Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:51

Меҳнат вазирлиги пахта терган 700 аёлга ҳақ тўламайдиган бўлди. Қонун аёллар томонида


Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги пахта териш учун ёлланган 700 нафар “аёлга пахта теримида иштирок этганлиги сабабли иш ҳақи тўланиши мақсадга мувофиқ эмас” деб топди. Бу ҳақда вазирлик ўзининг расмий Телеграм каналида маълум қилди.

Бу аёлларни пахта теримига Фориш туман аҳолини иш билан таъминлаш маркази ёллаб, уларнинг ҳар бирига ойига 704 минг сўмдан иш ҳақи тўлаш мажбуриятини олган.

Аёлларнинг бир қисмига октябрь ойи учун иш ҳақи берилгани, аммо ноябрь ойи учун ҳалигача иш ҳақи тўланмаганини Озодлик аниқлаган эди.​

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799- қарорига асосан, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишлар ҳақ тўланадиган жамоат ишлари қаторига киритилган.

Нима бўлган эди?

Озодлик радиоси Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Сайёд маҳалласида яшовчи 45 га яқин аёл Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан иш ҳақини ололмаяётгани ҳақида 10 январь куни хабар берган эди.

Мавзуни ўрганиш жараёнида Фориш туманида 700 нафар аёл туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан пахта териш учун ёллангани ва уларнинг бир қисмига октябрь ойи учун иш ҳақи берилгани, аммо ноябрь ойи учун ҳалигача иш ҳақи тўланмагани аниқланган эди.

Аёлларнинг иддао қилишларича, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази уларни октябрь ва ноябрда пахта териш учун икки ойга расман ишга ёллаган ва ҳар бир ой учун 704 минг сўмдан иш ҳақи тўлаш мажбуриятини олган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг шу масалада берган баёнотини тўлиқ келтирамиз.

“2020 йил 10 январь куни ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ жиззахлик аёллар 2019 йил ноябрь ойида пахта йиғим теримида иштирок этганлиги, пахта пулини эса ҳанузгача олмагани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Айни масала 2020 йил 11 январь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъуллари томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, пахта терими жараёнида иштирок этган барча теримчиларга терим пуллари тўлиқ берилган, бундан ташқари рағбатлантириш учун ўсимлик ёғи ҳам тақдим этилган.

2019 йил ноябрь ойида Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш учун Фориш туман Аҳоли бандлигига кўмаклаши марказига тумандаги 23 та маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан жами 700 нафар фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиш бўйича буюртмалар тақдим этилган. Улар асосида мониторинг ўтказилиб, жамоат ишларига жалб қилинган (таъкид Озодликники) фуқаролар ушбу даврда пахта теримида иштирок этганлиги сабабли иш ҳақи тўланиши мақсадга мувофиқ эмас деб топилган.

Мурожаатчиларга пахта терими ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинганлик учун тўловлар тартиби тўлиқ тушунтирилган.

Ҳозирда мазкур мурожаатни қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш чораси кўриляпти”.

Тоғайгул: Тушунмадим, ўз ҳақимни талаб қилишимнинг турмушга чиқа олмаслигимга қандай алоқаси бор?

Фориш туманидаги Сайёд маҳалласида яшовчи Тоғайгул Жўраева иш ҳақини ололмай сарсон бўлганидан кейин Озодликка шикоят қилган аёллардан бири. У 15 январь куни Озодлик билан суҳбатда мақола чоп этилгани ва президент порталига иш ҳақини сўраб мурожаат қилганидан сўнг ўзига нисбатан босим бўлганини айтди:

- Бугун порталга ҳам мурожаат қилган эдик. Шунга олдимга биржада ишлайдиган Алишер деган одам келиб: “Ёмон иш қилибсиз. Сиз турмушга чиқишингизни ўйлашингиз керак. Бундай мурожаатларингиз турмушга чиқишингизга ҳалақит беради”, деган гапларни айтди. Наҳотки ўз ҳақимни талаб қилишим турмушга чиқишимга ҳалақит берса? -деб савол қўяди Тоғайгул.

Унинг айтишича, биржа вакили ундан “пахтага чиққаним учун меҳнат ҳақимни олдим” деган маънода тилхат ёзиб беришни талаб қилган.

- Ойлигимни олдим, деб ёзиб беришим керак экан. Шу тилхатим билан аризамни ёпишар экан. Мен ойлигимни бермагунигларча ҳеч нарса ёзмайман, деб туриб олдим. Маҳалла раисига телефон қилган эдим у: “Биржадагилар фақат 17 кунга иш ҳақи тўлаб берамиз деб айтишаяпти. Мен бунга кўнмаяпман. Сизларни бир ойга пахтага олиб борганман. Тўлиқ тўлашлари керак, ахир эртага яна пахта теримига чиқишимиз бор”, деб айтди, -деди Тоғайгул Жўраева.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги баёноти ҳамда Тоғайгул Жўраева.​билан 15 январда ўтказилган суҳбатдан Озодликда қуйидаги бир қатор янги саволлар пайдо бўлди:

1. Вазирликнинг расмий баёнотидаги “...жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар ушбу даврда пахта теримида иштирок этганлиги сабабли иш ҳақи тўланиши мақсадга мувофиқ эмас деб топилган” ва кейинги абзацдаги “Мурожаатчиларга пахта терими ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинганлик учун тўловлар тартиби тўлиқ тушунтирилган”, деган гапни қандай тушуниш мумкин? Бу гапда мантиқ борми?

