Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:44

Сурхондарёлик она: “Era med“ шифохонасидаги операциядан сўнг қизим кўр ва шол бўлиб қолди


Шаҳризода Менгқобилова май ойи ўрталарида “Соғлом авлод“ фондининг 24 миллион сўмлик ёрдами эвазига “Era med“ ҳусусий клиникасида операция қилинган.
Шаҳризода Менгқобилова май ойи ўрталарида “Соғлом авлод“ фондининг 24 миллион сўмлик ёрдами эвазига “Era med“ ҳусусий клиникасида операция қилинган.

Сурхондарёнинг Қизириқ туманида яшовчи 25 ёшли Гулноза Нурманова Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги “Era Med” ҳусусий клиникасида операция қилинган 3 ёшли қизи Шаҳризода кўр ва оёқ-қўли шол бўлиб қолганини айтди.

Нурманова қизининг бу аҳволга тушишида ҳусусий клиника шифокорларини айбламоқда.

“Era Med” бош шифокори Анвар Каримов Озодлик билан суҳбатда уч ёшли Шаҳризода масаласи юзасидан 13 август куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига чақиртирилгани ва бу бўйича расмий изоҳни вазирлик беришини билдирди.​

Юрак хасталиги билан туғилган уч ёшли Шаҳризода Менгқобилова май ойи ўрталарида “Соғлом авлод“ фондининг 24 миллион сўмлик ёрдами эвазига “Era med“ ҳусусий клиникасида операция қилинган.

Онаси Гулноза Нурманованинг Озодликка айтишича, шифокорлар операциядан сўнг унга қизини кўзи кўр ва оёқ-қўли шол аҳволда қайтариб беришган:

- Операциядан бир ҳафтадан кейин қўлимизга беришди, ўшанда қизимнинг аҳволи оғир эди. Операциядан олдин қизим ўйнаб юрган эди-да. Буни врачларига айтганимда буйраги отказ қилаяпти, яна реанимацияга оламиз, дейишди. Сўнг қизимни наркозсиз 4 та жойидан тешиб кўрганида кучли оғриқдан қизим нафас ола олмай қолган. Бўйнига трубка қўйгунча узоқ вақт кислородсиз қолган. Шунинг оқибатидами, боламнинг кўзлари кўр, оёқ қўллари шол, ишламай қолган.

Ҳозирда Сурхондарё вилоят Кўп тармоқли болалар шифохонасида ётган Нурманова қизининг аҳволи кун сайин ёмонлашаётганини айтаркан, бундай деди:

- “Era med“ шифокорлари бу вақтинчалик, яхши бўлиб кетади дейишганди. Лекин яхши бўлмади. Клиника врачи "боланг қўрқди, мулла олиб келиб ўқит" деди. Клиникада реанимацияда икки ой ётдик, тобора аҳволи оғирлашди. Сурхондарёдаги вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси невропатологлари "одам бўлмайди, калласида кўп сув бор", дейишяпти. Энди қизимга ким ёрдам беради?

Сурхондарёлик она Гулноза Нурманова уч ёшли фарзанди "Era med" шифохонасидаги операциядан сўнг қандай аҳволга тушиб қолгани акс этган видеони ижтимоий тармоқларда эълон қилди.

“Era Med” бош шифокори Анвар Каримов Озодлик билан суҳбатда уч ёшли Шаҳризода Менгқобилова масаласи юзасидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига чақиртирилгани ва бу бўйича расмий изоҳни вазирлик беришини айтди:

- Ҳозир айни шу масалада вазирликка кетяпман. Мен бу ҳақда ҳеч қанақа изоҳ беролмайман сизга, изоҳни вазирлик беради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев Шаҳризода Менгқобилова масаласи юзасидан вазирлик расмий баёнот тайёрлаётгани ва яқин фурсатда баёнот вазирлик сайтида эълон қилинишини айтди.

Гулноза Нурманова "қизини кўр ва шол қилган" “Era med“ ҳусусий клиникасини ёпишни талаб қилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига арз қилганини айтди:

- Мен Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам бу ҳақда шикоят қилганман. Ёпиш керак бунақа клиникани, бошқа болаларни ҳам мажруҳ қилиб қўйишмасидан олдин.

Шифокорларнинг хатоси туфайли фарзанди нобуд бўлгани ҳақда ота-оналардан Озодликка шикоятлар кўп бўлган.

25 май куни Жиззах вилояти Янгиобод туманида яшовчи Жасур Худойбердиев Озодлик билан суҳбатда тўлғоқ тутиб келган турмуш ўртоғини туғруқхона врачлари вақтида қабул қилмагани оқибатида фарзанди нобуд бўлганини айтганди.

Самарқанд шаҳридаги вилоят Перинатал маркази​да 2019 йил 28 февраль кунидан 1 март кунига қадар бўлган вақт оралиғида 5 нафар чақалоқ ўлгани, оналарга эса бегона жасадлар берилгани ҳақда Озодлик июн ойида хабар берган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил ҳукумат мажлисида тиббиёт соҳасидаги жиддий муаммолар ва етишмовчиликлар ҳақида гапирган, она ва бола соғлигини асраш, аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ва соғлом авлод ўстириш – энг муҳим масалалар эканини таъкидлаганди.

XS
SM
MD
LG