Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:43

Тошкент билан Анқара стратегик манфаатларни ҳимоялашда ўзаро ёрдамга таянишни мақсад қилмоқда


Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон
Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқарада Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказмоқда.

Кенгашни тузишга доир битим Тошкент-Анқара алоқаларининг янги босқичидан дарак ўлароқ тақдим қилинган эди.

Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқаларида Туркиянинг ўрни ҳозирча унчалик йирик эмас. Томонлар ўртасидаги стратегик кенгаш доирасидаги дастлабки музокаралар бу борада қандай ўзгаришлар қилишини яқин вақт кўрсатади.

Геосиёсий йўналишда Анқара устуворликни Яқин Шарқдаги вазиятга қаратган. Тошкент учун айни пайтда Хитой, Россия ва АҚШнинг минтақадаги рақобатида мувозанат сақлаб туриш муҳим бўлиб қолмоқда.

Булардан қатъи назар Тошкент ва Анқара президентлар раислигида стратегик шериклик олий кенгашини ташкил этган. Томонлар стратегик манфаатларни ҳимоялашда ўзаро ёрдамга таянишни мақсад қилмоқда.

Стратегик шериклик кенгаши ҳақидаги битим Туркия президенти Эрдўғоннинг Ўзбекистонга қилган ташрифи давомида имзоланган эди. Орадан икки йил ўтиб, президентлар раислигидаги бу кенгашнинг дастлабки йиғилиши ўтказиляпти.

Уч йил аввал президентликка келган Мирзиёев Туркияга иккинчи бор расмий сафар қилмоқда. Унинг дастлабки ташрифи 2017 йилда кузатилган эди.

Бу вақт оралиғида томонлар ўртасидаги алоқалар бир қадар яқинлашди. Жумладан, халқаро миқёсда ҳам, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида ҳам.

Ўзбекистон ўтган йилга келиб, Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилди.

Президентларнинг сўнгги учрашуви ҳам шу кенгашнинг ўтган йилги Боку саммити доирасида кузатилган эди.

Ўзбекистоннинг бу ташкилотга қўшилиши Мирзиёев ва Эрдўғон ўртасида ўтказилган музокаралар натижаси деб ҳам кўрилади.

Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан иборат Туркий тилли давлатлар кенгаши турли минтақага бўлинган турк халқлари ўртасида ўзаро иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқаларни ривожлантиришни мақсад қилади.

Каримов даврида Ўзбекистон Туркия иштирокидаги турли ташкилотлардан, шунингдек, Туркиянинг ўзи билан ҳам икки томонлама алоқаларни бир қадар музлатиб келгани инобатга олинса, бугунга келиб бу музлар анча эригани, томонлар ҳамкорликни турли йўналишда ривожлантиришаётгани, стратегик шерикликка боришаётгани кузатилади.

Марказий Осиё давлатлари суверенитетини биринчилардан бўлиб қўллаб чиққан Туркия мустақилликнинг дастлабки йилларида минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам мамлакатнинг ривожланиш модели ўлароқ қабул қилинган. Муносабатлар стратегик аҳамият касб этган эди.

Кейинчалик Марказий Осиё давлатларида авторитар бошқарув мустаҳкамланиши, қувғинга солинган мухолифат вакилларининг Туркиядан қўним топиши, Туркиянинг ўзида кечган сиёсий-ижтимоий жараёнлар, Эрдўғон ҳокимиятга келиши ортидан кузатилган геосиёсий силжишлар Туркия ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик эҳтиёжларни заифлаштирди.

Айниқса, Каримов даврида Анқара ва Тошкент ўртасидаги совуқчилик Туркиянинг Марказий Осиёдаги иштироки кескин чекланишига олиб келди.

Эрдўғон ҳокимиятга келиши ортидан сиёсий устуворликда динга нисбатан диққат кучайгани, Эрдўғон ва Фатхулла Гулен ўртасидаги ихтилофлар, Анқаранинг минтақа давлатларига Гулен тарафдорларини топширишга доир босимни кучайтириши сўнгги йилларда ҳам Туркия ва Марказий Осиё алоқаларидаги тангликни кучайтирди.

Ўзбекистонда ҳокимият алмашиши ортидан Туркияда Марказий Осиёга нисбатан геостратегик қизиқиш қайта жонланган дейиш қийин. Анқара асосий диққатини тобора кескинлашиб бораётган Яқин Шарқдаги вазиятга қаратган.

Яқин Шарқда ҳам, Марказий Осиёдаги каби, асосий рақобат Россия, АҚШ, Хитой ўртасида кечаётгани инобатга олинса, Туркиянинг Марказий Осиёда ҳам бу геосиёсий қудратлар рақобатига қўшилиши эҳтимоли анча қийин экани айтилмоқда.

Аммо Тошкент ва Анқара ўртасидаги стратегик шериклик кенгаши ўз йиғилишини Марказий Осиё давлатлари миқёсида ўзаро ҳамкорликка, интеграцияга интилиш муҳокамага чиққан бир пайтда ўтказмоқда.

Шу маънода, минтақадаги бугунги геосиёсий вазият Марказий Осиё давлатлари мустақилликни қўлга киритиши ортидан “Туркистон умумий уйимиз” шиори остида бирлашиш ғоясини мунозара қилишган даврларни эслатади. Бу даврда Туркия минтақадан ҳали бугунги каби узоқлашмаган, бирлашишни муҳокама қилаётган Марказий Осиё давлатларини яқиндан қўллаб-қувватлаб келаётган эди.

Малик МАНСУР, "Америка овози"

XS
SM
MD
LG