Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:09

“Мендирман Жалолиддин”: Саида Мирзиёева танқидга очиқлигини айтди - танқидлар узоқ куттирмади


"Мендирман Жалолиддин" фильмини ўтган йил октябрида президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева тақдим қилган эди
"Мендирман Жалолиддин" фильмини ўтган йил октябрида президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева тақдим қилган эди

14 февралдан эътиборан "Миллий" телеканалида “Мендирман Жалолиддин” тарихий сериалининг намойиши бошланди. Сериал ўзбек ва турк киноижодкорлари томонидан суратга олинган.

Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева томонидан анонс қилинган премьера ортидан тармоқларда фильмда акс этган тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқима борасида баҳслар бошланиб кетди.

Мирзиëеванинг ўзи тармоқлардаги саҳифалари орқали "фильмда бадиий тўқимага ўрин берилгани ва бу борадаги танқидларга фильм ижодкорлари тайëр эканлиги"ни билдирди.

Бадиий тўқима ва сохталаштириш

"Мендирман Жалолиддин" фильмининг тақдимоти ҳақидаги илк хабарларда унинг сценарий муаллифи сифатида тилга олинган ёзувчи Назар Эшонқул буюк саркарда ҳақидаги фильмда "бадиий тўқима меъёрлари"га риоя қилинмаганига эътибор қаратди.

"Мен ўрганган манбаларга таяниб икки юз фоиз ишонч билан шуни айтаманки, бу саркарданинг ҳаёти тўқимага муҳтож эмас. Фақат бадиийлаштирилса бўлди. Унинг ҳаёти қаҳрамонликларга, асар учун конфликтларга етиб ортади. Бадиий тўқима сохталаштириш дегани эмас, балки, тарихий воқеликни қайта яратиш дегани. Асли йўқ фазилатлар, йўқ қаҳрамонликлар тўқилади,яъни йўқ нарса ясалади. Қолаверса, миллатнинг қаҳрамони ясама қаҳрамон эмас... Миллий қаҳрамон тарихийликдан қанча узоқлашса, шунча сохталашади. Тўқима пафос санъатнинг, реалликнинг жимжимага ўралган кушандаси. Бадиий тўқиманинг меъёрини билмаслик ҳар қандай тарихий қаҳрамонни тўқима қаҳрамонга айлантиради. Тўқима қаҳрамон миллий қаҳрамон бўлолмайди", деб ёзди Назар Эшонқул 16 февраль куни ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Жалолиддин Мангуберди образини турк актёри Эмре Кивилжим гавдалантирган
Жалолиддин Мангуберди образини турк актёри Эмре Кивилжим гавдалантирган

Антрополог Элдор Асанов эса фильмни кўрган томошабинларни тарихий реаллик ҳақида хулоса чиқаришга шошилмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Асанов фильм премьераси бўлиб ўтган 14 февраль куни ўзининг Телеграм каналида “Мендирман Жалолиддин” сериали муаллифлари. Чингизхон ва Жалолиддин бир чойхонада нима қилиб ўтирибди? дея кинояли савол қўйди.

Унинг ёзишича, "Мендирман Жалолиддин” сериали тарихий воқеалар асосида олинган, лекин тўлиқ тарихий реалликни тикламайди. Тарихга эркин, ижодий ёндашилгани бошидан маълум эди... Лекин томошабинлар бу сериални кўриб, “тарих худди шунақа бўлган экан”, деб ўйлаб қолмаслиги керак, менимча. Акс ҳолда уларда тарихий реаллик ҳақида нотўғри тасаввур уйғониши мумкин".

Чингизхон босқинига қарши курашган Жалолиддин Мангуберди образи Ўзбекистонда ватан ҳимоячиси тимсолига айланган
Чингизхон босқинига қарши курашган Жалолиддин Мангуберди образи Ўзбекистонда ватан ҳимоячиси тимсолига айланган

Фильмнинг сценарий муаллифи ўзгариб қолди

14 февраль куни намойиш қилинган сериал титрларида сценарий муаллифи сифатида Меҳмет Бўздоғ ва Бобохон Муҳаммад Шариф исми кўрсатилди.

Назар Эшонқулнинг 16 февраль куни Озодлик билан суҳбатда айтишича, у 2018 йил ёзида фильм ташкилотчилари ва “Ўзбеккино” раҳбариятининг буюртмаси билан сценарийни ёзиб берган. Адибнинг таъкидлашича, “сценарий Бадиий кенгаш тасдиғидан ўтган ва кенгаш баённомасида ҳам бу ўз аксини топган. Озодлик бу кенгаш қарори билан танишди. Ҳужжатда 7 та сценарий ичидан Назар Эшонқулга оид матн танлаб олингани айтилади.

Нега қайсидир босқичда тасдиқдан ўтган муаллифдан воз кечилган? Озодлик бу саволни ëзувчи Назар Эшонқулга берди:

“Давлат раҳбари томонидан Жалолиддин Мангуберди ҳақида фильм олиш ташаббуси кўтарилиб, бу фильмга продюсерлик қилиш “Мендирман Жалолиддин” қўшиғи ижрочиси, продюсери Озодбек Назарбековга юклатилганидан кейин “Ўзбеккино” миллий агентлиги Назарбеков билан бирга бир нечта сценарий ёздирди. Аммо бу сценарийларнинг бирортаси “Ўзбеккино” Бадиий кенгашидан ўтмади. Оқибатда, агентликнинг ўша даврдаги раҳбарлари Фурқат Зокиров ва Шуҳрат Ризаев продюсер Назарбеков билан келишган ҳолда, 2018 йил бошида сценарий ёзишни менга топширишди. Аввалдан бу саркарда ҳақида роман ёзиш учун материал тўплаганимдан келиб чиқиб, қўшимча ўрганиб, 2018 йил ёз бошида “Жалолиддин Мангуберди” номли сценарий ёзиб бердим. Сценарий Бадиий кенгашдан ўтди. Кенгаш баённомасида ҳам бу ўз аксини топган.

Кинодаги Чингизхон ролини ўзбек актёри Жавоҳир Зокиров ўйнаган
Кинодаги Чингизхон ролини ўзбек актёри Жавоҳир Зокиров ўйнаган

Мен ёзган сценарий Озодбек Назарбеков илтимоси билан туркчага таржима қилинди, Бўздоғга юборилди. Шундай қилиб, сериал борасида ишлар бошланди. Менинг сериал ҳақида билганларим шу ергача. Бундан бу ёғидан бехабарман"¸ - дейди Назар Эшонқул.

Назар Эшонқул ëзган сценарий муҳаррирининг Озодликка билдиришича "намойиш қилинган сценарийда Назар Эшонқул ëзган вариантдан асар ҳам қолмаган".

"Назар Эшонқул сценарийсидаги ҳар бир жумла тарихий ҳақиқат устига қурилган эди. Бўздоғ варианти эса, тарихий ҳақиқатдан йироқ, бадиийлиги ҳам ўта ночор бир чўпчак бўлиб қолган", - деди исми очиқланишини истамаган муҳаррир.

"Ўзбеккино" раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов Озодлик билан суҳбатда
"Ўзбеккино" раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов Озодлик билан суҳбатда

Давлат буюртмаси

“Ўзбеккино” миллий агентлигининг исми матбуотда айтилмаслигини сўраган мулозими сценарий билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритди:

“Назар Эшонқул ëзган сценарий асосида бадиий фильм суратга олиниши керак эди. Фильмни олиш Озодбек Назарбековнинг ўғли Жаъфарбекка тегишли “Best organaizer” МЧЖга топширилди. 2018 йилнинг 22 июнида “Ўзбеккино” Best Organaizer билан шартнома тузиб, унинг ҳисобига 533 млн сўм аванс ўтказилди. Кейин фильмни суратга олиш жараёнига президентнининг қизи Саида Мирзиёева аралашди. “Ўзбеккино” фильм олиш жараëнидан четлаштирилди. 2010 йили 10 октябрда “Best organaizer”га ДХХдан келиб, пулни қайтаринг, дейишди. Ўша куни шанба эди. Банк ëпиқ. Банк директорини обкелиб, пул қайтариш операциясини бажартиришди. Худдди шу пайтда Назар Эшонқул ҳам сценарий муаллифлигидан четлатилди. Менимча, сценарий учун катта гонорарни қизғанишди. Сценарий муаллифи ва режиссёр Меҳмет Бўздоғ. Ўзбекистонлик Бобохон Шарипов эса шунчаки маслаҳатчи қилиб олинди. Билганим шу. Бу сериал учун “Ўзбеккино” масъул эмас. Кинонинг янги эгаси президент қизи”.

Ëаувчи Назар Эшонқул “ўйин қоидалари ва фильм эгаси” ўзгарганидан бехабар қолганини айтади:

Тўғриси, гарчи, Озодбек Назарбековнинг ёрдамчилари, мен сценарий тақдири билан қизиққанимда, ҳар гал “Сизнинг сценарийингиз асосида кенгайтирилган сериал олиняпти” дейишган бўлса-да, менга бу борада ҳеч ким расман мурожаат қилган эмас. Ваҳоланки, “Ўзбеккино” норматив ҳужжатларига кўра, фильм ишлаб чиқаришга тушиши билан даставвал муаллиф билан шартнома тузилади ва кейин бошқа ҳаракатлар бошланади. Мен билан эса, шу пайтгача сценарий муаллифи сифатида ҳатто шартнома ҳам тузилган эмас. Айни сценарий борасида менга буюртма қилиб ёздирган ва шу сценарий асосида дастлабки ҳаракатлар бошлаган “Ўзбеккино” раҳбарияти ҳам менга аниқ ва асосли жавоб айтган эмас. Бадиий кенгашдан ўтган, фильм учун асос бўлган сценарий муаллифига нисбатан бу хил муносабатда бўлиш муаллифлик ҳуқуқларини менсимаслик, ҳатто беҳурматлик юз берган бўлса ҳам, буюк аждодимиз Жалолиддин Мангуберди ҳурмати учун мен бу борада, “сувни кўрмай, этик ечмаслик” тарафдори бўлиб келдим”.

Назар Эшонқул фильмга “Жалолиддин Мангуберди” номини бергани, ҳозирги номга ўзининг алоқаси йўқлигини таъкидлайди.

“Фильм номи аслида “Жалолиддин Мангуберди” бўлиши керак эди. Мен шундай ном берганман. Сериалнинг ҳозирги номига менинг алоқам йўқ. Телесериал муаллифлиги деярли барча ахборот воситаларида менга нисбат берилгани учун бевосита ёки билвосита қилинган саволларга, ижтимоий тармоқдаги баъзан беҳурматларча ўринли, ўринсиз мурожаатларга, мазахомуз изоҳларга ўзим билмаганим учун, жавоб беролмайман, бу масъулиятни бўйнимга ололмайман.

Жиноят иши марказидаги фильм

Бош прокуратура олиб борган терговга доир ҳужжат нусхаси
Бош прокуратура олиб борган терговга доир ҳужжат нусхаси

"Мендирман Жалолиддин" фильми 2020 йилнинг 3 октябрида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиëева тарафидан тақдим этилганидан бир неча кун ўтиб, Бош прокуратура "Менман, Жалолиддин" номли фильм юзасидан жиноят иши очган эди.

Озодликнинг жиноят иши тафсилотларига доир хабари ортидан Бош прокуратура баёнот бериб, жиноят ишига Молия вазирлиги Ўзбеккино Миллий агентлигида ўтказган текширув ҳужжатлари асос бўлганини маълум қилди.

Бош прокуратура “Менман, Жалолиддин” ва яна 13 та фильмни суратга олиш жараёнида "катта миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштирилгани ва растрата йўли билан талон - торож қилингани" юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини айтган.

10 октябрь куни эълон қилинган расмий ахборотда Бош прокуратура фильмга ажратилган 533 млн сўм маблағ "давлат бюджетига қайтарилгани"ни билдирди.

Алламжонов президентнинг тўнғич қизи билан
Алламжонов президентнинг тўнғич қизи билан

Бош прокуратурага кўра, 2018 йил 22 июнида “Ўзбеккино Миллий агентлиги ҳамда “Best organiser” МЧЖ ўртасида “Менман, Жалолиддин” номли фильм яратиш ҳақида дастлабки шартнома тузилиб, шартномага мувофиқ олдиндан аванс сифатида 533 млн сўм маблағ тўлаб берилган”.

“Лекин, ушбу фильмни суратга олиш ишлари “Мендирман, Жалолиддин” номи билан Туркия Республикасидаги ҳамкорлар билан олиб борилганлиги, уни ишлаб чиқариш харажатлари бюджетдан эмас, балки бошқа ҳомийлар томонидан молиялаштирилганлиги сабабли, “Ўзбеккино” Миллий агентлигидан ажратилган маблағлар фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмаган ва бугунги кунда бюджетга қайтарилган”, дейилади расмий баёнотда.

Бош прокуратура маблағлар қачон қайтарилганини айтмаган, аммо 2020 йилнинг 3 октябрь куни Саида Мирзиёева томонидан тақдим қилинган “Мендирман, Жалолиддин” фильмига тегишли ҳужжатлар олинмагани" ва “ушбу фильмни ишлаб чиқарган шахсларнинг жиноят ишига ҳеч қандай алоқаси йўқ”лигини таъкидлаган.

Саида Мирзиёева Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари бўлган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари Комил Алламжонов эса Масс-медиа фонди "емаган сомсага пул тўлаётгани"ни айтиб чиқди.

"Ушбу сериалга на "Ўзбеккино" алоқадор ва на давлат бюджети маблағлари", деб ёзди Алламжонов 11 октябрь куни ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

2020 йилнинг 3 октябрь куни Тошкентдаги тақдимот маросимида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева фильм тўлалигича Ўзбекистондаги энг йирик хусусий банклардан “Orient Finans Bank” томонидан молияланганини айтган.

Ўзбекистонда кино саноати энг коррупциялашган соҳалардан бири сифатида кўрилади. 2014 йилда “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятида олиб борилган тафтишларда “пул ювиш" ҳамда давлат маблағларини катта миқдорда талон-торож қилиш фактлари аниқланган ва жиноят иши очилган эди.

Тафтиш ортидан “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятининг маҳсулотларини сотиш бўлими бошлиғи 51 яшар Назаров Тўлаган Толипович “Ўзбекфильм” биносида ўзини осган.

Кейинроқ бир неча масъуллар шартли жазо ва жарималарга тортилган эди.

Ўтган йил октябрида "Ўзбеккино" вакили Озодликка Бош прокуратура олиб борган сўнгги тафтишлар натижасида 17 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилгани аниқланганини айтган.

Урганчдаги Жалолиддин Мангуберди ҳайкали
Урганчдаги Жалолиддин Мангуберди ҳайкали

XS
SM
MD
LG