Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Россия Адлия вазири мигрантларни маҳбуслар билан алмаштириш ғоясини қўллаб чиқди


Россия Адлия вазири Константин Чуйченко ФСИН ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Россия Адлия вазири Константин Чуйченко ФСИН ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Россия Адлия вазири Константин Чуйченко Жазони ижро этиш федерал хизматининг (ФСИН) меҳнат мигрантларини Россиядаги маҳбуслар билан алмаштириш таклифини маъқуллаб чиқди. Миграция мутахассислари Россия ҳукуматининг бу ташаббусини "амалга ошириб бўлмайдиган популизм” деб атамоқда.

ФСИН маъмурияти: "Бу ГУЛАГ бўлмайди!"

Россия ҳукумати мулозимининг фикрича, ахлоқ тузатиш лагерларини яратиш маҳбусларнинг жазони алмаштириш ҳуқуқини амалга ошириш имконини беради.

Чуйченко ҳозирда озодликдан маҳрум қилиш жойларидаги 180 мингга яқин одам жазони ахлоқ тузатиш ишлари шаклида ўташга ўтиш ҳуқуқига эга эканини қайд этди.

- Биз бизнес билан музокаралар олиб бормоқдамиз, битимлар имзолаяпмиз, ФСИН бу масала устида фаол иш олиб бормоқда. Яқин муддатли режаларимизда ахлоқни тузатиш марказлари ва жойлари сонини ошириш бор. Бу жуда ижтимоий муҳим ва қизиқ нарса, чунки одамлар бу билан жамиятдан айрилмайди, маош олади, суд қарорларида белгиланган мажбуриятларини бажара олади, - деди журналистлар олдида чиқиш қилган Чуйченко.

Бу ғояни яхши деб ҳисоблашини айтган Адлия вазири жазо муддатини ўтаётган шахслар яхши ишчи бўлиш учун етарлича малакага эга эканини таъкидлади.

Аммо мамлакатда жами 8 мингтача ахлоқ тузатиш марказлари ташкил этилган, шу боис ҳукумат кишиларнинг жазони алмаштириш ҳуқуқини тўлиқ амалга оширолмайди.

Ўтган ҳафта Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) директори Александр Калашников Россияда мигрантлар ишлайдиган соҳаларда маҳкумларни фаолроқ жалб этиш ва, ҳатто, улар ўрнига ишлатиш таклифини ўртага ташлаганди.

- Яқинда Владимир Владимирович Путин Марказий Осиё минтақаси - Ўзбекистон, Тожикистон раҳбарлари билан учрашди. ... Унда ишчи кучи етишмаётган объектларга мигрантлар оқимини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди, - деди ФСИН раҳбари.

Янграётган танқидларга жавобан Калашников бу тузилмалар Сталин давридаги “ахлоқ тузатиш муассаларига айланмаслиги”га ҳам кафолат берди.

- Бу ГУЛАГ бўлмайди, бу мутлақо янги муносиб шароитлар бўлади. Чунки бу киши ётоқхона яшаб, ёки квартирани ижарага олиб меҳнат қилади, ёки иш берувчи унга оиласи билан яшаш учун шароит яратиб беради, - деди Калашников.

Бундан ташқари, ишчи-маҳбусга муносиб маош берилишини айтган ФСИН раҳбари ҳар бир ҳудудда бу масалани кўтариш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Россия ФСИН раҳбари мажбурий меҳнатга жалб қилинган маҳбуслар иқлими жуда совуқ бўлган Ненец мухтор вилояти, Таймир, Магадан вилояти, Норилск ва Байкал-Амур магистрали (БАМ) қурилишларида ишлатилиши мумкинлигини айтди.

Айни вақтда Россияда 483 минг маҳбус жазо ўтамоқда. Улардан 188 минг нафари жазони мажбурий меҳнатга алмаштиришни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Қамоқхонадаги минглаб маҳбусларни Россиядаги йирик қурилиш объектларига жалб қилиш масаласи анчадан буён муҳокама қилиб келинади. Россия қонунчилиги жазони ижро этиш муассасасидан ташқарида маҳбуслар меҳнатидан фойдаланишни тақиқламайди. Бироқ Сталин давридаги ГУЛАГ тизимидан фарқли равишда ҳозирги маҳбуслар меҳнатига ҳақ тўланиши, улар жамиятдан изоляция қилиниши ва қўриқланиши лозим.

"Бу навбатдаги сайловолди популизм!"

Россия ҳукуматининг ушбу ташаббуси Россиядаги миграция мутахассислари танқидига учради.

Россия Мигрантлар федерацияси раҳбари Вадим Коженов меҳнат муҳожирлари маҳбуслардан кўра малакалироқ экани, у ёки бу иш билмайдиган судланганга иш ўргатиш қўшимча ҳаражатларни келтириб чиқаришига эътибор қаратди.

- Ким маҳбусларни ўқитиши керак? Мигрантлар ҳар бири ўз ўрнида, улар етарли даражада малакага эга. Яъни, ФСИН бача маҳбусларни тартибга келтирмоғи, улардан қай бири тош терувчи, сувоқчи ё дурадгор эканини аниқлаши лозим.

Федерация раҳбари, масалан, таксичи ёки курьер бўлиб ишлаётган маҳбусларни тасаввур қила олмаётганини айтди.

Migrant.mobi портали асосчиси, юрист ва жамоатчилик фаоли Ботиржон Шермуҳаммад Россия ҳукумат аъзоларининг мигрантларни маҳбусларга алмаштириш ғоясини “сайловолди популизми” деб атади.

- 550 минг ишлаши мумкин бўлган маҳбус бор экан Россияда. Биринчидан, уларнинг ҳаммасини олиб чиққандаям барча мигрантлар ўрнини босолмайди. Иккинчидан, мигрантлар асосан хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайди. Судланган одамни савдо-сотиққа, “доставка”га, таксига ким жалб қилади?! Ҳар бирини қўриқлаш масаласи ва бизнесменлар жазони ўтаётган шахсларга бирор нарсани ишониб топширадими, деган савол пайдо бўляпти. Бу популизм - сайловга яқин кўтарилаётган гаплар. Бу ҳаракатлар “Ноқонуний мигрантлар кўпайиб кетди, уларга қарши кураш олиб борилмаяпти”, деган жамиятдаги мигрантофоб фикрларни қўллаб-қувватлаш бўляпти, рейтинг ошириляпти. Аслида бирортаси амалга ошмайдиган нарса.

Суҳбатдош Россиядаги қамоқдагиларнинг асосий қисми шусиз ҳам фойдали меҳнат билан шуғулланишини айтади:

- Аслида жуда ҳам кўп муассасаларга маҳбуслар ишлаб келади. Айтишадики, бу муассасалар ФСИН раҳбарияти билан алоқадор одамларга тегишли ва қамоқдан чиқаётган маҳбусларга улар ишлаган пул берилмайди кўпинча. Умуман олганда, маҳбусларни ишлатиш тизими бутун дунёда мавжуд ва уни бундай шаклда жамиятга тақдим этиш ноўрин, деб ҳисоблайман, - деди Озодликка Ботиржон Шермуҳаммад.

Россия Ички ишлар вазирлиги сўнгги маълумотларига кўра, ноқонуний юрган муҳожирлар сони 500 мингдан зиёд ва уларнинг энг кўп қисми -332 мингни ўзбекистонликлар ташкил этади. Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой “15 июнга қадар ўз миграция мақомларини қонунийлаштирмаган муҳожирлар Россияни тарк этишлари лозим”, дея баёнот берганди.

Бугунги кунда меҳнат муҳожирлари учун ҳужжатларни расмийлаштирувчи кўплаб миграция марказларида, хусусан йирик мегаполислардаги идораларда улкан навбатлар юзага келгани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

Шу кунларда Москванинг Сахарово мавзесидаги миграция марказида минглаб хорижликлар навбатда тургани хабар ва виделари Озодликка келиб тушмоқда.

Россия ФСИН охирги очиқлаган маълумотга кўра, Россия қамоқхоналарида 30 мингга яқин хориж фуқаролари жазо муддатини ўтамоқда. Бу муассасалардаги одам ҳисоби бўйича тожикистонликлардан (8000 зиёд) кейинги ўринни ўзбекистонликлар (6400 яқин) эгаллайди.

XS
SM
MD
LG