Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:38

Шовотлик мулозимлар: Ҳоким "Обод маҳалла" доирасидаги буйруқни бажаролмаган раҳбарларни калтаклади


Ўзбекистонда ҳокимларнинг давлат идоралари ходимларини калтаклаши кенг тарқалгани айтилади
Ўзбекистонда ҳокимларнинг давлат идоралари ходимларини калтаклаши кенг тарқалгани айтилади

Хоразм вилояти Шовот туман ҳокими Ҳакимбой Отахонов 18 июль куни “Обод маҳалла” дастури ижроси бўйича ўтказилган мажлисда "Агробанк" раҳбаридан тортиб туман сув хўжалиги ва йўл қурилиши идораси бошлиғига қадар ҳақоратлаб¸ калтаклаган.

Бу ҳақда мажлисда бевосита қатнашганлар¸ айни пайтда¸ ҳокимдан калтак еган мулозимлар бир-биридан мустақил равишда Озодликка хабар берди.

Озодлик Шовот тумани ҳокими Отахоновнинг ўзидан мазкур иддаолар юзасидан изоҳ ололмади.

Шовот туман ҳокими муовини Баҳром Отажонов Озодлик билан суҳбатда ҳокимнинг маҳаллий мулозимларни уриб-сўкканини инкор қилишга уринди.

Отажонов иддаосича¸18 июль куни “Обод маҳалла” дастурининг қандай бажарилаётгани бўйича мажлис ўтказган ҳоким¸ иши қониқарсиз деб топилган айрим амалдорларга танбеҳ берган¸ холос.

18 июль куни Шовот туманидаги "Дўстлик" касб-ҳунар коллежи олдида кечки соат 8 лар атрофида бўлган мажлис қатнашчиларининг Озодликка айтишича, “Обод маҳалла” дастурига кирган Шовот тумани марказидаги 72 хонадоннинг шифер қилинмагани ва фасади бўялмагани ҳокимнинг жаҳлини чиқарган.

Бу хабарни матбуотга чиқаргани учун жазоланишидан чўчиб¸ исми очиқланмаслигини сўраган шовотлик мулозим¸ ўзининг ҳоким қаҳрига учраб¸ калтак еганини айтди:

- Мен "Обод маҳалла" бўйича туман марказидаги маҳаллалардан бирига масъул килиб бириктирилганман. Ўз вазифамни ситқидилдан бажардим. Лекин туман ҳокими, ҳурматли Отаханов Ҳакимбой “Обод маҳалла”нинг 18 июль кечки разборида ҳамманинг олдида мени ва яна олти кишини “нега уйлар шифер қилинмаган” деб дўппослади, хақоратли сўзлар айтди. Мен шу даражада хўрландимки, мени ҳимоялайдиган ҳеч кимим йўқ. Ички ишлар бўлимига бориб¸ ҳоким урди десам¸ барибир эътибор ҳам бермайди, - деди Шовот туман идораларидан бири раҳбари.

Суҳбатдош¸ ҳокимнинг бу қадар зўравонликка боришини кутмагани учун¸ калтакланиш воқеасини видеога ëзиб олишга улгурмаганини билдирди.

Озодлик билан бир-биридан мустақил равишда гаплашган айни мажлис иштирокчиларидан яна тўрттаси ҳокимнинг мажлисга чақиритилганларни калтаклаганини тасдиқлади.

Ҳоким таъқибидан қўрқиб¸ исми сир қолишини сўраган шовотлик амалдорлардан яна бири Озодликка ҳокимдан калтак еганлар орасида ўзидан ташқари “Агробанк”нинг туман бўлими масъуллари, туман сув хўжалиги, йўл қурилиши бўлими мутасаддилари ва айрим маҳаллалар раислари бўлганини билдирди.

- “Обод маҳалла”нинг разборида ҳоким ҳаммамизни дўппослади. “Агробанк” туман бўлимининг икки ходимини "нега шиферга кредит бермайсан”, деб урди. Туман йўл қурилиши бўлими ва сув хўжалиги раҳбарлари ҳаммадан кўп таёқ еди, - деди шовотлик бу амалдор.

Шовот туман ҳокимлигининг Озодлик гаплашган мулозимлардан бирига кўра, 18 июль куни эрталаб Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари “Обод маҳалла” дастури қандай бораётганини кўриш учун Шовот туманига келган. Вилоят мутасаддиси уйлар шифер қилинмаганини кўриб, туман ҳокимига қаттиқ танбеҳ берган.

Мулозим изоҳига кўра¸ президентнинг 2018 йил 27 июнь кунги қарори “Обод маҳалла” дастурига тушган уй эгаларига таъмир ишлари учун "молиявий ëрдам" ажратишни кўзда тутади. Шу қарор асосида Шовот “Агробанк”ига ëрдамга муҳтож оилаларга 20 фоизлик кредит ажратиш топширилган. Кредит олганларга эса бу пулга ўз уйи томини ўзлари шифер қилиш ва уй олдини ҳокимият танлаган рангга бўяш буюрилган.

Айтилишича¸ бу буйруқни бажара олмаган муҳтож оилалар ҳокимлик масъулларига том ва деворлари бўлмагани учун банк кредит бермаганини важ қилиб кўрсатган.

“Агробанк” нинг Шовот тумани ходимларидан бири Озодликка “Обод маҳалла” дастурига тушган уйларда яшовчиларнинг аксари ишсиз бўлгани учун уларга кредит бериш чўзилаётганини айтди.

- Ҳаммаси ишсиз. Ишсиз бўлса¸ кредитни қандай узади? Ўзларида эса ремонтга пул йўқ. Ҳокимлик "кредит берасан", деб ёқамиздан олаяпти, - деди “Агробанк” нинг Шовот тумани ходими.

Бу иддаолар юзасидан Озодлик Шовот тумани ҳокими Ҳакимбой Отахоновдан изоҳ ололмади.

Шовот тумани ҳокимининг Озодлик боғланган муовини Баҳром Отажоънов 18 июль куни “Обод маҳалла” дастури қандай бажарилаётгани бўйича мажлис ўтказилгани ва айрим амалдорларга танбеҳ берилганини тасдиқлади.

Лекин, Отажоновга кўра, Шовот туман ҳокими мажлисда ҳеч кимга қўл кўтармаган ва ҳақорат ҳам қилмаган.

- Қаттиқ гап ҳам айтилмади. "Ўзларингизга бириктирилган кўча бор", "шу, шу ишлар қилинмаган", деди. Кўчада бирма-бир гаплашилди. Шифер қилинмаган, фасад бўялмаган, бу ҳақда айтилди. Лекин, уриш, сўкиш бўлмади. Ҳокимимиз ундай бировга қўл кўтарадиган одам эмас, - деди Отажонов.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаш ва калтаклаш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Ўтган йили Оққўрғон туманида 6 мулозим ва фермернинг сувга бўктирилиши ва машина олдига солиб чоптирилиши воқеасидан кейин бу ҳаракатни содир этган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаев ишдан олинган эди.

2017 йилнинг сентябрида Сайхунобод тумани ҳокими пахта теримига кам одам чиқарган мактаб ва коллеж директорларини калтаклаган эди.

Воқеадан олти ой ўтиб ҳоким лавозимидан олинганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муштумзўрлик давлат сиёсатига қарши экани, ўз ходимларига қўл кўтарадиган раҳбарлар жазосиз қолмаслиги ҳақида кўп гапирган.

Президент Мирзиёев 2017 йилнинг ноябрь ойида ўтказган ҳукумат мажлисида амалдорларнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини айтганди:

- Гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек¸ ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, мен раҳбарман¸ нима қилсам ҳам меники тўғри¸ деган хато фикр билан ғўдайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ўз хизмат лавозимларини суистеъмол қилиб, қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтараётгани ҳақида бизга кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда. Бу бизга умуман номаъқул нарса. Бу иллатни йўқ қилиш керак, - деганди Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ҳам муштумзўрлик билан бошқарув усулидан воз кечиш кераклиги ҳақида тез-тез гапириб турарди:

- Муштумзўр раҳбарлардан, мушт билан бошқарадиган раҳбарлардан воз кечамиз энди барака топгурлар. Кучли, мушт кўтарадиган, зўравонлик қиладиган, ўзини савлати билан ҳаммани қўрқитадиган энди бўлмайди Ўзбекистонда, - деган эди Каримов 2009 йилдаги чиқишида.

XS
SM
MD
LG