Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:35

Тўй-қарор: йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан кам бўлган артистлар солиққа тортилмайди


Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков.
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков.

1 январдан бошлаб “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор кучга кирди.

Бу қарорни 2019 йилнинг 14 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгаши қабул қилган эди.

Қарор ортидан Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга биноан концерт-томоша фаолияти билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахслар ҳам даромад солиғи тўлаши шарт қилиб қўйилди.

Шу пайтгача концерт-томоша фаолияти билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахслар фақат белгиланган ставка бўйича давлат божи тўлар эди.

Шундай қилиб, артистлар ҳам энди топаётган даромадига қараб белгиланган миқдорда солиқ тўлайдиган бўлди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:37 0:00
Бевосита линк


Артистлар зарар кўрмайди

Ўзбекистонда концертлар ташкил қилиш билан шуғулланадиган 31 яшар продюсер Норсаид Тўқлибоевнинг Озодликка айтишича¸ артистларга даромад солиғи жорий қилингани ортидан “концерт¸ тўй ва оилавий тантаналарда мусиқали хизмат кўрсатишни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдори деярли 4 баравар камайтирилган”.

Солиқ кодексига 4 декабрда киритилган ўзгартишларга кўра, "концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун айланмадан солиқ реализация ҳажми 2020 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда ёки умумбелгиланган тартибда тўланадиган солиқлар реализация 1 млрд. сўмдан ошганда киритилади”.

Продюсер Норсаид Тўқлибоев Озодликка бундай деди:

- Тўйларни тартибга солиш тўғрисидаги низомнинг 9 банди талабига кўра тўй эгаси билан шартнома тузилади. Шу шартнома асосида буюртмачи пул ўтказиб беради. Шу ўтказилган пулларни умумий миқдори солиқ идорасига тақдим қилинади. Агар йил давомида артист ëки гуруҳнинг обороти (айланмаси) бир миллиард сўмдан кам бўлса солиққа тортилмайди. Бир миллард бу жорий йил учун белгиланган сумма. Келгусида бу рақам ўзгариши мумкин.

Махсус комиссия назорат қилади

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини махус комиссия назорат қилиши қарорда белгилаб қўйилган.

32 кишилик бу коммисия таркибида Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари¸ Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмон Алимовнинг исмлари бор. Озодлик бу комиссия рўйхатида бўлган икки мулозим билан гаплашди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ўзини таништирмаган вакилининг айтишича¸ тўйларни тартибга солишда жарима тизими самара гаровидир.

Тўй овози маиший шовқинга тенглаштирилди

Ўзбекистон Сенати ва Қонунчилик палаталари кенгашларининг "Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги низомини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг қатор бандларига 2019 йилнинг 4 декабрида ўзгартириш киритилган эди.

Хусусан, кодекснинг 192-моддасига биноан соат 23.00 дан 06.00 гача баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалишни тақиқланади.

Бу тақиқни бузган турғунларга жарима солиш белгиланган.

Тошкентнинг "Labzak" тўйхонасига яқин хонадонда яшайдиган 54 яшар суғурта идораси ходими Светлана Тоштемирова Озодлик билан суҳбатда бу қарорни қўллаб-қувватлашини билдирди:

- Кечқурун тўй овози ва тўйдан чиққанларнинг бақир-чақирларини эшитишдан безор бўлганман. Тўйларни чеклаш ва жарималар қўллашни тамомила қўллаб-қувватлайман.

Ўзбекистонда концертлар ташкил қилиш билан шуғулланадиган 31 яшар продюсер Норсаид Тўқлибоев эса, тўй овозини маиший шовқин сифатида талқин қилиб жарима солинишини маъқулламайди:

-Тошкентга келган одам узоқдан карнай-сурнай овозини эшитса тўй бўляпти экан деб кўнгли равшан бўлади. Бу ëқимли бир овоз. Маиший шовқин деганда мен бошқа нарсани тушунаман. Масалан, болгарка билан ярим кечада тош кесишса¸ ëки дрель билан деворни тешса, бу - маиший шовқин. Тўй овози ëқмагани учун биров бориб шикоят қилади деб ўйламайман.

3 машина, 250 меҳмон ва 2 хонанда

Биринчи январдан бошлаб кучга кирган қарорга кўра¸ тўйга 250 дан ортиқ одам чақириш мумкин эмас.Келин-куёв кортежи 3 та машинадан ортмаслиги керак. Тўйга кўпи билан икки хонанда гурухи келиши мумкин.

Бу тақиқ давлат арбоблари ва ëзувчи-шоирлар ҳамда жамият эътироф қилган шахсларни хотирлаш ва юбилей тадбирларини ўтказишга тадбиқ қилинмаслиги қарорда белгилаб қўйилган.

Амалга ошиши қийин чеклов

Ўзбекистонда 1998 йили ҳам тўйлардаги дабдабабозлик, исрофгарчиликка чек қўйишга ҳаракат қилинган, президентнинг махсус фармони қабул қилинган эди.

"Лавозимини суиистеъмол қилаётган раҳбарлар, оёғи ердан узилган, манманликка берилиб кетган ҳавойи мансабдорларнинг номақбул ҳаракатлари маҳаллаларда, истиқомат жойларида соғлом муҳит бузилишига сабаб бўлмоқда, оддий одамларнинг нафсониятларига тегмоқда, уларни адолатга, умуман давлат ҳокимиятига ишончига зиён етказмоқда", - дейилган эди президент Ислом Каримов 1998 йили имзолаган фармонда.

Ўшанда Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Қуролов ўтказган тўйи боис, бошқаларга ўрнак бўлсин учун, лавозимидан четлатилган, устидан жиноят иши қўзғатилиб, бир неча йил қамалиб чиққан. Тўй маросимида қатнашган ЎзТВ ходимлари ҳам ишдан четлатилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги тўйлар ҳаддан зиёд серхаражат бўлиб кетаётганини 2017 йилда танқид остига олди.

Ўша йили президент танқидидан илхомланиб Наманганда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвларни таксига ўтирғизиб юборган президент маслаҳатчиси ва ўша пайтдаги Ёшлар Иттифоқи етакчиси Қаҳрамон Қуронбоев президент танбеҳига нишон бўлган эди.

Тўйларни ихчамлаштириш ва унда қатнашувчи хонандалар сонини чеклаш таклифларига Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Озодбек Назарбеков қарши чиқиб гапирган эди.

Ижтимоий тармоқ ва маҳаллий нашрлардаги қатор муҳокамалардан сўнг бу масала борасида парламент қарор қилсин деган тўхтамга келинган.

2019 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарори қабул қилинди

XS
SM
MD
LG