Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:40

"20 июнь - ўзбекларнинг ҳақиқий миллий байрамига айланади!"


Ўзбекистон мустақиллиги учун кураш авангарди бўлган мухолифатдаги Эрк партияси марказий кенгаши йиғини иштирокчилари.
Ўзбекистон мустақиллиги учун кураш авангарди бўлган мухолифатдаги Эрк партияси марказий кенгаши йиғини иштирокчилари.

Собиқ СССР таркибидаги республикалар орасида биринчилар сафида 1990 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Орадан 26 йил ўтиб¸ “Биз, Ўзбекистон халқи” сўзлари билан бошланадиган бу тарихий ҳужжат ҳам¸ унинг муаллифлари ҳам аксар ўзбекистонликлар хотирасидан кўтарилиб улгурди.

Декларация муаллифи Отаназар Ориповнинг айтишича, ҳужжатда Ўзбекистон СССРдан мустақил давлат бўлиши ёзилган эди. Компартия раҳбарлари Мустақиллик декларацияси овозга қўйилишидан аввал унинг мазмунини ўзгартиришга ҳаракат қилганди.

“Жуда катта қаршилик бўлди. Хусусан, Ислом Каримовнинг ўнг қўли ҳисобланган Ўзбекистон марказкомининг рус секретари Ефимов жуда катта қаршилик кўрсатди,- деб эслайди “Эрк” партияси етакчиси, Мустақиллик декларацияси матни устида чиққан мунозаранинг бевосита иштирокчиси Муҳаммад Солиҳ.

- Тақдим қилингандан кейин овозга қўйилишидан олдин матн таҳрири устида ишлаш учун Мирсаидов бошлиқ Эркин Воҳидов, Нурали Қобил ва бошқалар ичкарига кириб кетди. Улар бироз ҳаяллади. Улар тезда олиб чиқиши керак эди. Матн устида деярли ҳаммамиз келишиб олган эдик. Мен булар нимага кечикаяпти, деб кирсам матн олдида Мирсаидов ўтирибди. Сал нарироқда Эркин Воҳидов ва Нурали Қобил гаплашиб турибди. Юзларида хавотир бор эди. Мен Мирсаидовдан нима бўлаётганини сўрасам, у секин Ефимовга ишора қилиб, ўша қаршилик қилаётганини айтди. Ефимов Москвага қўнғироқ қилаяпти. “Булар хоинлик қилаяпти. Бу ерни националистлар эгаллаб олган. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилмоқчи”, деб очиқ текстда айтаяпти. Кейин у телефонни қўйиб бизнинг яқинимизга келди. Мен унга: “Ўзбекистон сизнинг конституциянгизда ҳам суверен мустақил жумҳурият. Сизнинг бизнинг ишимизга аралашишга нима ҳаққингиз бор”, деб очиқдан-очиқ гапирдим. “Унда билганларингизни қилинглар”, деб қизариб ўрнидан туриб кета бошлади. Ўша пайтда Каримов кириб келди. У: “Нима бўлди? Яна жанжал қилаяпсизларми?” деди”.

Мустақил Ўзбекистон президентининг расмий таржимаи ҳолида: “Ислом Каримов 1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қилди”, деб ëзилган. Ўзбек халқи учун олий неъмат бўлмиш мустақиллик учун халқ унга, яъни Ислом Каримовга миннатдорлик айтиши, бу ютуқ бевосита унинг номи билан боғлиқлиги расмий матбуотнинг севимли ва асосий мавзусига айланган.

“Президент, мен очиқ айтишим мумкин, том маънода у ердан қочиб кетди. Президент декларация овозга қўйилаëтганда ҳам кулис орқасида юрди ва у ерда доим провакация қилиб турди. У парламент буни қабул қилмаслигини очиқ истади”,- дейди Муҳаммад Солиҳ.

- Лекин парламентнинг юздан 95 фоизи биз тарафда эди. Ҳатто руслар ҳам қўл кўтариб овоз берди. Овозга қўйилиб қабул қилингандан кейин ўша куниëқ Каримов соат 6 ларга яқин Тошкентдан Андижонга кетди. У Москвадан қўрққанидан қочиб кетди. Москва буни эшитиб, мени компартия секретарлигидан олади, деб қўрққан. Бошқа бир сабаби йўқ¸ дейди Ўзбекистон халқ ҳаракати етакчиси Муҳаммад Солиҳ.

1990 йилги Олий Кенгашда мустақил депутат бўлган Абдувоҳид Паттаев 20 июнь кунги декларация ҳақида эслаб: “Бу мустақилликка қараб босилган илк қадам эди. СССР республикалари ичида биринчи бўлиб кўтарилган масала эди. Ўзбекистоннинг кейинги Мустақиллик декларацияси асосини биз қабул қилган 20 июндаги декларация ташкил қилди”,- деди.

Муҳаммад Солиҳ 1990 йил 20 июнь ўзбек халқининг ҳақиқий мустақилликка эришган куни, деб билади:.

- Ҳеч шубҳасиз, 20 июнда қабул қилинган Мустақиллик декларацияси халқнинг қабул қилинган ҳақиқий декларацияси эди. Чунки 31 августда қабул қилинган декларация бу ўша хунта йиқилгандан кейин, Совет Иттифоқи тарқаб бўлгандан кейин мажбуран, зўраки қабул қилинган декларация эди. Бу 20 июнда қабул қилинган декларацияни рад этиш, дегани эди. Биз зотан мустақил эдик. Иккинчи марта мустақилликни қабул қилиш 20 июнда биз мустақил бўлмадик, деган гапни тан олиш эди. Мен буни тарихий жиноят ҳисоблайман. Чунки халқ қабул қилган мустақилликни рад этиб, 1991 йил март ойида референдумда қатнашиш, кейин 31 августда иккинчи марта Мустақиллик декларациясини қабул қилиш, албатта, сиëсий шармандаликдан бошқа нарса эмас. Бу режим кетгандан кейин халқ ўз байрамини қутлайдиган кунлар келади. 20 июнь миллатимизнинг миллий байрамидир”,- деди Муҳаммад Солиҳ.

XS
SM
MD
LG