Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:23

Ўзбек телеканалларидаги айрим диний кўрсатувлар тўхтатилди


"Маданият ва маърифат" телеканалидаги "Олтин силсила" кўрсатуви ҳам 3 ҳафтадан бери эфирга берилмаяпти
"Маданият ва маърифат" телеканалидаги "Олтин силсила" кўрсатуви ҳам 3 ҳафтадан бери эфирга берилмаяпти

Ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонлик юзерлар орасида Ўзбекистон телеканалларидаги қатор диний кўрсатувларнинг тўхтатилгани баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда.

Бу мунозарага муносабат билдирган МТРК масъуллари, Озодлик билан 12 июль кунги суҳбатда "диний кўрсатувларнинг даврий бўлгани учун тўхтатилганини" билдирди.

Диний мазмундаги кўрсатувлар энг кўп намойиш қилиб келинган “Маданият ва маърифат” телеканалидаги камида олтита диний кўрсатув 25 июндан буён эфирга чиқарилмаяпти.

Жумладан, жорий йил март ойидан буён ҳар чоршанба куни эфирга узатилиб келинган “Қуръони каримни ўрганамиз” кўрсатуви сўнгги уч ҳафтада намойиш қилинмади. Ушбу кўрсатувнинг Youtubeга жойланган сонларининг кўпчилиги ҳам ўчириб ташланди.

Диний кўрсатувлар тўхтатилгани ижтимоий тармоқлардаги муайян гуруҳлар эътирозига сабаб бўлгани кузатилмоқда.

Жумладан, Facebook фойдaланувчиларидан бири 9 июль куни кетма- кет учинчи ҳафта "Маданият ва маърифат" телеканали эфирида диний- маърифий кўрсатувлар йўқолганига" ҳеч қандай изоҳ берилмаганини танқид қилди.

Озодлик боғланган “Маданият ва маърифат” телеканали масъулларидан бирига кўра, диний мазмундаги кўрсатувларни намойиш қилмаслик, умуман диндорларни кўрсатувларга таклиф қилмаслик борасида юқоридан кўрсатма берилган.

“Диний кўрсатувлар тўхтатилган, соқолли одамлар чиқарилмаяпти. Имом домлалар бирорта кўрсатувга таклиф этилмайдиган бўлди”, деди исми очиқланмаслигини сўраган телеканал масъули.

Озодлик мазкур телеканалнинг Facebookдаги расмий саҳифасида диний кўрсатувлар ёпилгани билан боғлиқ қолдирган саволларига қуйидаги жавобни олди:

“МТРК тизимида тайёрланиб, эфирга узатиб келинган, диний-маърифий мазмундаги кўрсатувларни янада такомиллаштириш, тайёрлаш учун сарфланадиган ресурсларни бирлаштириш орқали ривожлантириш, ғоявий-мазмуний савиясини янада ошириш, бу кўрсатувларда иштирок этадиган соҳа мутахассисларининг чиқишлари такрорини олдини олиш мақсадида, "Ўзбекистон" телеканалининг "Ҳидоят сари" ва "Зиё" кўрсатувларига барча имкониятлар сафарбар этилишига келишилди”, дейилади телеканалнинг Facebookдаги саҳифаси орқали жўнатилган маълумотда.

Озодликнинг “Эндиликда МТРКда фақат “Ҳидоят сари” билан “Зиё” кўрсатувлари қоладими”, деган саволига “Маданият ва маърифат” телеканали масъули тасдиқ жавоби берди.

МТРКнинг Озодлик боғланган масъули "Маданият ва маърифат" телеканалидаги диний кўрсатувлар тўхтатилганига бошқача изоҳ берди.

"Бу кўрсатувлар бошидан даврий кўрсатув шаклида бўлган. Уларга белгиланган муддат тугагани учун ҳозир кўрсатувлар тўхтади. Бу кўрсатувлар эфирга берилмасидан аввал даврий кўринишда бўлишига қарор қилинган. Режага кўра, кўрсатувлар барчаси даврий бўлган. Ҳеч нарса ўзгармади. Олдиндан диний кўрсатувлар "Ўзбекистон" телеканали орқали бериб келинган. Ҳозир ҳам шунақа, шу телеканал орқали диний кўрсатувлар намойиш қилинаяпти", деди исми очиқланишини истамаган МТРК масъули.

Ўзбекистон телеканалида ишлайдиган журналистлардан бири иддаосига кўра, диний мазмундаги кўрсатувларни тўхтатиш ҳақида шахсан Ўзбекистон президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов томонидан кўрсатма берилган.

“Яқинда бир гуруҳ журналист Хитойда бўлиб қайтди. “Ахборот” командасидан еттита репортаж юборган экан, шундан бештасини беришмапти. Сабаби соқоллилар бор экан интервью берганлар орасида. Ҳозир соқолга қаттиқ цензура бор ТВда, айниқса, "Ўзбекистон 24" ва “Ахборот”да”, деб иддао қилди телеканал журналисти.

Кейинги бир йил давомида аксар телеканаллар, жумладан, “Маданият ва маърифат” телеканалида диний мазмундаги кўрсатувлар сонининг кўпайгани кузатилган эди.

Хусусан¸ Ўзбекистон Мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда тайёрланган “Сўраган эдингиз” кўрсатуви ёки Ҳадисларга шарҳ бериладиган “Олтин силсила” кўрсатувлари мунтазам намойиш қилиб келинди.

Яқинда Тошкент шаҳар бош имом-хатиблигига тайинланган шайх Абдулазиз Мансурнинг “Битиклар мутолааси” кўрсатуви ҳам “Маданият ва маърифат” телеканалида мунтазам эфирга бериб келинган. Шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда кўрсатувининг намойиши тўхтатилганини шундай изоҳлади:

- “Битиклар мутолааси” деган дастурда араб хатларини ёзишни ўргатишни бошлагандим. Шунинг бир туркумини тугатдим. Ўзим тўхтадим. Энди иккинчисини тайёрлаб, яна бошлайман. Ўзи бу уч қисм, бир қисми тугади. Энди иккинчи қисмини тайёрлаяпман. Кейин учинчи қисми бўлади... Кўрсатувни ўзим тўхтатдим. Ҳозир ишимиз кўпайиб кетди. Шунинг учун тўхтаб қолди,- деди 12 июль куни шайх Абулазиз Мансур.

Шайх Абдулазиз Мансур билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Телеканалдаги кўрсатувимни ўзим тўхтатдим
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:26 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG