Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:34

Қирғизистоннинг янги президенти Тошкентга келди. Чегара, темир йўл ва бизнес лойиҳалар муҳокама қилинди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ташкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, иқтисодиёт, сув-энергетика, чегара, темир йўл ва транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Икки давлат ўртасидаги муносабатларда айни шу соҳаларда бир қатор муаммолар мавжудлиги айтиб келинади.

Сафарнинг умумий кун тартиби

Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров 11 мартда Ўзбекистонга вазирлар, депутатлар ва ҳукуматнинг вилоятлардаги вакиллари ҳамкорлигида борди.

Қирғиз делегациясини Тошкентдаги аэропортда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. Сўнгра пойтахтдаги Кўксарой резиденциясида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий учрашуви бўлиб ўтди.

Расмий учрашувдан сўнг икки президент кичик ва кенгайтирилган доирада музокара олиб борди.

Жапаровнинг давлат сафари 2 кун давом этади. Бу кунлар давомида у Олий Мажлис раисаси Танзила Норбоева, Қонун чиқариш палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов ва Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашиши белгиланган.

Бундан ташқари меҳмонлар ташқи савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган қирғиз-ўзбек бизнес форумида ҳам иштирок этади.

Қирғизистон Президенти матбуот хизмати Тошкентга қилинган давлат сафарида сиёсий ва савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида музокаралар ўтаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, Тошкент ва Бишкек ўртасида энг асосий масалалардан бири – чегара мавзусида ҳам сўз бориши айтилди.

Расмий: Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири - чегара

Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги 1378 километрлик чегаранинг 1170 километри ёки 85% 2017 йили аниқланган. Яна 10% бўйича келишилгани хабар қилинган. Бироқ улар ҳукумат ва парламентлар томонидан тасдиқланиб, ратификация қилиниши керак. Ҳозирги сўзлашувлар айни ўша 10% ва қолган 5% чегара доирасида бўлмоқда.

“Президентлар учрашувида чегара масалаларини аниқлаш ишларини давом эттириш муҳокама қилинаяпти десак бўлади. Яъни, тезлаштириш борасида сўз бўляпти. Деталли тарзда икки томонлама комиссия даражасида сўзлашувлар кетмоқда. Мазкур комиссия ишини давом эттиряпти. Ўтган йил декабрда қўшнилар бизга келиб кетган, энди улар чақиради, биз борамиз. Ҳозир аниқланмаган тўққиз участка бор. Улар қаер экани ҳозирча айтилмайди”, - деди Қирғизистон ҳукуматининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубаев.

Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистоннинг Сўх, Чўнғара -Қалча, Шохимардон, Тоштепа деган тўрт эксклави бор. Ўзбекистон ичида эса Қирғизистоннинг Барак эксклави бор.

Барак бошқа ерга алмаштирилгани айтилгани билан бу маълумот расман эълон қилинмаган. Бироқ чегараларда низо чиққани сари турли даражадаги муҳокамаларда мазкур анклавларни бошқа ерларга алмаштириш тўғрисида таклифлар айтилиб туради.

Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси деярли икки баробарга ўсди

Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари Ислом Каримов даврида ёмонлашганди. 2016 йили Каримов вафот этганидан бир ой ўтиб, Тошкент билан муносабатлар яхшилана бошланди.

Ўшандан бери қирғиз президентлари Алмазбек Атамбаев, кейинроқ Сўўрўнбай Жээнбеков Тошкентга бир неча марта бориб келди. Бу орада Шавкат Мирзиёев ҳам Бишкекка келиб кетган.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитасининг билдиришича, Қирғизистон -Ўзбекистон савдо айланмаси 2016 йили 192 млн. доллар бўлган. 2020 йили эса 341 млн. долларга етди.

4-5 йилда Қирғизистоннинг Ўзбекистонга экспорти 125 млн. доллардан 152 млн. долларга ўсган бўлса, Ўзбекистоннинг Қирғизистонга экспорти 67 млн. доллардан 200-300 млн. долларга етган.

