Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:39

Мулозимларни сувга пишган ҳоким туман ҳокимига танбеҳ берди. Туман ҳокими сўкинганини тан олди


Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.
Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.

Иш фаолиятимизнинг кўп қисми ҳокимлар ва раҳбарларни тартибга чақириш билан ўтиб кетяпти. Миришкорнинг зўравон ҳокими ўз ҳатти-ҳаракати билан вилоят номига доғ туширди.

Бу гапни Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев 3 мартда вилоят ҳокимлигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда айтгани тўғрисида "Халқ сўзи" хабар қилди.

Йиғилишда дастлаб куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг аудиоси ва Яккабоғ туманидаги фермер ишчилари ўртасида низолар муҳокама этилган

"Бирор бир ҳокимдан яхши ташаббус кўрмаймиз, одамларнинг турмуш-тарзини яхшилаш мақсадида улар таклиф ҳам бермайди. Афсуски, замон ўзгараётганини сиз раҳбарлар сезмаяпсизлар”, - деган вилоят ҳокими.

Хабар қилинишича, йиғилишда вилоят ҳокими Миришкор туман ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг хатти-ҳаракати Регламент ва одоб комиссияси ва депутатлар иштирокида муҳокама этилиши лозимлигини ҳам айтиб ўтган.

Бахтиёр Ражабовнинг овози ёзилган аудио Озодликда бор, лекин 2,5 дақиқали аудиони эълон қилиш имконсиз - уят сўзлар ўчирилса, деярли ҳеч нарса қолмайди.

Миришкор туман ҳокими Бахтиёр Ражабов ижтимоий тармоқларда тарқалган овоз унга тегишли эканлигини тан олди ва мазкур қилмишини маҳалла раисининг беписанд муомаласи билан изоҳлади. Бу ҳақда daryo.uz сайти хабар қилди.

— Маҳалла раисларидан бири берилган топшириқни бажармагани етмагандек, бу ҳолатга изоҳ сўраганимда нописанд жавоб берди. Қолаверса, чарчоқ ҳолатида бўлганим учун ўзимни бошқаролмай сўкиб қўйибман, — деган Бахтиёр Ражабов daryo.uz сайти мухбири билан суҳбатда, — Мен солиқ тушумлари тўғридан-тўғри бюджетга тушишини, бизларнинг ойлигимиз ҳам шу пул ҳисобидан тўланишини тушунтирдим.

Бахтиёр Ражабовнинг айтишича, мазкур воқеа 28 февраль, жума куни, бўлиб ўтган йиғилиш сўнгида содир бўлган. Бу пайтда воқеа жойида туман солиқ инспекцияси раҳбари, молия бошлиғи бўлган. Йиғилиш эса бюджет тушумларига бағишланган.

Ўша кунги йиғилишда иштирок этган маҳалла раисларидан бирининг маълумот беришича, ҳоким йиғилишда 5-6 нафар маҳалла раисини урган. Ҳокимдан калтак еган маҳалла раислари орасида депутат ҳам бўлган.

Миришкор ҳокими «Дарё» мухбирининг аудиоёзувда кимнидир ураётгани эшитилгани, кимга қўл кўтаргани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, мазкур овоз монтаж қилиб қўшилганини айтган.

— Йиғилишда сўкинганим рост, аммо ҳеч кимга қўл кўтармадим, — дейди ҳоким. — Кимгадир қўл кўтарилгани акс этган овоз монтаж қилиб қўшилган.

Миришкор туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Хўжаев ҳам воқеа содир бўлган пайт воқеа жойида бўлганини айтиб, ҳокимнинг маҳалла раисларига қўл кўтарганини рад этмоқда.

— Ўша куни воқеа жойида мен ҳам бор эдим, ҳоким ҳеч кимга қўл кўтармади, — дейди Шуҳрат Хўжаев. — Қолаверса, ҳокимнинг ҳақоратли сўзлари барчага эмас, бир кишига қаратилганди.

"Миришкор ҳокими ва матбуот котиби ҳақоратли сўзлар айнан бир кишига қаратилганини айтса-да, унинг ким эканлигини эслолмади", деб ёзди daryo.uz.

Бахтиёр Ражабов Миришкор туманида иш бошлаганига қарийб тўрт ой бўлганди. Бунга қадар у вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Бахтиёр Ражабовдан аввал туманга раҳбарлик қилган Равшан Комилов неваралари билан бегона даладан думбул терган кишини ҳақоратлаганди. Собиқ ҳоким кишини ўғриликда айблаётгани акс этган видеоёзув кейинчалик тарқалган.

Мулозимларни сувга тушириб таҳқирлаган собиқ бош вазир муовини Зойир Мирзаев 2019 йилнинг октябрида ​Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG