Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:33

Россия айрим давлатлардан талабаларнинг киришига рухсат берди. Ўзбекистон рўйхатда йўқ


Россия ҳукумати мамлакат ОТМларининг кундузги бўлимларида таҳсил олаётган талабаларга Россияга киришга рухсат берилган давлатлар рўйхатини эълон қилди.

Аммо Россия Фан ва олий таълим вазирлиги келтирган рўйхатда Ўзбекистон йўқ. Вазирликда Озодликка бу қарорни Роспотребнадзор Ўзбекистон “эпидемиологик вазият барқарор бўлмаган” давлатлар қаторига киритгани билан изоҳлашди.

Россия Фан ва олий таълим вазирлиги чет эллик талабаларнинг ўқишга келишига оид янги тартибни жорий этди.

Россия Бош вазири Михаил Мишустин имзолаган 635-р - рақамли фармойишга мувофиқ, кундузги бўлимда ўқиётган олий ўқув юртлари талабаларига махсус тартиб асосида Россияга киришга рухсат берилди.

Бу қарордан хабар топган бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар Озодликка “Ўзбекистонлик талабаларга ҳам Россияга киришга рухсат берилдими?” деган савол билан мурожаат қилишди.

Озодликнинг бу саволига жавоб берган Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлигининг Ангелина исмли матбуот хизмати расмийси киришга рухсат берилган талабалар орасида ўзбекистонлик ёшлар йўқлигини афсус билан маълум қилди.

- Ҳақиқатан, эпидемиологик вазият барқарорлашган мамлакатлардан келаётган хорижлик талабалар, аспирантлар, ординаторларга киришга рухсат берувчи Россия Федерацияси ҳукумати фармойиши 20 март куни эълон қилинди. Сайтимизда кириш тартиби батафсил тушунтирилган. Эпидемиологик вазият яхши ёки ёмон бўлган давлатлар рўйхатини бизга Роспотребнадзор аниқлаштириб беради. Афсуски ҳозирча рўйхатга Ўзбекистон киритилмаган, - деди вазирлик расмийси.

Вазирлик расмий сайтида талабаларга киришга рухсат берилган давлатлар қаторида Абхазия, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Вьетнам, Греция, Миср, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қатар, Қирғизистон, Куба, Малдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Сейшел ороллари, Сербия, Сингапур, Танзания, Туркия, Финляндия, Швейцария, Эфиопия, Жанубий Корея, Жанубий Осетия ва Япония бор.

Идора вакиласи келтирилган рўйхат ўзгартирилиб, тўлдириб борилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Янги тартибга кўра, хорижлик талабалар Россияга кириб келишларидан камида 10 кун олдин ўз университетларига электрон почта орқали кириш муддати тўғрисида билдиришнома юборишлари лозим.

Киришга рухсат берилгани тўғрисида жавоб ҳам электрон почта орқали келади. Рухсат олган студент киришгача бўлган 3 кун ичида COVID-19га тест топшириши лозим. Тест коронавирус борлигини аниқламаса, улар бу ҳақда рус ёки инглиз тилида ҳужжат олиб чегарадан ўтишларига рухсат берилади.

Россия ҳукумати мамлакатга кириб келган чет эллик талаба кейинги 72 соат давомида қайтадан ПЗР (полимераза занжирли реакцияси) текширувидан ўтишга мажбур эканини белгилаб қўйди. Бу тестлар натижалари чиққунга қадар талабалар ўзини-ўзи изоляция қилиш режимида қолади ва ўқиш улар учун онлайн тарзда ўтказилади.

Бундан олдинроқ Россия Фан ва олий таълим вазири Валерий Фальков коронавирус авж олган ўтган 2020 йилда мамлакат ОЎЮларига 98 минг хориж граждани талабаликка қабул қилинганини билдирганди. Пандемия авж олиши туфайли 37 фоиз университет ва институтлар масофавий таълим курсларига ўтди.

Россия парламентининг Таълим ва фан қўмитаси раиси биринчи муовини Олег Смолин бугунги кунда Россияда хорижлик талабаларнинг ярмидан кўпи ўз уйида туриб, ўқув жараёнига Интернет орқали қатнаётгани ва бу ҳолат мамлакат ичкарисидаги таълим тизимига жуда салбий таъсир ўтказаётганини маълум қилди.

Ҳукумат пандемия ортидан жорий йилнинг апрел ойидан давлат олий ўқув юртларида таълим баҳосини тушириши ва кейинги йилда бюджет ўринларига қабул қилинажак талабалар сонини ошириши тўғрисида эълон қилди.

Шу йилнинг феврал ойида Россия томони Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатга кириб келишлари, жумладан, ўқиш мақсадида келишлари учун ўрнатилган чекловларни бекор қилгани йўқлиги тўғрисида хабар берилган эди. Россияга киролмаётган ўзбекистонлик талабалар дарслардан ортда қолаётганликларини айтиб келмоқда.

Сўнгги йилларда Россия олийгоҳларида ўқийдиган талабалар сони бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида пешқадамга айланиб, бу кўрсаткич йил сайин ошиб боряпти.

Россия Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Марина Боровская 2019 йили мамлакатда 26,5 минг ўзбекистонлик кундузги бўлимларда таҳсил олганини билдирган эди.

Бу рақамларда Россияда тижорий олий ўқув юртлари кундузги бўлимларида таҳсил олаётган талабалар сони акс эттирилмаган.

XS
SM
MD
LG