2. Пахта теримига ёлланганларга иш ҳақи берилмас экан, унда нега форишлик 700 аёлдан айримларига пахта пуилидан ташқари яна октябрь ойи учун 704 минг сўмдан иш ҳақи берилган?

3. Тоғайгул Жўраева билан суҳбатлашган Фориш туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази вакили Алишер нега ундан "пахтага чиққаним учун иш ҳақимни олдим", деган тилхат ёзиб беришни талаб қилган? Демак иш ҳақи берилиши керак экан-да? Иш ҳақи берилиши керак бўлса, унда нега берилмаяпти ёки 700 аёлнинг бир ойлик иш ҳақи "йўқолиб" қолдими?

4. Пахта теримига чиққани учун ҳақ тўланмаса, нега 700 нафар аёл давлат расмий органи бўлган аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишга ёлланди? Аёлларнинг ўзлари аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази воситасисиз пахта теримига чиқа олмасмиди? Бу воситачисиз ҳам уларнинг ўзлари ўз ихтиёрлари билан пахта теримига чиқиб, терган пахталари учун ҳақ олишлари мумкин эди-ку?

5. Вазирлик расмий баёнотида “Мурожаатчиларга пахта терими ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинганлик учун тўловлар тартиби тўлиқ тушунтирилган”, деб ёзганида Тоғайгул Жўраевага қилинган босимни назарда тутдими?

Озодлик мухбири саволларни бериш учун Фориш туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ва бошқа расмийларга телефон қилиб, жавоб ололмади. Расмийлар телефонларини кўтармадилар, айримлари эса Озодлик билан суҳбатлашишдан бош тортди.

Қонун нима дейди?

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-сон қарорига 3-илова “Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”, деб номланади.

Мазкур Низом Ўзбекистон президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон Фармонига мувофиқ ҳақ тўланадиган жамоат ишларини (кейинги ўринларда Жамоат иши деб аталади) ташкил қилиш турлари ва тартибини белгилайди.

“Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 1-боби 2 бандида:

“... (Ҳақ тўланадиган) жамоат ишлари — ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли учун умумжалб этиш мумкин бўлган, алоҳида тайёргарлик ва малака талаб қилмайдиган, ҳақ тўланадиган вақтинчалик меҳнат фаолияти турлари;

(Ҳақ тўланадиган) жамоат ишларини бажарувчи шахс — белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган, шунингдек иш изловчи шахс сифатида рўйхатга олинган ва жамоат ишларида қатнашиш учун жалб қилинган фуқаро”, деб белгиланади.

2-бобнинг 9 бандида “мавсумий қишлоқ хўжалик ишлари (таъкид Озодликники), қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаш”ҳақ тўланадиган жамоат иши сифатида эътироф этилган.

Низомнинг 3-бобида жамоат ишларини ташкил қилиш тартиби белгилаб берилган:

25. АБКМ (Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази -таҳр.) буюртмачи иш берувчи томонидан ҳисобот ойининг 15-санасига қадар тақдим этилган табелга асосан Жамғарма томонидан қопланадиган тўловларнинг 50 фоиз қисмини аванс сифатида тўлайди.

31.(Ҳақ тўланадиган) Жамоат ишларида қатнашадиган фуқаролар билан иш берувчи мазкур Низом талабларига мувофиқ меҳнат шартномаси тузади. Шартномада томонларнинг мажбуриятлари, ишнинг ҳажми ва бажариш муддатлари, меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлаш шакллари назарда тутилади.

32. (Ҳақ тўланадиган) Жамоат ишларини бажараётган фуқароларга корхоналарда амалга бўлган ставкалар ва лавозим маошлари (ишбай нархлар)дан келиб чиққан ҳолда, аммо иш ҳақи тўлаш бўйича Ягона тариф сеткасининг биринчи разрядидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.

(Ҳақ тўланадиган) ​Жамоат ишларида иш ҳақидан ташқари меҳнат учун қўшимча мукофотлар миқдори иш берувчилар маблағлари ҳисобидан белгиланиши мумкин ( таъкид Озодликники).

4-боб. Якунловчи қоидалар

39. (Ҳақ тўланадиган) Жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича фаолият билан боғлиқ ҳолда вужудга келадиган баҳслар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

40. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беришади.

XS
SM
MD
LG