Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:46

Майк Помпеонинг Абдулазиз Комилов билан музокаралари самарали кечгани қайд этилди


АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан. Тошкент, 2020, 3 февраль.
АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан. Тошкент, 2020, 3 февраль.

3 февраль куни “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашуви бўлди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, мулоқот давомида 2018 йил май ойида Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – АҚШ саммити доирасида эришилган келишувларнинг ижроси муҳокама қилинган, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ўтказди. Унда музокаралар самарали кечгани қайд этилди.

"Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳамкорликка доир турли йўналишларни қамраб олган ҳолда, юқори суръат касб этган. Ўзаро алоқалар тизимли ва мунтазам хусусиятга эга. Бу кўп жиҳатдан Ўзбекистон билан АҚШ Президентларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва шахсий иродаси, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг АҚШ томонидан эътироф этилиши туфайлидир" дейилган расмий хабарда.

  • Президент Мирзиёевнинг 2018 йилда Оқ Уйга буюрган ташрифи Қўшма Штатлар билан Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик борасида янги давр бошланганини ва Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи сифатида роли ошиб бораётганини кўрсатди. Қўшма Штатлар 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган эди ва 2018 йилдан бери ҳамкорлик барча соҳаларда анча-мунча ривожланди.
  • Қўшма Штатлар билан Ўзбекистон Маразий Осиё давлатлари, жумладан, Афғонистон билан алоқаларни қўллаб-қувватлаш учун яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Президент Мирзиёевнинг “Аввало қўшни билан алоқаларни яхшилаш сиёсати” минтақадаги ҳамкорлик ва савдо-сотиқни ривожлантиришга улкан ҳисса бўлиб қўшилди.
  • 2019 йил ноябрида Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашувига мезбонлик қилди ҳамда минтақада кенг қамровли, жумладан, энергетика ва савдо-сотиқ соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилишга розилик берди.
  • Ўзбекистон Қўшма Штатлар етакчилигидаги C5+1 ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келмоқда. Давлат котиби Помпео Тошкентда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ташқи ишлари вазирлари билан ушбу форматдаги учрашувда иштирок этади.
  • Қўшма Штатлар билан Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадаги хавфсизликни таъминлаш ҳамда чет эллик террорчи жангарилар, наркотикфурушлар ва бошқа жиноий унсурларнинг чегарани кесиб ўтиши олдини олиш, шу билан бирга одамлар ва товарларнинг қонуний оқимини қўллаб-қувватлаш учун яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
  • Ўзбекистон АҚШнинг Афғонистонда минтақавий тинчлик ва муросани қўллаб-қуваатлаш борасида давом этаётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётган яқин ҳамкоридир. Президент Мирзиёев Афғонистоннинг минтақага қайта сиёсий ва иқтисодий интеграциясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини намойиш қилди.
  • 2019 йил декабрида Қўшма Штатлар, Ўзбекистон ва Афғонистон ушбу мамлакатнинг қўшнилари билан мулоқотини ривожлантириш учун 2011 йили бошланган минтақавий гуруҳ ҳисобланмиш “Осиё юраги – Истамбул жараёни”да Афғонистонни Марказий Осиёдаги қўшнилари билан қайта интеграциялаш борасидаги уч томонлама саъй-ҳаракат қилиш мажбуриятини олган эди.

АҚШ-Ўзбекистон иқтисодий алоқалари тадрижи

АҚШнинг Ўзбекистон билан савдо-сотиқ ҳажми ўтган йили 2/3 қисмга, яъни 2018 йилдаги 315 миллион АҚШ долларидан 2019 йилга келиб 514 миллион долларга қадар ортди. 2019 йил ноябри охирига қадар АҚШнинг Ўзбекистонга экспорти ҳажми 482 миллион долларга чиқиб кетди, айни ҳолат Ўзбекистонни АҚШ товарларининг Марказий Осиёдаги етакчи экспорт манзилига айлантирди.

АҚШнинг 13 та компанияси вакиллари Қўшма Штатлар Савдо вазирлигининг 2019 йил июнида расман тасдиқланган савдо делегацияси таркибида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўша сафар давомида АҚШ компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий соҳалари, потенциал маҳаллий бизнес шериклар ва харидорлар ҳамда саноат ва ҳукумат амалдорлари билан таништирилди.

АҚШ компаниялари Ўзбекистонга кўп миқдорда инвестициялар киритмоқда, бугун кунда уларнинг миқдри 1 миллиард доллардан ошди. Президент Мирзиёевнинг 2018 йилда Оқ Уйга ташрифи чоғида Ўзбекистон АҚШнинг етакчи компаниялари билан 20 дан ортиқ тижорат битими имзолаган эди. Агар улар тўлиқ амалга ошадиган бўлса, умумий қиймати 4,8 миллиард доллари бўлади. Ушбу режалаштирилган инвестициялар тижорат нуқтаи назаридан ҳаётий лойиҳалар бўлиб, ҳам Қўшма Штатлар, ҳам Ўзбекистонда минглаб иш ўринлари яратади.

Хусусийлаштириш бўйича давом этаётган олға силжиш, тартибга солиш соҳаси ислоҳоти, қонун устуворлиги ва Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиб кириш Ўзбекистонни АҚШ инвесторлари учун янада жозибали қилади, иккала мамлакатда ҳам янги иш ўринлари ва бошқа иқтисодий имкониятлар яратади. Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ЖСТга аъзо бўлиб кириши учун техник консультациялар берди.

АҚШнинг Ўзбекистон билан таълим соҳасидаги ҳамкорлиги

Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг асосий ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш учун капитал бозорини ривожлантириш, бюджетни шакллантириш жараёнлари ва солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш ҳамда мустақил суд тизимини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят кодексини ислоҳ қилиш, ҳуқуқий таълим ва адвокатлар қобилиятини кучайтириш борасида анча-мунча ёрдам кўрсатмоқда.

Қўшма Штатлар бутун мамлакатда таълим сифатини яхшилаш, инглиз тилини ўқитиш ва университетларнинг инновацион ҳамкорлигига кўмаклашиш мақсадида 30 миллион доллар ажратди. Ушбу қўшимча молиялаштиришнинг деярли 10 миллион доллари Ўзбекистоннинг “Инглиз тилида сўзлашувчи миллат” ташаббусини қўллаб-қуввватлаш учун инглиз тилини ўргатишга мўлжалланган.

Сўнгги икки йил мобайнида 300 дан ошиқ ўзбек талабаси, ўқитувчиси ва мутахассиси АҚШ ҳукумати ҳомийлик қилган алмашув дастурларида иштирок этди.

Битирувчилар ташаббуслари орқали 4600 дан ошиқ алмашув дастурлари бўйича Америка ўқув юртларини битирган киши бизнесни ривожлантириш ва иқтисодий имконият, фуқаролик иштироки ҳамда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш сингари умумий мақсадларни қўллаб-қувватламоқда.

2018 йилда Қўшма Штатлар “Марказий Осиё университетлари ҳамкорлиги” дастурини (UniCEN) таъсис қилди. У 70 дан ошиқ Марказий Осиё мамлакатлари университетлари тармоғи бўлиб, тренинглар, тармоқлар яратиш ва грантлар соҳасида ҳамкорлик қилиш борасида АҚШ ва Ўзбекистон университетларининг барқарор ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайди.

XS
SM
MD
LG