Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:25

Сардоба тошқинида вайрон бўлган уйи учун ҳужжати йўқ оилалар чайлада яшамоқда


Бахтиёр Турсуновнинг қўлбола чайласи.
Бахтиёр Турсуновнинг қўлбола чайласи.

Сардоба тошқинида вайрон бўлган кадастр ҳужжатлари йўқ уйлар эгаларига ҳеч қандай кўмак берилмаяпти.

Ягона бошпанасидан айрилган бу каби аҳоли турли идораларига мурожаат қилиб, бирор натижага эриша олмаяпти.

Мутасаддилар Озодлик билан суҳбатда ноқонуний қурилган иморатлар учун иқтисодий ёрдам бериш кўзда тутилмаганини айтишди.

Озодлик ушбу муаммони Сирдарёнинг Оқолтин тумани Навоий маҳалласидаги 4 оила мисолида ўрганди.​

Навоий маҳалласида яшовчи 34 яшар Бахтиёр Турсунов яшаётган уйи тошқинда вайрон бўлганидан сўнг оиласи билан қўлбола чайлада яшаяпти:

- Уйнинг ҳозир девори турибди. Уй тўла қуламаган. Лекин сув деворнинг тагларини ўйиб ташлаган. Яшайдиган ҳолатда эмас. Уй ичига сув кирган. Деворнинг пастини ювиб кетган. Уй ичидаги нарсаларни олиб чиқдим. Кўрпа-тўшакларни сув босган. Қуёшга қўйиб қўйганмиз. Ҳозир ҳовлига бўздан чайла қуриб олдим. Шу чайлада яшаб турибмиз.

Бахтиёр Турсуновнинг қўлбола чайласи
Бахтиёр Турсуновнинг қўлбола чайласи

Бахтиёрнинг уйи пахта даласи ўртасидаги дала шийпонлари ёнига қурилган. Унинг айтишича, уйи кадастр ҳужжатисиз қурилгани сабаб унга ҳеч қандай кўмак берилмаяпти:

- Қаерга мурожаат қилсак, “кадастр ҳужжатинг йўқ” деяпти. Бу уйни 20 йилча аввал ота-онам қурган. Дала ўртасига қурилгани сабаб, кадастр ҳужжати беришмаган. Яшайдиган бошқа бошпанамиз йўқлиги учун чайла қурдим. Рафиқам, ўғлим ва қизим билан шу чайлада яшаяпмиз.

Бахтиёр Турсуновнинг тошқинда вайрон бўлган уйи
Бахтиёр Турсуновнинг тошқинда вайрон бўлган уйи

Бахтиёр Турсуновнинг уч қўшнисининг уйи ҳам тошқинда вайрон бўлган. Улардан бири Ғофир Дадаевдир. Ғофир отасининг фермер ҳўжалигида иш бошқарувчи бўлган пайти даласи бошига 3 хонали уй қурган. Ғофирнинг ҳисоб-китобича, уйи тошқинда вайрон бўлгани оқибатида 15 миллион сўмлик зарар кўрган. Бироқ уйининг кадастр ҳужжати йўқлиги боис унга ҳеч қандай товон пули берилмаслиги айтилган.

- 3 хонали уй, яна алоҳида айвони, орқасида молхона, товуқхона бор эди. Кадастр йўқлиги учун ёрдам қилишнинг иложи йўқ” дейишяпти. Қаёққа мурожаат қилмасак, “барибир фойдаси йўқ” дейишяпти.

Ғофир Дадаевнинг тошқинда вайрон бўлган уйи.
Ғофир Дадаевнинг тошқинда вайрон бўлган уйи.

Бахтиёр Турсуновнинг яна бир қўшниси унинг адаши - 65 яшар Бахтиёр ака бўлиб, унинг ҳам тошқинда вайрон бўлган 5 хонали уйининг ҳужжати бўлмаган.

- Товуқхона, молхона ҳаммаси кетди. Уй ер-билан яксон бўлди. Ҳаммасини ковлаб- ковлаб оляпмиз. Қийналяпман, бир ўзим (йиғлайди). Сизга аҳволимни қандай тушунтиришни ҳам билмайман. 20 та индюк сувда оқиб кетди, 20 та товуқ кетди. Қабулхонага бориб айтдим. Лекин хусусий рўйхатга олмаган эканмизда бу уйни. Шунга ёрдам йўқ экан. Энди кимга мурожаат қилишни ҳам билмайман,- дейди Бахтиёр Абдурашидов.

Тошқинда вайрон бўлган ҳужжатсиз уйлардан бири
Тошқинда вайрон бўлган ҳужжатсиз уйлардан бири

57 яшар Ҳамроқул Сулаймоновнинг муаммоси қўшнилариники билан айни, фақат қўшниларидан фарқи, Ҳамроқул ака яшаган уй бир пайтлари дала шийпони бўлган.

- Уйим кетди, қулади. Уйнинг ичидаги ҳамма нарса кетди. Кўрпа-тўшак, кийим-кечак, телевизор ҳаммаси оқиб кетди. Ҳеч нарса қолмади. 12 йил давомида чўпонлик қилиб, оилам билан дала шийпонларида яшаб келдим. Бу бузилган дала шийпонида 2 йилдан бери яшаётгандим. Ҳозир умуман бошпанасиз қолдик. Ҳозирча Оқолтин туманидаги коллежда яшаяпмиз. Уйи бузилиб, бу ерда вақтинча яшаётганларга ҳукумат қураётган янги уйлардан беришаркан. Уларга ёрдам пули ҳам беришди. Лекин қўлимизда биз яшаган дала шийпонининг ҳужжати йўқлиги учун бизга ҳеч нарса беришмас экан. Коллеждан чиқаришса, қаерга боришни ҳам билмаймиз.

Оқолтин туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, тошқин оқибатида тумандаги учта маҳалла жиддий зарар кўрган: Шодлик маҳалласида 90 фоиз уйлар, Аҳиллик маҳалласида 50 фоиз уйлар, Саховат маҳалласида эса 30 фоиз уйлар вайрон бўлган. Жами 8000 га яқин аҳоли уйсиз қолди.

Бироқ бу рўйхатга уйларининг ҳужжати бўлмаган Бахтиёр Турсунов ва унинг қўшнилари кабилар кирмаган.

Оқолтин туман ҳокимлигининг исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка гапирган мулозими вайрон бўлган ҳужжатсиз уйлар эгаларининг муаммоларидан хабардорлигини айтди:

“Хабаримиз бор ҳаммасидан. Фақат ҳозир сизга туман бўйича бу каби муаммоси борлар аниқ сонини келтира олмайман. Одамларнинг ўзида ҳам айб катта. Хабарингиз бор, президентимиз ноқонуний қурилган уйлар учун амнистия эълон қилди. Ўша пайтда ҳужжатларни тахлаб олиш керак эди. Булар шу ишни қилмаган. Энди дод солиб, югуриб юришибди. Ноқонуний қурилган иморатлар учун қандай иқтисодий ёрдам бериш мумкин? Бу қонунга зид бўладику. Лекин албатта улар муаммоси ҳам ўрганиляпти. Ечими қандай бўлиши ҳақида ҳозир бир нарса дея олмайман”.

Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ортидан юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Президент фармойишига кўра, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2020-2021 йиллар давомида 50 та кўп қаватли уй-жой қурилади. Мазкур уйлардаги хонадонлар уйларини сув босган шахсларга беғараз берилади.

XS
SM
MD
LG