қозоғистондаги эмас, балки Туркиядаги элчихонасига бириктирилганини айтди.

- Литванинг Қозоғистондаги элчиси айни пайтда Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларига хизмат кўрсатиш учун аккредитация олган.
Ўзбекистон фуқароларига эса¸ Литванинг Анқарадаги элчихонаси консуллик хизматини кўрсатади. Лекин баъзи истисно ҳоллардагина биз Ўзбекистон фуқароларини қабул қилишимиз мумкин, яъни Анқаранинг узоқлиги ва мурожаат қилувчининг вақт бўйича имкониятини инобатга олган ҳолда.

Сиз тилга олаётган ҳолат бўйича эса, марҳамат, ёзма равишда мурожаат қилинг. Биз масалани ўрганамиз ва ёзма равишда жавоб қайтарамиз, деди Литванинг Қозоғистондаги элчихонаси ходими.

Биз элчихонага ёзма мурожаат йўллагач¸ Швеция расмийлари билан боғландик.

Швеция Миллий хавфсизлик хизмати ходими, 10 йиллардан буён бу давлатга келаётган мигрантлар билан ишлаётган детектив Лэйф Свенссон бу хабарларга муносабат билдира туриб, Швецияга келишни истаган фуқароларни ноқонуний йўллар билан йўллаётган гуруҳлар борлигини инкор қилмади.

- Фикримча, Ўзбекистондан бошпана излаб, Швецияга келган қочқинлар сони сўнгги йиллар ичида кўпайди. Бу қочқинлар мамлакатга келиши биланоқ сиёсий бошпана сўраб, бизга мурожаат қилишади.

Бундай мурожаатлар ўрганиб чиқилгунча, улар яшаш ва ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Табиийки, мурожаат қилганлар орасида ҳаммаси ҳам қочқинлик мақомини ололмайди.

Аммо бу давлатга етгунча улар босиб ўтган ноқонуний йўллар ва буни уюштирган жиноий гуруҳларни Швециядан туриб, аниқлаш осон бўлмайди, дейди Лэйф Свенссон.

Аммо дейди Швеция махсус хизмати ходими, қай йўл билан ва қайси давлатдан келишидан қатъий назар¸ одамлар ўз юртидаги ҳаётдан сиëсий сабаблардан кўра яхшироқ ҳаёт қидириб, Швецияга келмоқда.

- Бу одамларнинг аксарияти яхши ҳаётни истагани боис, шу ишга қўл уради. Улар Швецияда ишлашни, болалари учун фаровон келажак таъминлашни истайди ва кўпинча, жиноий гуруҳларнинг алдовига учраб, жабрдийдага айланиб қолади.

Агар ўз ихтиёри билан бу жиноятга қўл урган қочқин ёки буни уюштирган шахслар аниқланса, табиийки, улар жазоланади.

Ноқонуний йўллар билан келган шахслар, мисол учун, ўзбекистонликлар ҳам юртига қайтарилади, дейди Швеция махсус хизмати ходими Лэйф Свенссон.

Ҳозирда Швецияда қочқинлик мақоми берилмаган ёки аввалига берилган бўлса-да, кейин бу мақомдан маҳрум қилинган Ўзбекистон фуқаролари ҳам кўпайиб қолди. Буни тасдиқлаган швециялик адвокатлардан бири шахсий ўзининг шу кунларда бир неча қочқин ҳуқуқини ҳимоя қилаётганини айтди.

Унинг фикрича, Ўзбекистондан Швецияга қадар оғир ва машаққатли йўлни қонуний ёҳуд ноқонуний йўллар билан босиб ўтаётган одамлар, энг аввало, ўз юртидаги турмуш шароитидан қониқмаётгани ва ўзи истаган юртда яшаш ҳуқуқига эга эканини унутмаслик лозим.

- Ўзбекистондаги бугунги сиёсий-иқтисодий аҳволнинг нақадар оғирлиги халқаро жамоатчиликка маълум. Бу давлатдан инсонлар, энг аввало, эркинлик ва нормал ҳаёт излаб келаётгани сир эмас, дея урғулади швециялик адвокат Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG