Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:57

"Туяқуш жанжали": Straus Houseдан куйганлар президент қабулхонаси олдида тўпланди


Ўзбекистон президенти Халқ қабулхонаси, Тошкент.
Ўзбекистон президенти Халқ қабулхонаси, Тошкент.

Ўзбекистондаги "Straus House" ширкати билан туяқуш олиш бўйича шартнома имзолаб, тўловни тўлаб, бугунга қадар туяқушларни олмаган, пулини ҳам қайтариб ололмаётган тақрибан 30 фермер 8 октябрь куни Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги Ўзбекистон президенти Халқ қабулхонаси олдида тўпланди.

Фермерлар шикояти юзасидан Ўзбекистон президенти қабулхонасидан ҳам, Бош вазир қабулхонасидан ҳам изоҳ олиб бўлмади.

"Straus House" раҳбари Иброҳим Исроиловнинг онаси Нилуфар Язданова ўғлининг ширкати қарзи 2 миллиард сўмдан кўпроқни ташкил этиши​ни билдирди.

Озодлик билан суҳбатлашган фермерлар бунгача Бош вазир қабулхонасига мурожаат қилиб, "Straus House" устидан бораётган жиноят ишини ўз назоратига олишни, туяқуш жўжалари учун тўланган миллионлаб сўм пулларни қайтариб олишда кўмак беришни талаб қилмоқчи бўлганликлари, лекин уларни ҳеч ким қабул қилмаганини айтишди.

- Ўттизтача одам халқ қабулхонаси олдида турибмиз. Бош вазирнинг қабулхонасида бизни деярли ҳеч ким қабул қилмади, шунинг учун ҳозир президент қабулхонаси олдида турибмиз. Бу ишга ҳукумат аралашсин, пулларимизни ундириб берсин, - деди "Straus House"га жўжа олиш учун 50 миллион сўм тўлаб қўйганини айтган фермерлардан бири.

"Straus House"дан куйганлар Ўзбекистон бўйича 300 кишидан кўпни ташкил қилиши айтилади.

Мижозлар орасида банкдан йирик фоиз эвазига қарз олганлари ҳам бор.​

Шу йилнинг 27 сентябрда бош офиси Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган “Straus House” МЧЖнинг таъсисчиси ва бош директори Иброҳим Исроилов ҳибсга олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

"Straus House" раҳбари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича айбланмоқда.

Исроилов устидан дастлабки суд мажлиси 11 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида бўлиб ўтиши кутиляпти.

Аммо, фермерларнинг туяқуш жўжалари учун тўлаб қўйган пуллари қайтарилиши ё қайтарилмаслиги борасида бирон расмий маълумот йўқ.

Президент қабулхонасидагилар жабр кўрган мижозлар тегишли тартибда мурожаат қилганлари тақдирда, уларнинг аризалари кўриб чиқилишини айтишган.

"Straus House" раҳбари Ўзбекистоннинг турли вилоятларида яшовчи 300 дан ортиқ фуқаронинг миллионлаб сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишда гумон қилинмоқда.

Аммо, 8 октябрь куни эрталаб Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги Ўзбекистон Бош вазири қабулхонаси олдида, кейин президент қабулхонаси рўпарасида тўпланган фермерлар муаммоси билан ҳеч ким қизиқмаётганини айтишди.

У болани қамашар ёки жазолашар, буни бизга қизиғи йўқ, лекин бизни пулимизни ким қайтариб беради?

- Бу ерда банкдан кредит олиб, 200 миллион сўм тўлаб қўйганлар бор. Ҳар куни қарз устига фоиз миняпти. У бола ("Straus House" раҳбари)ни қамашар ёки жазолашар, бунинг бизга қизиғи йўқ, лекин бизнинг пулимизни ким қайтариб беради? Шунинг учун ҳозир биз бу ишни Бош вазир ёки президент назоратига олиб, пулларимизни қайтаришга ёрдам беришини сўраяпмиз, ҳеч ким бизни ҳали қабул қилгани йўқ, - деди фермерлардан бири.

Озодлик билан суҳбатлашган яна бир фермер "Strаus House"дан сотиб олган жўжалари ўлиб қолганини айтди:

- 20 та жўжа олган эдим, икки кун турмади, ўлди. Тошкентда карантинда турган пайти кийгиз еган экан, корнини ёриб қўрсак кийгиз чиқди. Кейин билсак бошқаларнинг жўжалари ҳам шундан ўлган экан. "Strаus House"дагилар жўжалар кийгиз еб ўлганини тан олган ва ўрнига бошқа жўжа беришни ваъда қилган эди, ҳозиргача чўзиб келинди.

Фермерлар шикояти юзасидан Ўзбекистон президенти қабулхонасидан ҳам Бош вазир қабулхонасидан ҳам изоҳ олиб бўлмади.

"Straus House" раҳбари Иброҳим Исроиловнинг онаси Нилуфар Язданова ўғлининг ширкатида қарздорлик 2 миллиард сўмдан кўпроқни ташкил этиши, мижозларга пулларни қайтариб бериш имконсизлигини айтди.

Уйимизни сотсак ҳам шунча пул йўқ. 2 миллиард сўмлик зарар бўлган, бу пул бизда йўқ. Лекин, 500тача жўжа бор, ўғлим чиқиб келса шуларни тарқатиб қарзидан қутулади

- Мижозлар бизга ҳам мурожаат қиляпти. Мен уларга тўғри тушунинглар, пулни қайтаролмайди, деяпман. Уйимизни сотсак ҳам шунча пул йўқ. 2 миллиард сўмлик зарар бўлган, бу пул бизда йўқ. Лекин, 500 тача жўжа бор, ўғлим чиқиб келса шуларни тарқатиб қарзидан қутулади, - дейди Нилуфар Язданова.

"Strаus House" туяқуш жўжаларини Ўзбекистонга Жанубий Африка Республикасидан келтирмоқчи эди.

Нилуфар Язданова Озодлик билан суҳбатда мижозларга тўяқуш жўжалари етказиб бериш кечикишини Жанубий Африкада об-ҳавонинг совуқ келиши билан изоҳлади:

- Африкадагилар сизлар учун 300та тухум қўйдик, деб айтишганди. Совуқ бўлгани учун жўжалар тухумни ёриб чиқа олмаган. Кейин ўғлим бошқа жойдан жўжа излади. Покистондан топди. 200 минг долларни Покистонга ўтказди. У ёқдан келган жўжалар бизни иқлимимизга дош беролмай ҳаммаси ўлди. Шундай қийин аҳволда қолди, Форс-мажор бўлди-да.

Туяқуш хонакилаштирилган йирик паррандадир. Уни боқиш ва кўпайтириш даромадли бизнес ҳисобланади.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев паррандачилик соҳасида фақат товуқ билан чекланиб қолмасдан туяқушлар ва бошқа паррандалар етиштиришга қаратилган фармонни имзолаганди.

Шундан ўзбекистонлик қатор фермерлар туяқуш гўшти етиштиришга киришгандилар.

XS
SM
MD
LG