Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:33

Ўқитувчиларга уйма-уй юриб, карантиндаги ўқувчиларнинг дарс қилаётганини суратга олиш буюрилди


Ўқувчилар пандемия сабаб 16 мартдан таътилга чиқарилди. Ҳозирда онлайн таълим тизими йўлга қўйилган.
Ўқувчилар пандемия сабаб 16 мартдан таътилга чиқарилди. Ҳозирда онлайн таълим тизими йўлга қўйилган.

Андижоннинг Избоскан туманида ўқитувчиларга ўқувчиларнинг онлайн дарсларни қандай ўзлаштираётганини текшириш ва бу ҳақда ҳисобот тайёрлаш топширилди.

Ўқитувчиларнинг Озодликка айтишича, улар карантинга қарамай уйма- уй юриб, ўқувчиларнинг дарс қилаётганини суратга олишлари лозим.

Ўқитувчилар, улар агар бу топшириқни бажармаса, ойлик маошинингиз қирқилади, деб таҳдид ҳам қилинганини иддао қилишди.

Избоскан туман халқ таълими мудири Азизилло Абдукаримов бундай топшириқ берилганини инкор қилиб, Озодлик саволларига жавоб беришдан қочди.

Ўқитувчиларга ўқувчиларнинг онлайн дарсларни қандай ўзлаштираётгани борасида ҳисобот қилиш топширилганини Избоскандаги иккита мактаб ўқитувчилари ва раҳбарлари тасдиқлади.

Озодлик суҳбатлашган ўқитувчилар ва мактаблар раҳбарларининг барчаси ишдан ҳайдалишдан қўрқиб, шахсини очиқламасликни сўради. Ўқитувчилар илтимосига кўра, улар ишлайдиган мактаблар ҳам очиқланмайди.

Шунингдек, Озодлик тасарруфида ўқитувчилар жўнатган суратлар ҳам мавжуд, бироқ ўқитувчилар илтимосига кўра, суратлар ҳам эълон қилинмаяпти.

Карантиндаги ўқувчи ҳақида фотоҳисобот

Избосканлик ўқитувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, онлайн дарслар бошлангач, уларга ўқувчилар уйига бориб, фотоҳисобот тайёрлаш топширилган:

“Уйида Интернети йўқ оилаларга бориб, ўқувчиларнинг онлайн дарс қилиб ўтирганини суратга олишимиз керак экан. Ҳар бир ўқитувчига ўзи раҳбарлик қиладиган синфидаги ўқувчилар бириктирилган. Интернети борлардан боласини дарс қилиб ўтирганини суратга олиб жўнатишни сўрадик. Бошқаларига ўзимиз боришимиз керак. Кейин бу суратларни ҳисобот сифатида Телеграмдаги каналиимизга жойлар эканмиз”.

Шундай топшириқ олган бошқа бир ўқитувчи уйма- уй юришдан қўрқаётганини айтди:

“Борганимда ота-оналар жуда ёқтирмай гаплашишди. Агар биз бориб кетганимиздан кейин шу оилада вирус аниқлангудай бўлса, бошқа жойдан юқтиришган бўлса ҳам ўқитувчи айбдор бўлади. Йўқ жойда балога қолишимиз мумкин. Кейин ўзим учун ҳам қўрқаман. Ҳамма карантинда ўтирган бўлса, нимага биз ўзимизни хавфга қўйиб, уйма- уй юришимиз керак?”.

Избосканлик яна бир ўқитувчи фотоҳисобот қилмаган ўқитувчининг ойлигидан қирқиш билан таҳдид ҳам қилинганини иддао қилди:

“Бериладиган ҳар бир топшириқлари ойлигимизга таъсир қилади. Бажармаган одамнинг ойлиги кам чиқади. Ҳозир ҳам “Ойлигим яхши бўлсин, десанглар, яхшилаб ишланглар”, деган гап қилишди. Ҳар доим очиқча айтилади. Топшириқни бажаришга мажбурмиз шунинг учун”.

Карантинга қарамай давом этаётган мажлисбозлик

Карантин сабаб мажлисбозликлар тўхтатилганига қарамай 7 апрель куни Избоскан туман халқ таълими бўлими томонидан видеоселектор ўтказилди.

Эрталаб соат 9ларда бошланган мажлисга тумандаги ҳар бир мактабдан тахминан ўн нафардан одам қатнашган.

Мажлисда қатнашганлардан бирининг айтишича, улар видеоселекторда иштирок этиш учун мактабга боришган.

Мажлисда ўқувчиларнинг онлайн дарсларни ўзлаштириши масаласи ҳам кўтарилган.

“Телевизори йўқ ўқувчилар бўлса, телевизор билан таъминлаш ҳам айтилди. Энди ўрганишимиз керак, кимда телевизор бор йўқлигини. Қаердан телевизор топамиз, бошимиз қотган. Ишқилиб ҳамма ўқувчининг уйида телевизори бўлсин, бўлмаса телевизор топишга мажбур қоламиз”, деди Избоскандаги мактаблардан бирининг раҳбари.

Мудир инкори

Озодлик мухбири 7 апрель куни Избоскан туман халқ таълими мудири Азизилло Абдукаримов билан боғланди.

Абдукаримов ўқитувчиларга фотоҳисобот қилиш топшириғи берилганини мутлақо инкор қилди.

Мухбир бундай топшириқ берилганини тасдиқлайдиган шахслар билан гаплашганини айтиб, мисоллар келтирмоқчи бўлган пайти Абдураҳмонов телефон гўшагини қўйиб қўйди. Кетма- кет қилинган бошқа қўнғироқларимизнинг бирортасига жавоб бўлмади.

Мақолани тугатиш арафасида Избоскандаги мактаб раҳбарларидан бири Озодликка боғланиб, қуйидаги маълумотни етказди:

"Районо аллақачон ким Озодликка хабар берганини суриштиришни бошлади. Мактаб директорларига фотоҳисобот қилиш борасида топшириқ бўлганинини инкор қилиш айтилди. Эртага сизларга раддия эълон қилишади. Ҳозир мақола чиқишини кутишяпти".

Озодликка икки ҳафта аввал ҳам избосканлик ўқитувчилардан уйма-уй юриб¸ ота-оналар билан суҳбатлашиб чиқиш топшириғи бўлгани борасида шикоят бўлган.

Туман халқ таълими бўлими ўша пайтда ҳам бу маълумотни инкор қилиб, Озодликка раддия йўллаган эди.

Онлайн дарслар

16 мартдан Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши билан барча таълим муассасалари ёпилиб, ўқувчилар таътилга чиқарилди.

30 мартдан бошлаб мактаб ўқувчилари учун масофавий таълим бошланди.

Учта телеканал орқали ўқувчилар учун теледарслар йўлга қўйилди.

Айрим лицей ва коллежлар Интернет орқали онлайн ўқитиш тизимини йўлга қўйди.

Айни пайтда¸ мамлакатнинг чекка ҳудудларида электр тақчиллиги ва Интернет йўқлиги боис¸ ҳукуматнинг дарсларни масофавий режимга ўтказиш ҳаракатининг муаммога учраëтгани кузатилмоқда.

Ушбу жараённи Озодликнинг жонли блоги орқали кузатинг:

XS
SM
MD
LG