Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:50

Бутхонани таъмирлаган “Мерос чашмаси” давлат унитар корхонаси тугатилиши мумкин


Тошкентни босиб олишда ўлган Чор армияси аскарлари хотирасига қурилган бутхона таъмиргача ва таъмирдан кейин.
Тошкентни босиб олишда ўлган Чор армияси аскарлари хотирасига қурилган бутхона таъмиргача ва таъмирдан кейин.

Озодлик тасарруфига Ўзбекистон президентининг ҳали имзоламаган фармон лойиҳаси келиб тушди. Ўзбекистон президенти администрациясида ишлайдиган мулозим Озодликка тақдим қилган ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон президентининг “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидир.

Ҳали имзоланмагани айтилаётган фармонда “Маданий мерос таъмирлаш-тиклаш” ҳамда Маданий мерос департаменти ҳузуридаги “Мерос чашмаси” давлат унитар корхоналари тугатилиши ва обидалар Маданий мерос департаменти тасарруфидан чиқарилиши ҳақида гап боради.

Ўзбек тилида ëзилган олти варақ ва бешта иловадан иборат ҳужжат Ўзбекистон Маданият вазирлиги¸ Бадиий академия¸ Театр арбоблари ҳамда бастакорлар уюшмаси раҳбарлари иштирокида тайëрланганлигини шу тўрт идоранинг Озодлик суҳбатлашган ходимлари тасдиқлади.

Ҳужжат жорий йилнинг 3 августида имзоланиши ва бу сана “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни” деб эълон қилиниши кутилмоқда.

Ҳужжат имзоланиб кучга кириши ортидан Ўзбекистондаги маданий мерос обидалари таъмири билан шуғулланадиган икки йирик давлат ташкилоти тугатилади. Бу икки ташкилот шу пайтгача маданиий обидалар таъмири билан шуғулланиб келган эди.

Гап Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Маданий мерос таъмирлаш-тиклаш” ҳамда Маданий мерос департаменти ҳузуридаги “Мерос чашмаси” давлат унитар корхоналари ҳақида кетмоқда.

Президент фармони лойиҳаси
Президент фармони лойиҳаси

Бу икки ташкилот олиб борган таъмирлаш ишлари кейинги пайтда жиддий танқид остига олинган эди. “Мерос чашмаси” давлат унитар корхонаси тарафидан амалга оширилган Тошкентдаги бутхона таъмири Россия дизайнерлар иттифоқи мутахассислари тарафидан вандализм деб баҳоланган эди.

Озодлик “Маданий мерос таъмирлаш-тиклаш” ҳамда Маданий мерос департаменти ҳузуридаги “Мерос чашмаси” корхонаси вакиллари билан гаплашди. Корхона вакилларига кўра¸ тизимдаги ўзгаришлар уларнинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини бекор қилмайди.

Санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича¸ бу икки ташкилот тугатилиб ўрнида Маданият вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил қилинади:

“Бу икки ташкилот кейинги ўн йилллар ичида юзлаб обидаларни таъмир қиламан деб оригинал тароватига зарар етказди. Фақат ялтиллатиш¸ замонавий ремонт қилиш билан шуғулланишди. Обидаларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари учун бюджетдан ажратилган миллионлаган маблағ бу икки идора тарафидан ўзлаштиргани бўйича прокуратура суриштирув ўтказмоқда. Битта мисол: Қўқондаги Худоёрхон музейи учун бюджетдан 1,5 млрд маблағ ажратилди. Қоғозда бу ишни реставраторлар амалга оширди деб ëзилди, аслида эса арзон мардикор усталар замонавий қурилиш материаллари билан обидани ремонт қилишди. Бу икки ташкилот тугатилишини олқишлайман. Аммо ўрнига тузиладиган илмий-тадқиқот институти ҳам айни қийшиқ йўлдан боради деган хавотирим бор. Чунки ўша икки идора рахбарлари ва кадрлар таркиби янги институтга ўтар экан”.

Обидани ҳимоя қиладиган департаментдан обида олиб қўйилади

Агар Президент фармони имзолангудай бўлса, унга биноан қадимий обидалар маданий мерос департаментидан олиниб Маданият вазирлигининг вилоят бошқармалари тасарруфига ўтказилади.

Қадимий обидаларни сақлаш бўйича мутахассис¸ касби археолог бўлган Максет Тангрибергановнинг фикрига кўра¸ бу ҳолат департаментнинг амалда тугашига олиб келади:

“Совет пайтида қадимий обидаларни улуғ бастакор Ашрафийнинг ўғли Феруз Мухторович бошқарган ГлавНПУ (Главное управление по охране памятников - таҳр.) ҳимоя қилиб келган. Бу ташкилот Маданият вазирлигига бўйсунадиган алоҳида вертикал тизим эди. Вилоят маданият бошқармаси доира, карнай чалдириб оммавий тадбир ўтаказадиган идора. Савияси ўзига яраша. Ëдгорликларни сақлаш идорасининг вазифаси анча чуқур ва жиддий. Шу кунда Маданий мерос департаменти ўз тасарруфидаги обидаларни асраб авайлаб келди. Самарқанд¸ Хива ва Бухородаги қадимий биноларнинг бугунгача етиб келгани департамент ходимлари шарофати туфайлидир. Кейинги бир йил ичида департаментни кучсизлантириш учун зарба берилди. Ўтган йили департаментга тегишли 189 обида диндорларнинг “Вақф” фондига ўтказиб берилди. Бу принципда нотўғри қарор бўлган. Энди эса қолган обидаларни вилоят маданият бошқармаси тасарруфига ўтказилиши ҳақида гап чиқди. Бу икки ҳолатда ҳам обида малакасиз ходим қўлига ўтади ва бунинг оқибати ëмон бўлади. Президент қарори лойиҳаси билан танишдим. Иложи бўлса қадимий обидалар Маданий мерос департаменти тасарруфида қолиши керак”.

Максет Тангириберганов бугунги мураккаб шароитда қадимий обидаларни вилоят маданият бошқармасига топшириш ўринли эмаслигини яна таъкидлади:

“Кечув пайтида от алмаштирилмайди. Табиий офатлар боис обидалар зарар кўрди ва кўрмоқда. Хивадаги обидаларнинг ëғоч қисмини қирчумоли еб ëтибди¸ Навоий вилояти Ғозғон шахридаги Шохимардон Али мақбараси шамолда шикастланди. Сел оқибатида Самарқанддаги “Кулолон” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Чашма” суви коллекторига сиғмасдан шаҳарнинг Регистон ва Дахбед кўчалари кесишмасида тўпланиб обидаларга зарар берди. Бу муаммоларни ечиши керак бўлган департамент ходимлари икки ойдан бери маош олмай ўтирибди. Боз устига улар ишлайдиган идорани амалда йўқ қилиш ҳақида гап сўз чиққан. Бу вазиятдан обидаларни асраш иши зарар кўради”.

Суҳбатдошга кўра¸ кейинги пайтда Ўзбекистонда 259 та объект жиддий тарзда шикастланган. Ўтган йилларда биргина Самарқанд вилоятининг ўзида ана шундай объектларнинг 19 таси бузиб юборилган.

Андижондаги Мингтепа археологик ёдгорлиги эса хусусий тадбиркорга ер участкаси қилиб бериб юборилган.

XS
SM
MD
LG