Иқтисодчи Мирланбек Убайдуллаев бунга қўшни давлат иқтисодиётининг кучлилиги сабаб эканини айтади:

“Қирғизистоннинг статистик маълумотлари анчагина ўзгартирилган, аниқ эмас маълумотлар. Негаки, Ўзбекистон берган маълумотлар савдо айланмаси бундан анчагина кўп эканини кўрсатяпти. Бироқ шунда ҳам Ўзбекистон экспорти бизникига нисбатан анчагина ўсаётгани кўриняпти. Тадбиркорликнинг, бизнеснинг ривожланиши қўшниларда давлат томонидан назорат қилинади. Бирорта ҳам маҳсулот давлат назоратисиз ташқарига чиқмайди. Шу сабабли биз иқтисодиётда уларга тенг келишимиз қийинроқ”, - дейди иқтисодчи.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси

Қўшнилар билан ҳамкорликдаги яна бир йирик масала - бу Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси. Унинг қурилиши тўғрисида ўтган асрнинг охиридан бери гап боради. Ўшандан бери томонлар йўлнинг эни, йўналиши бўйича бир фикрга келмаган.

Тошкент бу лойиҳага Ислом Каримов даврида қаршилик кўрсатган бўлса, Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач иш ўрнидан жилган. Бу орада лойиҳага Хитойдан ташқари Россия ҳам аралашмоқчи бўлган. Баъзи маълумотларда айтилишича, қурилиш ишлари 2020 йили бошланадиган бўлиб, кейин яна номаълум муддатга қолдирилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев Ўзбекистонга сафар олдидан “Акипресс” ахборот агентлигига берган суҳбатида шу лойиҳа тўғрисида гапирган эди:

“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси бўйича уч томонлама экспертлар учрашувлари тинмай ўтиб турибди. Унда техник, молиявий ва бошқа масалалар муҳокама қилинади. Ҳозир томонлар бу лойиҳа бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Ўтган йилнинг июль ойида сўзлашувлар натижасида лойиҳани анализ қилиш учун Қирғизистоннинг соҳа вазирликлари ва идора вакилларидан иборат молиявий-иқтисодий ишчи гуруҳ тузилган, улар бугунги кунда ўзбек томони билан сўзлашувларни олиб бормоқда”.

Ўзбекистонга электр энергияси сотиб келган Қирғизистон энди электрни Ўзбекистондан сотиб олишга мажбур

Қирғизистон билан Ўзбекистон асосан сув ва энергетика йўналишида узвий боғлиқ. Чунки Қирғизистоннинг кўп дарёлари Ўзбекистонга оқади. Дарёларнинг асосий қисмида қирғиз томонида ҳам ўзбек томонида ҳам сув омборлар қурилган.

Уларнинг энг каттаси “Тўқтўғул” ГЭСини сув билан таъминлаган Норин дарёсидаги сув омбори. “Тўқтўғул”да сув озайса бу Қирғизистонга ҳам Ўзбекистонга ҳам қийинчилик туғдиради.

Ҳозир у ердаги сув кўлами камайиб кетди ва 9 млрд. кубга яқинлашди. Захира 6-7 млрд.га тушиб, қолса ГЭС иши чекланади.

Шу сабабли Қирғизистон шу кунларда "Тўқтўғул"да сув тўплашга, электр энергиясини эса Қозоғистон ва Ўзбекистондан сотиб олишга мажбур. Расмий Нур-Султон бунга рози, Тошкент позицияси аниқ эмас.

Бундан ташқари Ўзбекистон Қирғизистондаги “Қамбарота -1” ГЭСини қуришда кўмаклашишга ишора қилган. Бироқ бунга доир лойиҳадан хабар йўқ.

2021 йилнинг 10 январида ўтган сайловда ғолиб бўлган янги президент Садир Жапаров халқаро муносабатларни изга солиш учун февраль охирида Россияга иш сафари билан бориб келди. Март ойи бошларида Қозоғистонга давлат сафари билан борди. Ўзбекистондан кейин баҳор ёки ёз ойларида Қирғизистон президентининг Туркияга бориши кутилади.

XS
SM
MD
LG