Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:51

"Абу Сахий" бозорида бир неча идора текшириш ўтказмоқда


Тошкентдаги "Абу Сахий" бозорининг номи ҳозирда ўзгарган.
Тошкентдаги "Абу Сахий" бозорининг номи ҳозирда ўзгарган.

Тошкентдаги "Абу Сахий" номи билан танилган, ҳозирда “Тошкент савдо маркази” деб аталувчи улгуржи бозорда 5 январдан бери бир ҳуқуқ-тартибот органлари текширув олиб бормоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидан бирининг исми айтилишини истамаган мулозимидан олинган бу маълумотни “Тошкент савдо маркази” раҳбарларидан бири тасдиқлади.

Озодликка маълумот берган мулозимга кўра, текширувни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти мувофиқлаштирмоқда.

Маълумотларга қараганда, “Тошкент савдо маркази”да 5 январда бошланган текширувлар арафасида - 2019 йилнинг декабрида Тошкент шаҳар прокуратураси бу ва бошқа бир неча субъектда содир бўлган жиноятларни тафтиш қилиш бўйича иш бошлаган.

Ҳуқуқ-тартибот органларидан бирида ишлайдиган мулозимнинг Озодликка 13 январда айтишича, Давлат солиқ қўмитаси¸ Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати хизмати ходимлари текширувда қатнашиб, бозордаги қатор камчиликларни аниқлаган.

"Абу саҳий" кўриниши
"Абу саҳий" кўриниши

Тилга олинган идоралардан бу мавзуда расмий маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Тошкент шаҳар прокуратурасининг ўзини таништирмаган ходими “Тошкент савдо маркази”да тергов гуруҳи ишлаëтганини тасдиқлади.

Озодлик мухбири "Абу Сахий-карго" тизими орқали мол келтирган тадбиркорлар билан гаплашди. Бу тадбиркорлардан бири - 2014 йилгача "Абу Сахий - карго" орқали четдан устки кийим ва оëқ кийим келтириб сотган Динора Латиповадир.

Яна бири эса, исми айтилмаслиги шарти билан Озодликка суҳбат берган 32 яшар аëл шу кунда “Тошкент савдо маркази”да (собиқ "Абу Сахий" бозори) кийим сотади.

Иккала тадбиркорнинг айтишича, улар бундан 2014 йилгача олдинги савдо айланмаси юзасидан бозор мансабдор шахсларига қарши очилган жиноят иши доирасида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.

Озодликда нусхаси бўлган ҳужжатдан бозор маъмуриятининг бир гуруҳ амалдорларига қарши Жиноят кодексининг 205- моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) асосида жиноят иши очилгани англашилади.

Гувоҳ сифатида сўроқ қилинганини айтган Динора Латипованинг Озодликка билдиришича, терговчилар унинг 2014 йилгача "Абу Сахий" карго орқали Дубай ва Туркиядан молларни қандай келтирганига қизиққан:

- "Абу Сахий" карго очилганидан кейин четдан мол келтириш жуда осон бўлган эди¸дейди "Абу Сахий-карго" орақли мол келтирган аëл.

“Тошкент савдо маркази”да (собиқ "Абу Сахий" бозори) қишки кийим сотадиган 32 яшар аëл Озодликка бозорнинг олдинги маъмуриятига қарши кўрсатма берганини айтди:

"Мен килосига 5 доллар тўлаб, Дубайдан мол олиб келганман. Терговчининг айтишича, бу контрабанда экан. Соддалигимдан фойдаланиб, мени контрабандага шерик қилганлари учун уларнинг устидан ёзиб бердим".

Ўзи ва бизнесининг хавфсизлигини ўйлаб, исми айnилмаслигини сўраган бу дўкончи аëл "Абу Сахий" бозоридаги ëнғинга қарши ҳолат қониқарсиз деб топилгани ва бозорнинг санитария ҳолати дўкончилар саломатлигига зарар етказгани ҳақида баëннома тузилганини айтиб берди.

Озодлик “Тошкент савдо маркази”нинг икки раҳбар ходими билан гаплашди. Уларнинг айтишича¸ бозордаги текширувлар тижоратга ҳалақит бераëтгани йўқ.

2017 йилгача бозор президент оиласига мансуб бўлган

Озодлик радиоси қирғиз хизмати Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури ҳамда Бишкекдаги Kloop ахборот сайти билан ҳамкорликда 21 ноябрда эълон қилган журналистик суриштирувда Тошкентдаги “Абу-Сахий” бозори ва шу номдаги карго ширкатининг Ўзбекистон биринчи президентининг куëви Тимур Тиллаевга тегишли бўлгани айтилади.

“Божхонадаги миллионлар: қароқчилик ва ҳимоя” деб номланган журналистик суриштирув муаллифлари мавзуни ўрганиш жараёнида Тошкентдаги “Абу Сахий” бозорига яқинларгача эгалик қилган Тимур Тиллаевнинг адвокати Марк Раймонд билан боғланиб ундан мана бундай жавоб олган.

“2006 йили жаноб Тиллаев Тошкент шаҳар ҳокимиятидан бўш ер участкасини сотиб олган ва ўша ерда “Абу Сахий” бозорини қурган”.

Тиллаевнинг адвокатига кўра, бозорга жаноб Тиллаевнинг ўзи асос солган ва уни ривожлантирган.

Адвокатга кўра¸ бозор 2017 йилнинг декабрида Тиллаевлар тарафидан сотиб юборилган.

2017 йилда эгаси ва номи ўзгарган "Абу Сахий" бозорига Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримованинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев эгалик қилгани ҳақида Рейтер агентлиги ҳам 2018 йили ëзган эди.

2018 йилнинг 7 январида ЎзА ахборот агентлиги "Тошкент вилоятининг Зангиота туманига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Абу Сахий” бозорида амалга оширилган сўнгги ўзгаришларнинг натижалари ҳақида сўз юритган"и ҳақда хабар қилган.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати маълумотига таяниб, собиқ «Абу Сахий» МЧЖда давлат бюджетига бир ойда 5 миллиард сўм тушганини хабар қилган.

"Пойтахтнинг энг йирик бозорларидан бири бўлган «Абу Сахий» МЧЖ «Тошкент ипак йўли» мажмусига айлантирилгандан сўнг атиги 15 кунда тушум 35 миллиард сўмга етган" деб хабар қилган ЎзА.

Миллий ахборот агентлиги хабарида собиқ "Абу Сахий" «Тошкент ипак йўли» мажмусига айлантирилгани айтилган. Бироқ нусхаси Озодликда мавжуд ҳужжатларда бозорнинг ҳозирги номи "Tashkent trade center”дир.

Ҳужжатларда бозорнинг номи “Tashkent trade center” масъулияти чекланган жамият хорижий корхонаси" дейилган. Бозор манзили "Тошкент шаҳар, Чилонзор туман, Бунëдкор кўчаси, 156 уй" дея қайддан ўтказилган.

Бу ҳужжатларда бозор Бош директори Акмал Ҳусаинов экани ëзилган.

Бозорнинг бугунги асл эгаси кимлиги ҳақида ҳозирча Озодликда аниқ маълумот йўқ.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG