Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:59

Мирзиёев ёшларни ДХХга топширди. Партия тузмоқчи бўлган талаба устидан суд бошланмоқда


Ўзбекистонда талаба-ёшларнинг фаоллиги асосан, давлат томонидан ташкиллаштирилади - мустақил ёшлар эса, кўпинча "уюшмаган ёшлар" деб таърифланади
Ўзбекистонда талаба-ёшларнинг фаоллиги асосан, давлат томонидан ташкиллаштирилади - мустақил ёшлар эса, кўпинча "уюшмаган ёшлар" деб таърифланади

Президент Мирзиёев ўтган ҳафтада "ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш" вазифасини Давлат хавфсизлик хизматига юклади.

ДХХнинг истеъфодаги зобити фикрича, махсус хизматлар ваколатлари доирасига Президент тилга олган муаммолар билан шуғулланиш кирмайди.

Сиёсий мавзуларни ёритиб келаётган 30 яшар блогер “ёшларнинг ДХХга топширилиши”дан самара кутмаётганини билдирди.

Мавзуни ўрганиш жараёнида сиёсий партия тузмоқчи бўлган 19 яшар талаба устидан иккинчи суд жараёни 2 февралда бошланиши маълум бўлди.

27 январда президент Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг дастлабки хабарида ёшлар муаммоларини ҳал қилишга ҳокимлар ўринбосарлари, солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарлари масъул эканлиги белгилаб қўйилгани айтилди.

Шунингдек, туман прокурори, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқлари – уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга масъул бўлажаги хабар қилинди. Бу хабарда ҳам, 27 январь кунги бошқа бир расмий хабарда ҳам ёшлар билан ишлаш юклатилган яна бир идора тилга олинмади.

Йиғилишдан ёзиб олинган ва Кун.уз нашри эълон қилган видеода президент Мирзиёевнинг «Билдирилган таклиф ва истаклар асосида туман ва шаҳарлар кесимида ёшлар дастурлари тасдиқланди. Ушбу дастурларнинг ижроси ҳамда ёшларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш вазифаси Давлат хавфсизлик хизматига юклатилди», деганини эшитиш мумкин.

“Президентнинг қайд этишича, вазифанинг муҳимлиги инобатга олиниб, ДХХ ёшлар муаммолари бўйича режаларнинг жойларда амалга оширилишини назорат қилади. Бу режалар бажарилишига кўмаклашади ва лозим пайтда масъулларга бажартиради ҳам”, деб хабар қилди нашр.

“Махсус хизматлар ёшлар билан ўтган асрнинг 20-йилларида шуғулланган эди, холос”

Давлат хавфсизлик хизмати (собиқ КГБ-таҳр.) нинг 25 йилдан бери истеъфодаги полковниги Маҳмуджон Йўлдошев Озодлик саволларига жавоб бераркан, махсус хизматга ёшлар билан боғлиқ масалаларни назорат қилиш топширилганини “тушунмаганини” яширмади.

Маҳмуджон Йўлдошев
Маҳмуджон Йўлдошев

"Махсус хизматларнинг ёшлар билан шуғулланиши бу идоранинг на Низомига ва на қонунга тўғри келади. Бир вақтлар, бундан 100 йиллар олдин Ленин ЧК (Чрезвичайная комиссия – Фавқулодда комиссия – КГБнинг дастлабки номи) бошлиғи Дзержинскийга қаровсиз болалар билан шуғулланишни топширган. Ҳозир Ўзбекистонда ўтган асрнинг 20- йилларидагидай эмас аҳвол. ДХХнинг қонунда белгилаб қўйилган вазифалари бор. Улар орасида алоҳида ёшлар муаммолари билан шуғулланиш вазифаси йўқ", - деди ДХХнинг истеъфодаги полковниги Маҳмуджон Йўлдошев.

Президент Мирзиёев 2018 йилнинг 5 апрелида имзолаган “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунда Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳамда бошқа давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш, қонунийликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек Давлат хавфсизлик хизматининг ваколатига киритилган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш мазкур хизматнинг асосий вазифалари сифатида белгилаб қўйилган.

Президент администрациядан таклиф қилинган, лекин бажарилмаган ваъда

YouTube даги “Кўзгу” кўрсатуви муаллифи, 30 яшар Абдуқодир Мўминов сиёсий мавзуларни ёритиб келаётган блогер.

Абдуқодир Мўминов
Абдуқодир Мўминов

Озодлик билан мулоқотда у ёшлар муаммоларини ўрганиш ДХХга топширилиши самара беришига шубҳа билан қараётганини билдириб, ўзи билан боғлиқ воқеани айтиб берди:

“Ўтган йили Ахборот хизмати очмоқчи бўлиб, шу йўналишда иш бошлаб турувдим, Президент администрациясидан телефон қилиб қолишди. Биздан қандай ёрдам керак, деб сўрашди. Фирмамнинг фаолиятини юритишим учун машина, оргтехника олишга 200-300 миллион сўм кредит керак, дедим. Ёрдам берамиз, дейишди. Лекин ҳалигача ҳеч нарса бўлмади”.

ДХХ ижтимоий муаммоларини ўрганиши лозим бўлган ёшлардан бири партия тузмоқчи бўлди ва ... судланди

Жавоҳир Омонов
Жавоҳир Омонов

Жаҳон тиллари университетининг 2- курс талабаси, ўтган йили, 1- курсда ўқиётган пайтда сиёсий партия тузишга киришган сирдарёлик Жавоҳир Омонов ДХХ ижтимоий муаммоларини ўрганиши лозим бўлган ёшлардан бири.

Жавоҳир Озодликка президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан илҳомланиб, 2020 йилнинг баҳорида янги сиёсий партия тузишга жазм қилганини ва шундан сўнг кутилмаган муаммолар гирдобида қолганини айтиб берди.

Жавоҳирнинг иддао қилишича, у 2020 йил баҳорида янги партия тузмоқчи эканлигини айтиши биланоқ ўша пайтгача ўзи аъзо бўлган Либерал демократик партия вакиллари томонидан унга босим бошланган.

Орадан ойлар ўтиб, кузда Жавоҳирнинг кўргиликлари бошланган:

"26 ноябрда Сирдарёдаги уйимизга (Сайхунобод тумани) ички ишларнинг бир ходими билан ўзини таништирмаган уч киши келишди ва машинага босиб олиб кетишди. II гуруҳ ногирон бўлишимга қарамай, ИИБ биносида 17 соат ушлаб туришди. Мени олиб кетганлар менга руҳий, маънавий босим ўтказди. Сиёсатга аралашмасликни талаб қилишди. Эртасига суд қилишди. Маъмурий ҳуқуқбузарликда айблашди. Судда адвокат талаб қилдим. Адвокат беришмади. Қандай ҳуқубузарлик қилганимни ҳам тушунтиришмади. Бу ҳақдаги барча саволларим жавобсиз қолаверди. Суд ҳукмида айтилишича, мен ИИБ ходимларини ҳақорат қилганмишман, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузган эканман ҳамда кўчага юз ниқобисиз чиққанмишман. ИИБ ходими билан ўзини таништирмаганлар кутилмаганда келиб чақиришганда ниқобсиз уйимиз дарвозасини очганман. Шу айбим эмиш. Хуллас, энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида жаримага тортишди".

Жавоҳирнинг айтишича, ўшандан бери ҳам у тинимсиз ИИБ биноси ёки бошқа жойларга чақиртирилмоқда, 2 февралда эса, яна устидан суд бошланиши кутилмоқда:

"26 ноябрда ИИБ биносида ҳибсда ўтирган пайтимда номаълум кимсалар уйимизга келиб, онамдан алдов йўли билан менинг телефонимни олиб кетишган экан. Кейин уни экспертизага жўнатишибдиймиш. Телефонимдан мен ҳеч қачон танимаган одамларнинг исмлари ёки материаллари чиқибдиймиш. Мен кўрай ўша нарсаларни, суратга олай, десам, "кўриш ҳам, суратга олиш ҳам мумкинмас", дейишди. Яқинда судга чақирув қоғози келди. Унда мен қайси модда бўйича айбланаётганим ҳам, айбим ҳам кўрсатилмаган. Афтидан, суд ўша "телефон ишим" бўйича бўлади. Суд эртага, 2 февраль, соат 10.50 га белгиланган".

Комсомолдан гула кўтарган ташкилотлар

2020 йилнинг 30 июнида президент Мирзиёев Ёшлар ишлари агентлигини тузиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди.

Янги ташкилот марказий идораси учун 75 штат бирлиги, вилоят ва туманлардаги бўлимларида эса 766та штат бирлиги бўлиши фармонда айтилган.

2017 йил июлида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилганди.

Худди шундай ном билан юритилган ташкилот Ўзбекистон ҳали СССР таркибида бўлган 1991 йили аввалги Комсомол ташкилоти ўрнида ташкил топган ва 1996 йилгача амал қилган. 1996 йил апрелида эса, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримов фармони билан "Камолот" жамғармаси тузилганди.

"Камолот" жамғармаси 2001 йилда Ёшлар ижтимоий ҳаракатига айлантирилган.

XS
SM
MD
LG