Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:22

Ўзбекистоннинг Чашма ва Қирғизистоннинг Сай қишлоғида яшовчилар муштлашди


Ўзбекистон-Қирғизистонг чегарасидаги тиканли симлар.
Ўзбекистон-Қирғизистонг чегарасидаги тиканли симлар.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида 13 майда содир этилган муштлашувга маиший келишмовчилик сабаб бўлди. Ҳозирда вазият назорат остига олинди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили маъмурияти хабар берди. Ўзбекистон томони бу ҳодиса юзасидан ҳозирча муносабат билдирмади.

Нима бўлди?

Расман билдирилишича, 13 май куни Ўзбекистоннинг Сўх тумани Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Боткен тумани Қиштут қишлоқ ҳукуматига қарашли Сай овули аҳолиси ўртасида “келишмовчилик оқибатида муштлашув содир этилган”. Бунинг ортидан икки қишлоқ аҳолиси чегара атрофига йиғилган.

Ҳодиса жойига Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳаллий кучишлатар тузилмалари раҳбарлари, маҳаллий ҳукумат вакиллари етиб борган ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб борган.

“Чегарада тўпланган ҳар икки қишлоқ аҳолиси айни пайтда уйларига тарқаб кетди. Муштлашган қирғизистонлик ва ўзбекистонлик яраштирилди”,-деб билдирди Боткен вилоят ҳокимияти.

Шу билан бир қаторда, Сўх тумани ва Боткен тумани ички ишлар ходимлари чегара ҳудудида юз берган муштлашув юзасидан дастлабки суриштирув ишларини бошлади.

Авалроқ муштлашув оқибатида чегарадош ҳудудга ҳар икки қишлоқдан камида 30-40 одам йиғилгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистон томони ҳозирча чегарадаги ҳодиса юзасидан расмий маълумот бермади.

Мирзиёев Жапаров билан телефон орқали гаплашди. Расмий маълумотда чегарадаги муштлашув эсланмади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазиятни барқарорлаштириш масаласида суҳбатлашди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот пайтида Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масаласи ҳам тилга олинган.

Бироқ расмий маълумотда 13 май куни Ўзбекистоннинг Чашма ва Қирғизистоннинг Сай қишлоғи аҳолиси ўртасида юз берган инцидент ҳақида маълумот берилмади.

28,29, 30 апрель ва 1 май кунлари Қирғизистон-Тожикистон ҳарбийлари ўртасида отишма бўлган ва унда қирғиз томонидан камида 36 киши, тожик томонидан эса 19 тожикистонлик ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот чоғида президентлар муқаддас Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, “биродар халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаб, эзгу истакларини изҳор қилдилар”.

Сўх чегарадаги низоли ҳудудлардан бири

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичидаги эксклави бўлган Сўх туманидаги Чашма ва Хушёр қишлоқлари ҳамда қўшни давлатга қарашли қишлоқлар ўртасида бундан аввал ҳам қатор низолар юз берган эди. Бу жанжалларнинг асосий қисми сув ва чегара муаммоси ҳал этилмаётгани ортидан келиб чиққан.

Жумладан, 2020 йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ва Боткен вилоятидаги Чешме қишлоғи аҳолиси Чашма булоғи сувини бўлиша олмай қолгани ортидан катта низо содир этилган эди.

Бунинг ортидан юз берган оммавий тартибсизликлар чоғида, Ўзбекистон томонига кўра, Сўх туман шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

Инцидент пайтида маҳаллий аҳоли учрашувга келган Фарғона вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Шуҳрат Ғаниевни тошбўрон қилган эди.

2013 йилнинг 5-7 январида эса Сўх анклавидаги Ҳушёр қишлоғи аҳолиси ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги чегарачилар ўртасида юз берган тўқнашувлар ортидан қирғиз расмийлари Ўзбекистондан Сўх анклавига борувчи Риштон-Сўх автомобиль йўлини бутунлай беркитиб ташлаган эди. Мазкур йўл фақат 2021 йилнинг 1 апрелида очилди.

XS
SM
MD
LG