Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:30

Тошкентнинг транспорт дипломатияси: "Толибон" билан келишув йўқ


Расмийларга кўра¸ TIR конвенцияси доирасида бу ўзбек фураси Покистонга Афғонистон орқали 48 соатда етиб борган
Расмийларга кўра¸ TIR конвенцияси доирасида бу ўзбек фураси Покистонга Афғонистон орқали 48 соатда етиб борган

Покистон Бош вазирининг Савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуднинг 12 май кунги Twitter хабари кейинги кунларда Покистон медиасининг топ янгилигига айланди.

Унга кўра¸ Ўзбекистон давлат рақами ëзилган биринчи юк машинаси илк бор TIR конвенцияси доирасида аксар ҳудуди Толибон назоратида бўлган Афғонистон орқали Покистонга кириб келган.

“Бу янги даврнинг бошланишидир. Бундан сўнг иккала давлат юк машиналари Карачи ва Гвадар портларида карго олди-бердисини амалга оширади”¸ деб ëзди Исломобод расмийси.

80га яқин давлат аъзо бўлган TIR конвенцияси халқаро юк ташишни осонлаштириш учун аъзо давлат юк машиналарини божхона текширувлари ва импорт ва транзит тўловларидан озод қилишни кўзда тутади.

Покистон матбуотида “тарихий воқеа” сифатида тақдим этилган бу янгиликка муносабат билдирган ўзбекистонлик транспорт логистикаси эксперти¸ уни “популизм” деб атади.

Унга кўра¸ Ўзбекистон юкларини Афғонистон орқали Покистон портларига ташиш имконини йўққа чиқариб келаëтган муаммолар нафақат Афғонистондаги нотинчлик¸ балки Тошкентнинг транспорт соҳасидаги "ноадекват сиëсати"дир.

Ўзбекистондан келган юк машинаси “янги давр” рамзига айланди

11 май куни Ўзбекистонда ошланган тери Покистоннинг “Торхам” назорат-ўтказиш пунктига етиб келди. Ўзбекистон давлат номери ëзилган бу юк машинаси Пешавор яқинидаги Торхам пунктига Афғонистон орқали 48 соатда етиб борган.

Бу машинанинг Покистон медиаси томонидан “муваффақият” рамзига айлантирилиши сабаби унинг олдига TIR деган ëзувнинг осилганидир.

Савдо вазирлиги TIR конвенцияси доирасида Ўзбекистондан биринчи юк машинасининг Покистонга етиб келганидан ниҳоятда мамнунлигини билдиради. Бу иккала томон транспорт компанияларининг ўзаро ҳамкорлиги маҳсулидир”¸ деб ëзди 12 май куни Покистон Бош вазирининг савдо ва сармоялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд.

Исломобод расмийси буни “янги давр бошланиши” дея баҳолади. Бу твитни муҳим воқеа сифатида ëритган Покистон матбуотига кўра¸ TIR конвенцияси доирасидаги биринчи юк ташишни «Асад Транс» ва «Best Trans Pvt. Ltd.» компаниялари амалга оширган. Иккала компания йил охирига қадар айни келишув доирасида юк ташувчи машиналар сонини 50 га етказишни режаламоқда.

TIR конвенцияси доирасида юк ташувчи машиналар экспортчи давлатда юкланиб¸ расман тамғаланган маҳсулотларни транзит мамлакатларида очмасдан¸ божхона¸ импорт ва транзит тўловларисиз охирги манзилга етказиб беради.

1975 йили Женевада имзоланган бу конвенцияга ҳозирга қадар 77 давлат¸ хусусан¸ Ўзбекистон¸ Покистон ва Афғонистон ҳам аъзо.

“Популистик баëнот”

Ўзбекистондаги транспорт-логистика компанияларидан бирининг раҳбари Озодлик билан суҳбатда иккала томон расмийларини бу воқеадан ўзига «очко олиш учун фойдаланаëтганлик”да айблади.

“Бу популизм. Битта машина кириб келди – дарров Покистон томони ҳам¸ Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ҳам ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатмоқчи. Аслида¸ Ўзбекистоннинг на Афғонистон ва на Покистон билан юк ташиш¸ Ўзбекистон юкларини қабул қилиш¸ расмийлаштириш ва ўтказиш бўйича ҳукуматлараро келишуви йўқ. Минтрасга чиқсак¸ ишлаяпмиз¸ тайëрлаяпмиз¸ дейишдан бошқа гапи йўқ. Ўзбекистон фураси 11 май куни Покистонга TIR Carnet келишуви бўйича¸ битта накладной билан борди. Лекин бу ҳали муаммолар ҳал бўлди ва Покистон портларига Ўзбекистон маҳсулотларини Трансафғон маршрути бўйича тўхтовсиз етказиш йўлга қўйилди¸ дегани эмас”¸ дейди мутахассис.

Озодлик гаплашган айрим халқаро юк ташувчиларга кўра¸ Ўзбекистондан Афғонистон орқали Покистонга юк етказиб бериш йиллардан бери мавжуд.

“Ўн йилдан бери Покистондан картошка¸ гуруч¸ Ўзбекистондан Покистонга эса мош¸ ловия етказиб берилади. Бу ерда оламшумул янгиликни кўрмаяпман”¸ дейди бу суҳбатдош.

"Толибон" билан келишув йўқ ва бўлмайди ҳам...

Ўзбекистон учун ўз товарларини жаҳон океанига олиб чиқувчи энг қисқа йўл Эрон ва Афғонистон орқали ўтади.

Эроннинг оятуллоҳлар бошқарувидаги исломий ҳокимияти 1979 йилдан бери АҚШ санкциялари остида қолаëтгани боис бу йўналишдан фойдаланиш сиëсий жиҳатдан хавфли.

Афғонистон орқали Покистон портларига чиқиш йўли эса¸ бу мамлакатда 40 йилдан бери тинмаëтган уруш туфайли таҳдидлилигича қолмоқда.

2019 йил 8 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари «Толибон» ҳаракатининг Доҳадаги сиёсий офиси раҳбари мулла Бародар Ахунд бошчилигидаги ҳаракат вакиллари билан учрашган эди.

"Толибон" вакиллари Тошкентда махсус эҳтиром билан қабул қилинди. 8 август¸ 2019 йил
"Толибон" вакиллари Тошкентда махсус эҳтиром билан қабул қилинди. 8 август¸ 2019 йил

Тошкент сафари давомида АҚШ ва қатор давлатларнинг террорчи ташкилотлар рўйхатида бўлган “толиблар”га зар чопонлар кийдирилиб¸ зиëфатлар уюштирилди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигига яқин мулозимнинг Озодликка айтишича¸ бу каби дипломатик илтифотларга қарамай¸ Афғонистон ҳудудининг аксар қисмини назорат қилаëтган “Толибон” ҳаракати раҳбарияти билан транзит коридори бўйича бирор келишув йўқ.

Бўлмайди ҳам. Чунки Афғонистоннинг ҳар бир шаҳри ва қишлоғини “Толибон”нинг алоҳида саркардалари бошқаради. Ҳаммаси бандит. Транзит хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бу ҳудудлардан ўтишнинг ягона йўли – нақд пул. Ë битта авторитетний экспедиторга пул тўланади ва у толибларга тарқатиб чиқиб¸ фуралар ўтишини таъминлаб беради. Ëки ҳар шлагбаумга келганда¸толиб командирларига алоҳида-алоҳида пул тўланади. Бошқа йўли йўқ”.

Ўзбекистон тўловлари “Толибон”никидан қолишмайди...

Халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи тадбиркорлардан бирининг Озодликка айтишича¸ Афғонистон орқали юк ташиш истиқболини йўққа чиқариб келаëтган омил фақат бу мамлакатдаги уруш ва ҳудудий парокандаликларгина эмас.

Ўзбекистон юк ташувчилари Афғонистонга кириш учун 411 доллар тўласа¸ афғонлар Ўзбекистонга кириш учун 680 доллар тўлайди. Бунинг устига¸ “Дўстлик” кўпригидан ўтиш учун 50 доллар¸ божхона текшируви учун 60 доллар¸ ўзбек визаси учун 70 доллар тўлайди. Бунақанги оғир тўловлар¸ аслида икки давлат ўртасидаги юк ташиш ва транзитга энг катта тўсиқ бўлиб келяпти. Президент қанча қарор чиқарди¸ ўзаро юк ташишни соддалаштириш¸ тўловларни қисқартириш бўйича. Лекин бирортаси амалга ошмаяпти. Раматовни (Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари-таҳр.) бунақа оғир тўловларни бекор қилишга кўндиришдан кўра¸ толиблар билан келишиш осонроқ”¸ дейди бу тадбиркор.

Халқаро юк ташувчилар уюшмаси томонидан жаҳон океанига чиқишнинг "жанубий коридор"идан унумли фойдаланишга оид берилган таклифлар¸ Озодликнинг Транспорт вазирлигидаги манбасига кўра¸қабул қилинмай келаëтир.

XS
SM
MD
LG